Қўштепа канали: муаммога ечим борми? Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан суҳбат
Мазкур канал тўла қувват билан ишга тушса, Ўзбекистонда шундоқ ҳам оғир бўлиб турган сув муаммосини баттар мураккаблаштириб юбориши кутилмоқда.
Ён қўшнимиз Афғонистон трансчегаравий дарё бўлмиш Амударё сувининг деярли ярмини олиб қўйишга қодир Қўштепа каналини қазишни бошлади. Лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди ҳам. Мазкур канал тўла қувват билан ишга тушса, Ўзбекистонда шундай ҳам оғир бўлиб турган сув муаммосини баттар мураккаблаштириб юбориши кутилмоқда. Хўш, бундай шароитда Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак? Қандай воситаларни ишга солиб, муаммони ҳал қилиш мумкин?
Биз “Халқона” дастури лойиҳасида ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан суҳбатлашдик.
- Афғонистоннинг Қўштепа каналини қураётгани қанчалик хавотирли ва Ўзбекистон учун қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин?
- Афғонистонда тинчлик ўрнатилганидан кейин, 2021 йилда иккинчи толибон ҳукумати ҳокимият тепасига келган эди. У маълум бир ресурсларга эҳтиёж сезади. Масалан, сув ресурсларидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Биринчи толибон ҳукуматини оладиган бўлсак, у ўз ресурсларини шакллантира олмади. Аслида ҳам давлат деб, ресурсларни қидирадиган, топадиган ва тақсимлаш учун легитим куч ишлатадиган сиёсий ташкилотга айтилади. Давлатнинг ресурси бўлмаса у одамларни бошқара олмайди. Шу нуқтаи-назардан, Толибон ҳам, таъкидлаганимиздек, маълум бир ресурсларни топиш ва бошқаришга ҳаракат қиляпти. Лекин Афғонистонда охирги 50 йил давомида бундай катта лойиҳалар бажарилмаган эди. Чунки халқ уруш билан машғул бўлган. Катта-катта гидроиншоотларни ҳам ёки собиқ СССР, ёки АҚШ қуриб берган.
Бугун эса Толибон энг содда ресурсларни ўзлаштириши мумкин. Бу - сув. Тўғри, Афғонистонда олтин ҳам кўп. Балки уран ҳам бордир. Лекин олтин ишлаб чиқариш ёки уран ишлаб чиқариш учун жуда катта инвестиция керак бўлади. Бунинг учун Афғонистонда етарлича тўлиқ инфраструктура ва ҳоказолар бўлиши керак. Шу боис улар энг содда, кавлаб олинмайдиган, қайта ишлов берилмайдиган ва бугунги кунда урушларнинг асосида ётадиган, кейинчалик нефтдан ҳам қиммат бўладиган сувга эътибор қаратиб, ундан ҳам ресурс сифатида, ҳам геосиёсий дастак сифатида фойдаланяпти. Афғонистон бу канални қурмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистонда сув муаммоси мавжуд эди ва бу муаммо янада ўткирлашиб бораверади. Бу ҳам камлик қилгандек, Афғонистон мана шундай катта лойиҳани амалга оширяпти. Бу каналнинг узунлиги деярли 300 километр, эни 100 метр, чуқурлиги 8 метрдан 12 метргача бўлади. Амударёнинг деярли 50 фоиз сувини ўтказиш имконияти бор. Шу нуқтаи-назардан, уни геосиёсий лойиҳа десак бўлади. У Чирчиқ дарёсидан 3 баравар катта бўлади. Чирчиқ дарёси атрофидаги инфраструктурани тасаввур қилиб кўринг. Масалан, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, унинг атрофидаги экин майдонлари, гидроиншоотлар ва ҳоказо. Лекин Қўштепа каналининг атрофида бу нарсалар йўқ. Одатда 100 йиллар давомида шаклланади бундай инфраструктура.
Шу билан бирга, бир тарафдан Афғонистон бугун аламзада. Чунки улар ярим аср давомида урушди. Бир пайтлар ўзбеклар СССР таркибида бўлса ҳам уларга қарши уруш қилган. Бундан ташқари, мустақилликдан кейин ҳам, Толибонга қарши куч бўлган дала қўмондони, ўзбек миллатига мансуб Абдурашид Дўстумни Ўзбекистон қўллаб турган. Бир пайтлар Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси ҳам бўлган. Буларнинг ҳаммаси барибир Толибон ҳукумати ва толибонча тафаккурга таъсир қилади. Шунинг учун толибончилар ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмайди. Улар ҳарбий конфликтга ҳам тайёр. Чунки улар йиллар давомида урушди, урушдан бошқа нарсани билишмайди. Сиёсати ҳам, иқтисодиёти ҳам, тафаккур тарзи ҳам, санъати ҳам, маданияти ҳам уруш билан боғланиб кетган.
Бугун Ўзбекистон олдида ўткир сув муаммоси турибди. Шу боис Афғонистон билан мулоқот қилиш зарур. Афғонистон атрофимиздаги бошқа давлатларга ўхшамайди. Биз унинг парламенти ёки давлат раҳбари қандай, ёки ҳукумати қандай ишлаши ҳақида тасаввурга эга эмасмиз. Яъни у одатий дунёвий стандартлар қолипидаги давлат эмас. Шунинг учун бугун Ўзбекистон дипломатияси ўртага чиқиб, бу нарсаларни ҳал қилиши керак. Ва шу нарсани унутмаслик керакки, Афғонистоннинг сувдан фойдаланишга ҳаққи бор. Лекин уни геосиёсий дастак сифатида қўлламаслиги керак.
- Нега Толибон айнан ҳозир бундай лойиҳага қўл урди? Эндигина давлатчилигини шакллантираётган бу гуруҳ учун бошқа зарурроқ масалалар йўқ эдими? Ёки қандайдир бир ташқи кучларнинг таъсири бор, деб ўйлайсизми?
- Аслини олганда, Қўштепа канали бундан 20-30 йил олдин тайёрланган лойиҳа. Бу лойиҳани АҚШ мутахассислари чизиб берган. Ерларни ўзлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантириш мақсадида қилинган. Ҳозирги канални қазиш ана шу режа асосида амалга ошириляпти. Бундан ташқари, бу лойиҳанинг энг катта инвесторларидан бири – бу катта эҳтимол билан Хитой. Хитой бугунги кунда нафақат Афғонистоннинг, балки Марказий Осиёнинг барча ҳудудларига жудаям катта инвестициялар киритяпти. Бу ерда АҚШнинг стратегик мақсади, ХХРнинг эса иқтисодий манфаатлари бор. Афғонистон наркотик ўсимликларини етиштирмаслиги учун маданий ўсимликларга ўтиши керак. Бу - буғдой. Буғдойга эса сув керак. Ёки шоли. Шолига ҳам сув керак. Агар Афғонистонда тинчлик бўлишини истасак ҳам, улар сув ўзлаштиришига кўнишимиз керак. Наркотик ўсимликлар лалми ерларда ҳам ўсаверади. Лекин маданий ўсимликларни етиштириш учун сув керак. Демак афғонлар тинч яшашининг ҳам бир шарти - сувдан фойдаланиш ҳисобланади. Кўпчилик таҳлилчилар муаммонинг фақат геосиёсий томонига урғу беришмоқда. Лекин шуни унутмаслик керакки, тинчлик бўлиши учун афғонлар тинчлик экинлари экишлари ҳам керак. Уларда тоғли ҳудудларда деҳқончилик қилиш имконияти йўқ. Ёки урушади, ёки яна наша ёки бирор зарарли экин етиштиради. Лекин, бугунги Толибон ҳукуматининг олдида шундай вазифа борки, улар халқ онги-шууридаги уруш кўникмаларини кеткизиши керак. Урушмайдиган бўлсанг, деҳқончилик билан шуғулланишинг керак-да! Шунинг учун бу улкан канални қуришаётганидан мақсад – бир тарафдан геосиёсий мақсад бўлиб, атрофдаги давлатларга ноқулайлик туғдиради. Иккинчи тарафдан, бу ҳаракатларни тинчликни сақлаш учун ва ресурс қидириш учун қилинаётган ҳаракатлар сифатида қабул қилишимиз керак.
- Амударё трансчегаравий дарё ҳисобланади. Трансчегаравий дарёлардан фойдаланишнинг эса ўзига хос қонун-қоидалари бор, турли келишувлар бор. Афғонистон бу дарёдан бошқалар билан баҳамжиҳатликда фойдаланмаслик учун мазкур келишувларга қўшилмаяптими ёки Афғонистоннинг ўзи ҳали "де-юри" ҳуқуқий субъект эмаслиги учун шундай йўл тутяптими?
- Тўғри, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш тўғрисида конвенция бор. Ва бу конвенцияни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ратификация қилган. Лекин сув бошида турган давлатларнинг бирортаси ҳам ратификация қилган эмас. Яъни Тожикистон, Қирғизистон ратификация қилмаган. Сирдарёнинг юқори оқимида Қирғизистон ўтирибди. Амударёнинг юқори оқимида эса Афғонистон билан Тожикистон ўтирибди. Бу давлатлар мазкур конвенцияни ратификация қиладиган бўлса, маълум бир қоидаларга риоя этишига тўғри келади. Демак бу масалада Афғонистон ёлғиз эмас. Давлатчилигининг аниқ чегаралари бор бошқа қўшниларимиз ҳам бу конвенцияни ратификация қилмаган. Лекин конвенция бор, Марказий Осиё давлатларининг сувдан фойдаланиши бўйича комиссия бор. Энди шунга Афғонистонни ҳам аъзо қилиш, унга сувни ўзлаштириш бўйича амалий ёрдам бериш масалаларини ўйлаш керак. Мисол учун, Афғонистоннинг олдида жудаям катта муаммо бор. Амударё – сониясига 600 метр куб ҳажмдаги сув ўтказадиган улкан дарё. Бу канални қуриш - жудаям катта ҳудудларни ўзлаштириш керак, дегани. Уларга юзлаб, ҳаттоки минглаб ирригаторлар керак бўлади. Афғонистоннинг ўзида бундай мутахассислар деярли йўқ. Мавжуд мутахассислар ҳам АҚШ билан ҳамкорлик қилгани учун Толибондан хавфсираб, мамлакатдан чиқиб кетган. Уларнинг деярли барчаси олий маълумотли, билимли инсонлар эди. Кейин, энг осон нарса – дарёни кавлаш. Шунинг ўзига ҳам 100 миллион доллар кетади. Лекин атрофида инфраструктура вужудга келиши учун миллиардлаб доллар пул керак. Тафаккур тарзи керак, билим керак, мутахассислар керак. Толибонда бу нарсалар йўқ. Ерни ўзлаштирмоқчи экан, бу ҳудудларнинг экотизимини ўзбеклардан, тожиклардан, туркманлардан яхшироқ биладиган мутахассислар йўқ. Мана шундай ноқулай бир қўшнимиз бор. Ва унга ёрдам беришимиз керак. Акс ҳолда Афғонистоннинг қўлида иккита дастак бор. Биринчиси сув, иккинчиси уруш. Агар сув масаласини ҳал қила олмаса, яна урушиши керак бўлади. Чунки уруш орқали унга пул келган. Урушаётган пайтида АҚШ ёки ундан олдин СССР маълум бир маблағ киритиб турган. Ёки гуманитар ёрдам кириб турган. Бугун Афғонистон Россия-Украина уруши ёки Фаластин-Исроил уруши фонида, умуман кун тартибида тўртинчи-бешинчи ўринга тушиб қолди. Улар билан ҳеч ким қизиқаётгани йўқ. Яна улар олдида қиш турибди. Яқинда жудаям катта зилзила бўлди. Минглаб инсонлар ўлди. Толибонларни ҳам бир тарафдан ҳокимият эгалари сифатида тушуниш керак. Шунинг учун бугун дипломатия, иқтисодий ёрдам, кўмаклашиш бўлмаса, атрофидаги давлатлар бир-бирини тушунишга ҳаракат қилмаса, бу муаммо аста-секин боши берк кўчага кириб қолади.
- Демак сиз консенсус тарафдорисиз?
- Албатта, бошқа иложи ҳам йўқ. Айрим мутахассислар толибон ҳеч нарсани тушунмайди, дейишяпти. Бу нотўғри. Толибон тушунади, фақат толибоннинг олдида ҳал қилиниши керак бўлган жиддий масалалар бор, унга ресурс керак. Ресурсни ўзлаштириш керак. Лекин Толибонга ҳеч ким ишонмайди. Ким Толибон олдига бориб, руда қазиб оладиган ёки олтин қазиб оладиган завод очади? Ҳеч ким! Ҳеч қайси инвестор бормайди. Ўзбекистондан ҳам ҳеч ким бормайди. Уларнинг олдида ягона муаммо - сувдан фойдаланиш масаласи турибди. Улар “ва-банк”ка боряпти. Бирданига жуда катта лойиҳани бошлаб юборишди. Чунки ўзлаштирган жойини ўзлаштиради, бўлмаса Ўзбекистонга нисбатан геосиёсий дастак бўлади. Масалан, Ўзбекистон электр қуввати бермай қўйса, Афғонистон сув бермай қўяди. Шунингдек, Афғонистонга деярли 60-70 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва гуманитар ёрдам Айритом кўприги орқали Ўзбекистондан ўтади. Эронни оладиган бўлсак, унинг ҳам катта шаҳарлари Афғонистон атрофида жойлашмаган. Ҳозир Толибоннинг Эрон билан ҳам муносабатлари яхши эмас, Покистон билан ҳам муносабатлари яхши эмас. Шу боис, агар улар шундай боши берк кўчага кириб бораверса, атрофидаги давлатлар билан урушишга ҳаракат қилади. Бояги айтганимдек, уларнинг тафаккурида урушдан бошқа нарса йўқ. Лекин улар ҳам нормал одамлар. Бориб гаплашиладиган бўлса, нималарнидир таклиф қилиб, конструктив ечимлар топиладиган бўлса, муаммо албатта ҳал бўлади, деб ўйлайман.
- Ўзбекистонда бошқа дастаклар ҳам борми? Айрим фикрларга кўра, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон келишиб олишса, Амударёнинг тепа оқимида, Тожикистон ҳудудидан ўтадиган жойларда қандайдир дамба ёки плотиналар қуриш йўли билан уларга контржавоб қилиш мумкин эмиш. Бунга қандай қарайсиз?
- Албатта Ўзбекистоннинг дастаклари бор. Бу, биринчидан, электр энергияси етказиб бериш билан боғлиқ. Афғонистон пойтахти Қобулни электр билан фақат Ўзбекистон таъминлайди. Иккинчидан, озиқ-овқат маҳсулотларининг кириб бориши Ўзбекистонга боғлиқ – бу иккинчи дастак. Учинчи дастак эса ўзбек диаспораси. Афғонистонда тахминан 5 миллионча ўзбек яшайди. Яъни, буларнинг ҳаммаси юмшоқ куч. Буниям дейлик жуда ўткир усулларини эмас, дипломатия билан қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари, мен кўп таъкидлайман, Ўзбекистон ўз қуролли кучларини ривожлантириши ҳам керак. Афғонистон билиш керакки, ўзбеклар билан урушиб бўлмайди. Аниқ билиши керак. Ўзбекистон бу деярли 40 миллионлик катта бир қудратли давлат эканини тушуниб етиши керак.
Энди сиз айтган назария - Тожикистоннинг тоғли ҳудудида бундай катта гидроиншоот қуришни техник жиҳатдан жудаям қийин масала деб ҳисоблайман. Роғун ГЭСини қуришга 80-йиллардан бери ҳаракат қиляпти. Бутун кучини шунга ташлаган. Бутун бюджет шунга қаратилган. Энди яна бир плотина кўтариш - бу экологик нуқтаи-назардан ҳам, хавфсизлик нуқтаи-назаридан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Ўзбекистоннинг ҳам бунга имконияти йўқ. Чунки бундай иншоотларни қуриш, биринчидан, жудаям мураккаб, муҳандислик ва техник тадбирларни, тоғларни кўчиришни талаб қилади ва ҳоказо. Иккинчидан, миллиардлаб пул керак бўлади.
- Сизнинг шахсий фикрингизга кўра, ҳозир Ўзбекистон қайси усулни режалаштиряпти-ю, қайси усулни қўлламоқчи?
- Агар Ўзбекистонда ўткир сув тақчиллиги кузатиладиган бўлса, яъни бу муаммони ўз танасида ҳис қилиб бошласа, юқорида айтилган дастаклардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Биринчидан, ҳарбий жиҳатдан кучланиш керак. Чунки Толибон - бу бир жангари тузилма, доимо урушиб келган бир сиёсий бир қатлам ҳисобланади. Иккинчидан, электр энергиясиси билан таъминлаш дастаги ҳамда Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш масаласи шулар жумласидандир. Ўзбекистон чегарасига яқин жойда Афғонистон аҳолисининг жуда катта қисми яшайди. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон сув тақчиллигини жиддий ҳис қила бошласа мазкур дастаклардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Бошқа иложи ҳам йўқ. Уруш – бу энг исталмаган нарса. Чунки сув туфайли уруш бошланиб кетадиган бўлса, икки давлат учун ҳам яхши бўлмайди. Четдаги бошқа давлатлар учун яхши бўлиши мумкин, лекин Марказий Осиё учун бу исталмаган ҳолат ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон олдида, такрор айтяпман, жуда катта сув муаммоси турибди. Ва бу жудаям чигал муаммо. Буни фақат Толибоннинг геосиёсий мақсади дея олмаймиз. Уларга сув керак. Яна улар “ҳар қанча сув олишга ҳаққимиз бор”, деяпти. “Чунки 50 йил давомида ҳали улушимизни олмадик”, деяпти. Ва жудаям таҳликали қадам босяпти. Шунингдек, экологик ўзгаришлар хавфи ҳам бор. Масалан, афғонлар сув йўналишини назорат қила олишмаса, Афғонистоннинг камида 7-8 миллион аҳолиси яшайдиган ҳудудини сув босиб кетиши мумкин. Тасаввур қилинг, бу Амударёнинг 50 фоиз суви бўлади. Уни тўхтатиб бўлмайди. Кўрамиз энди буёғини.
- Балки қандайдир кучлар шу лойиҳа баҳона Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасига атайлаб нифоқ солишга ҳаракат қилаётгандир?
- Айнан ҳозирги пайтда ҳеч кимга уруш керак эмас. Иккита жойда деярли уруш ҳолати бўлиб турибди. Россия Украина билан урушяпти, буёқда Исроил-Фаластин масаласи кескинлашган. Айнан ҳозир ҳеч кимга уруш керак эмас. Лекин бу хоҳлаган пайтда ўт олдириладиган бир вазият. Чунки сув, боя суҳбатимиз бошида эслатиб ўтилганидек, бундан кейин инсониятнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб қолаверади. Лекин ўзбек халқи ва афғон халқи бу масалани урушгача етиб бормасдан ҳал қила олади, мен бунга ишонаман. Ўзбекистоннинг сиёсати бироз юмшаганидан кейин, бутун атрофдаги давлатларга ижобий таъсир кўрсатиб бошлади. Албатта бу муаммони ҳам урушсиз ҳал қилишга салоҳиятимиз етади.
Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.