Ўзбекистон ИҲТ саммитида қандай таклифларни илгари сурди?
Бугун Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди.
Биринчидан, ўзаро савдони рағбатлантириш. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.
"Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак. Шу муносабат билан экспертларимиз томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақираман", деди Мирзиёев.
Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.
Иккинчидан, ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш. Аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва ҳудудларимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарур.
Келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мултимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келади.
Президент Тошкент шаҳрида ИҲТнинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Учинчидан, саноат кооперацияси ҳамда ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, индустриал хабларни шакллантириш.
"Биз ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш, уларни ҳимоя қилиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, Ташкилотимиз Котибиятига тақдим этдик. Мазкур ҳужжатда кимё, энергетика, геология, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсад қилиб қўйилган. Бу эзгу йўлда Ташкилотнинг Савдо ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларини кенгайтириш тарафдоримиз", деди Ўзбекистон раҳбари.
Тўртинчидан, энергетика хавфсизлигини кафолатли таъминлаш. Миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти ошмоқда.
2030 йилгача 25 гигаватт қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишни ва балансимизда уларнинг улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу йилнинг ўзида 2 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилади.
Ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва ишларни тизимли асосда олиб бориш учун ИҲТ доирасида алоҳида Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этиш таклиф қилинди.
Бешинчидан, иқлим ўзгаришларига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича алоқаларни жадаллаштириш. Ҳозирги вақтда аъзо давлатлар бу ўткир муаммоларнинг оғир оқибатларига дуч келмоқда. Музликларнинг эриши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, чанг бўронлари, тупроқ емирилиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби жараёнлар қаттиқ хавотир уйғотмоқда.
Тузилма доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформанинг биринчи анжумани 2024 йили Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этилади.
Олтинчидан, туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш. Трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик маршрутларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтириш таклиф этилди.
"Ташкилотимиз котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш таклифини билдирмоқчиман. Унинг илк учрашувини келгуси йили Ташкилотимизнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказишга тайёрмиз", деди Мирзиёев.
Еттинчидан, маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали дўст халқларни янада яқинлаштириш. Ҳар йили навбат билан Маданият, санъат ва кино ҳафталикларини ўтказиб бориш, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш таклифи айтилди.