Пиёда одам ўлдирмайди — блогер ЙҲХБнинг самарасиз тарғиботларига эътироз билдирди

Ҳозирги йўл хавфсизлиги сиёсати, айниқса, амалиёти пиёдани юракни ҳовучлаб юришга, чорраҳадан мина даласидан ўтгандек ўтишга, камига пиёда юргани учун айбдор қилишга қаратилган, холос.

Жамият
1 ноябрь 2023 йил
Пиёда одам ўлдирмайди — блогер ЙҲХБнинг самарасиз тарғиботларига эътироз билдирди

Мустақил журналист, Телеграмдаги Davletovuz канали маъмури Қобил Хидиров йўл ҳаракати хавфсизлигига оид самарасиз тарғиботларни қоралаб чиқди.

"Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, мана неча кундирки, кўчада пиёдаларни овлашга чиққан. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни ўнлаб видеолар жойлаштиришяпти, ҳатто Тошкент шаҳар бош "ГАИ"си аҳолига мурожаат қилиб, пиёдаларга дағ-даға қилибди. 

Бу худдики зўравон билан эмас, потенциал жабрдийда билан ишлашдек гап. Ўлдирадиган билан эмас, ўладиган билан ишлаш. Мессежлар шунақаки, иложи бўлса - пиёда кўчага чиқмаса, ота-она ҳеч қачон боланинг қўлини қўйиб юбормаса.  Бола учун, пиёда учун хавфсиз муҳит ҳақида ҳеч ким ўйламоқчи эмас. Бу Йўл ҳаракати хавфсизлиги сиёсати ва тизим ходимлари билан келаси йил ҳам, ундан кейин ҳам яна йўллардаги ўлимлар ҳақида гапирамиз. Қуруқ гап, маъносиз, самарасиз тарғибот, авариялар ўша-ўша. Ҳеч нарса ўзгармайди.

Пиёда одам ўлдирмайди. Агар тезлик назорати бўлса, инфраструктура иккита думбул-амалдорнинг тасаввуридагидек эмас, балки пиёда учун мослаштирилган, уни қийнамайдиган, хато қилишга ундамайдиган бўлса — пиёдага зарил келгани йўқ — машина йўлига чиқиб олишга. Шаҳар ва йўллар машина учун қулай бўлиши керак эмас, одамлар учун аввало. Иккита темир-терсак одамдан, одамнинг ҳаётидан устун эмас. Ҳозирги йўл хавфсизлиги сиёсати, айниқса, амалиёти пиёдани юракни ҳовучлаб юришга, чорраҳадан мина даласидан ўтгандек ўтишга, камига пиёда юргани учун айбдор қилишга қаратилган, холос. Афсус", деб ёзган блогер.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+