platina.uz

Қурбақа тажрибаси: ўзи йўқолиб, нархи ошиб бораётган бензин

Ўзбекистондаги бензин нархи Марказий Осиёда энг баланд эканини, бу ҳам камлик қилгандек, мунтазам ошириб борилишини нима билан изоҳлаш мумкин?

Иқтисод
5 ноябрь 2023 йил
Қурбақа тажрибаси: ўзи йўқолиб, нархи ошиб бораётган бензин

Шу кунларда АИ-80 маркали бензин нархининг 1 ноябрдан бошлаб яна ошиши ҳақида гап-сўзлар кўпайиб қолган эди. Бироқ "Ўзбекнефтгаз" матбуот котиби буни рад этди. Унинг ёзишича, "Ўзбекнефтгаз" АЖ бу хабарларни асоссиз деб билади ва жамиятга тегишли АЁҚШларда нархлар эски белгиланган тартибда амалга оширилишини маълум қилади”.

Қурбақа билан ўтказиладиган ғалати бир тажриба бор. Агар қайнаган сувга қурбақани солсангиз, у сакраб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Лекин идиш тагидан паст олов ёқиб, аста-секин қиздирсангиз, қурбақа чиқиб кетишга уринмайди. Илиқ сувга эътибор қилмайди. Бироқ сув қизий бошлагач, қурбақа ўзидаги физиологик хусусиятларини ишга солиб, териси атрофидаги сувни мўъдатиллаштириб туради. Ниҳоят, сув қайнаш ҳароратига етганида, қурбақа қочиб чиқишга уринади. Лекин сувни совитиб туришга катта қувват сарфлаб қўйгани боис, чиқиб кетиш учун кучи етмай қолади.

Ўзбекистондаги нарх-навонинг мунтазам ва кескин ошиб бориши одамларда илиқ сувдаги қурбақа эффектини уйғотган – шундоқ ҳам метин сабрли халқ нарх ошишига деярли бефарқ, толерант бўлиб қолган. Энг ачинарлиси, бизда сувни илитиб ҳам ўтиришмайди, тўсатдан қайнатиб қўя қолишади. Бундан-да ёмони, тажриба қурбақаси вазифасини ўтаётган халқни ёш боладек алдашга уринишади. “Сенга конфет бераман”, деб алдаб тиш докторига олиб кирилган бола каби тутуруқсиз баҳона ва раддиялар одатга айланди. Бир тарафдан “фалон нарсанинг нархи ошар эмиш”, деган гап чиқади, буёқда масъуллар “бу миш-мишга ишонманглар, нарх ошмайди” дея халқни юпатишади. Лекин орадан бироз вақт ўтгач, “лоп” этиб нархлар кўтарилиб қолади.

Ҳар сафар маош ошганида нархлар кўтарилишига-ку, кўникишди. Ҳатто иш ҳақи ва нафақалар ошса-ю, нархлар ошмаса ҳайрон бўлишади. Нархлар ошса, руҳан хотиржам тортишади. Сиёсий-ижтимоий мазохизм, деб шунга айтишса керак. Бу худди мунтазам эридан калтак еб юрадиган аёл (ёки хотинидан калтак еб юрадиган эр – ҳар хил вазият бўлиши мумкин) 3-4 кун калтак емаса, елкаси увушиб, ўзини ёмон ҳис қилишига ўхшайди.

Ҳозирги пайтда нархни ошириш ҳамма муаммонинг универсал ечимига айланган: “Афросиёб”га чипта топилмаяптими, чипталарни спекулянтлар олиб қўймоқдами – нархларни ошир! Энергия рерурслари тақчилми ёхуд исроф бўляптими – нархини ошир! ЖМ автомобиллари дефицитми – нархини ошир! Қайсидир тизимда ислоҳот ва такомиллаштириш талаб этиляптими – нархни ошир!

Бизда бензин етарлими?

Бензин ҳам нархи муттасил ўсиб келаётган маҳсулот ҳисобланиб, бу ўзгаришлар ҳар сафар истеъмолчиларимиз чўнтагига оғриқли зарба беради. Глобал сиёсий муаммолар, иқтисодий инқирозлар, нефт нархининг ошиши ёки, айтайлик, Африкадаги қандайдир “Мумба-юмба” қабиласидаги можаро ва ҳоказоларнинг барчаси бензин нархининг ошишига хизмат қилади. Метан газ шохобчаларини газ билан таъминлашга қурби етмагани боис АИ-80 бензин нархи бироз туширилгани бундан мустасно, албатта.

Умуман олганда, ҳар қандай маҳсулотнинг нархи бозор иқтисодиётининг асосий қоидаларидан бири – талаб ва таклиф қонуни асосида шаклланади. Маҳсулот таннархи эса уни ишлаб чиқариш ва сотиш учун сарфланган харажатлар ҳамда устига қўйилган фойда уйғунлигидан келиб чиқади. Бироқ таклиф талабдан кўпроқ бўлса-да, маҳсулотни таннархидан ҳам паст нархда сотишга мажбур бўлинади.

Маҳсулот нархи ошишига эса давлат харажатларининг ортиб кетиши, компания ва жисмоний шахсларни ҳаддан зиёд кредитлаш, иқтисодиётдаги монополизм, хорижий қаттиқ валюта курсининг кўтарилиши, тегишли товарни кам ишлаб чиқариш, маҳсулот тақчиллиги каби омиллар таъсир қилади. Бизда эса шу омилларнинг ҳаммаси мавжуд.

Яна шуни айтиш керакки, бензин деярли тўлалигича четдан олиб келинадиган маҳсулот. Тўғри, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бензин ишлаб чиқарилади. Лекин бу ички эҳтиёжни қоплай олмайди. Статистик маълумотларга кўра, ўтган 2022 йилда Ўзбекистонда 1,26 млн. тонна бензин (880,4-924,4 млн. литр) ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 11,4% га кўпдир. Бироқ бу миқдор биз учун етарли эмаслиги, истеъмолчилар ва тадбиркорликнинг ривожланиши ҳамда бошқа сабабларга кўра эҳтиёжнинг ортиб бораётгани боис, жорий 2023 йилнинг 6 ойида бензин ишлаб чиқариш 15,7 фоизга (жами 650,9 минг тонна) ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 2 бараварга (539,4 минг тонна) ошган.

2023 йил январ-август ойларида эса Ўзбекистоннинг йирик корхоналари томонидан 892,1 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу ўтган 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 16,0 %га кўп.

Шунингдек, бензинни импорт қилиш ҳам кескин кўпайган. Жумладан, ўтган 2022 йилда Ўзбекистонга 99,28 млн. доллар қийматдаги 161,68 млн. литр бензин импорт қилинган бўлиб, бу 2011 йилга нисбатан 11,4 фоизга кўпдир. Яъни 1 литр бензин 0,61 долларга (ўтган йилги Марказий банк курси бўйича 6782,3 сўмга) тушган. Импортнинг асосий қисми – 80-90 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.

2023 йилда импорт ҳажми бир неча марта ошган. Дастлабки 4 ойда 335,2 млн. литр бензин импорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилнинг 12 ойлик ҳажмидан деярли 2 марта кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн. долларга тенг бўлиб, литри 0,4 центдан тўғри келган ва ўтган йилги нархлардан деярли тенг ярим арзонга тушган.

Нега импорт ҳажми ошди?

Мутахассисларнинг айтишича, импорт ҳажмининг кескин ортиши ўтган йил декабр ойидан жорий йилнинг охиригача бўлган муддатда АИ-80 маркали бензинга акциз солиғининг бекор қилингани, биржаларда нарх ошиши чеклангани, президентнинг бензин ва дизел ёнилғиси заҳирасини шакллантириш бўйича берган топшириғи билан боғлиқ.

Қолаверса, 2022 йилда метан қуйиш шохобчаларига қўйилган жиддий чекловлар боис бензинга талаб ошгани ҳам бунга таъсир кўрсатди. АИ-80 маркали бензинга 0 ставкадаги акциз солиғининг муддати кейинроқ 2023 йил 31 декабргача узайтирилгани ҳам импортни рағбатлантирган.

Нега бензин нархи ошмоқда?

Бироқ шуларга қарамасдан, Ўзбекистондаги бензин нархи Марказий Осиёда энг баланд эканини, бу ҳам камлик қилгандек, мунтазам ошириб борилишини нима билан изоҳлаш мумкин? Globalpetrolprices.com нашрининг маълумотларига кўра, 2023 йил 30 октябр ҳолатига (Марказий банкдаги курс бўйича 1 доллар 12228,05 сўм бўлган), юқори сифатли бензин нархи Туркманистонда – 0.429 АҚШ доллари (5245,83 сўм), Қозоғистонда – 0.463 долл. (5661,58 сўм), Россияда – 0.592 доллар (7239 сўм), Қирғизистонда – 0.798 долл. (9757,98 сўм), Афғонистонда (!) – 0.987 долл. (12069 сўм), Озарбайжонда – 0.588 долл. (7190,09 сўм) қийматида бўлган. Ўзбекистонда эса, мазкур сайт маълумотларига кўра, 1 литр бензин нархи - 1.175 долл. (14367,95 сўм) га тенг. Ҳатто Японияда ҳам биздан арзонроқ - 1.144 долл. ( 13988,88 сўм). Эътиборингиз учун, Япония биз каби нефтга бой давлат эмас! Шуни айтиш керакки, бутун дунё бўйича бензиннинг ўртача нархи шу куни 1 литр учун 1.33 долларга тенг бўлган ва бу Ўзбекистондаги нархлардан пастроқдир.

Бензин нархи ошишининг турли коллектор сайтлар берган нархларидан ташқари реал шароит ва вақтдаги, айтайлик, Тошкентдаги нархларига келсак, 2023 йил 3 ноябр ҳолатида UNG (Uzbekneftegaz, Uzgazoil) ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-100 маркали бензиннинг 1 литри 15800 сўмдан сотилган. Бу шохобчаларда оммабоп бўлган АИ-80 маркали бензиннинг 1 литри 6050 сўм бўлган. Айни шу маркали бензинга MUSTANG шохобчаларида энг қиммат нарх (8300 сўм) белгиланган.

Бензин нархи ошишига бир неча омиллар таъсир қилмоқда. Аввало, юқорида айтилганидек, Ўзбекистонга асосан Россиядан бензин импорт қилинади. Аммо айни пайтда Россиянинг ўзида ҳам вазият яхши эмас. Россия хомашё ва товар биржаларида нефт танқислиги боис бензин экспортига чеклов қўйиш режалари ҳам йўқ эмас. Бу чора ички бозордаги дефицитни бартараф этишидан умид қилинмоқда. Гап шундаки, Россия биржаларида бир неча ойдан бери нарх ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бундан ташқари, Россияга қўйилган халқаро молиявий санкциялар ҳам ўзаро олди-берди ва пул транзакцияларини қийинлаштирмоқда. Россияга ўтаётган ва ундан келаётган ҳар бир нарса ёки маблағ тегишли халқаро ташкилотлар назорати остида турибди.

Шу билан бирга, бензин нархини бизда бирор-бир давлат ташкилоти назорат қила олмайди: Ўзбекистонда бензиннинг чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш АИ-92, АИ-93, АИ-95 ва АИ-98 учун 2017 йил 15 ноябр, АИ-91 учун 2019 йил 15 августдан, АИ-80 учун 2020 йил 1 майдан тегишли ҳукумат қарорлари билан бекор қилинган. Нефт ишлаб чиқарувчи заводлар ҳам ўз маҳсулотини фақат биржа орқали сота олади.

Бошқача айтганда, бензин нархлари шундан буён бозордаги эркин талаб ва таклиф асосида шаклланиши лозим. Қизиқ жойи шундаки, дунё бозоридаги нефт нархининг тушиши ички бозоримиздаги бензин нархи тушишига хизмат қилмайди. Масалан, Исроил қуруқликда босқинчилик ҳарбий операцияси ўтказиши ҳақида эълон қилинганидан сўнг, 30 октябр ҳолатига Brent маркали (фючерс шартномалари асосида декабрда етказиб бериладиган) нефтнинг 1 баррели нархи 90 АҚШ долларидан пастлаб кетди (89,51 долл). Лекин ҲАМАС Исроилга ҳужум қилган кунларда нефт нархи кескин кўтарилган, жорий йил 27 октябрда унинг нархи 3 фоизга қимматлаган эди. Бироқ ҳозирга келиб, масалан, West Texas Intermediate (WTI) маркали нефт нархи эса 84,6 долл.га тушган. Чунки дунё бозорига чиқадиган нефтнинг учдан бирини етказиб берувчи Яқин шарқ минтақасидаги қуролли можаролар нефт танкерларига ҳужумлар, денгиз орқали ташувларга хавф туғдириши, энг ёмони – Эрондан нефт экспорти ҳажми пасайиш хавфини оширади. Бироқ бунинг Ўзбекистондаги нархларни пасайтирувчи омил бўлиш эҳтимоли деярли йўқ.

Бензин тақчиллигига Россиянинг ихтиёрий равишда нефт ишлаб чиқариш ва экспортини камайтириши ҳам сабаб бўлиши мумкин. 2023 йил март ойидан 2024 йил охиригача россиялик нефтчилар бу ҳажмни суткасига 500 минг баррелга туширишмоқчи.

Бир сўз билан айтганда, бензин нархи тушишидан ҳозирча умид йўқ. Гарчи Ўзбекистон халқи бунга кўникиб қолган бўлса-да, бензин нархининг қимматлиги маҳаллий иқтисодиёт учун катта хавф туғдиради. Чунки бу, аввало, бензин истеъмолини камайтирса, иккинчи тарафдан, логистика билан боғлиқ барча товар ва хизматлар нархи ортишига, бунинг оқибатида инфляциянинг кучайиши, озиқ-овқат нархларининг ўсиши натижасида халқ фаровонлигининг ҳамда тўлов қобилиятининг тушиб кетишига олиб келиши мумкин.

Ҳозирча нима қилиш мумкин?

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати бензин нархи ошиши ва унинг оқибатларидан манфаатдор эмас. Шу боис, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, мамлакатимизга бензин ва дизел ёқилғисини олиб келишга чекловлар олиб ташланди. Юқорида айтилганидек, бензин ва дизел захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди. Ёқилғи олиб келувчи тадбиркорларга айланма маблағ учун кредитлар ажратиш ваъда қилинди.

Яна бир йўналиш – бензинга қарамликни пасайтириш билан боғлиқ. Хусусан, 2023 йил май ойида ўтказилган энергия таъминотига бағишланган йиғилишда президент бензин ёки дизелда эмас, электр қуввати билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларини ва уларни қувватлаш нуқталарини кўпайтириш топшириғини берган. Масалан, шу йилнинг ўзида 5 мингта электромобиллар олиб келинган. Табиийки, улар учун ҳудудларда етарли инфратузилма яратиш ҳам ўта муҳим вазифа. Бу борада келгуси уч йилда 3,5 мингта қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, имтиёзлар берилган. Вилоят ҳокимларига жорий йилнинг ўзида 900 та қувватлаш қурилмалари ўрнатилишини таъминлаш топширилган.

Шу билан бирга, энергетика тармоғи мутасаддилари олдига энергетика соҳасида иш сифатини таъминлаш, тартиб ва интизомни кучайтириш вазифаси қўйилган.

Биз эса ҳозирча ваъда ва юпатишлардан хотиржам бўлишни ўрганишимиз керак. Масалан, 4 ноябр куни айрим АЁҚШларда АИ-80 бензини тақчиллиги кузатилди. "Ўзбекнефтгаз" матбуот котиби бу масала кечга бориб бартараф этилиши ва АЁҚШларда бензин аввалгидек тартибда сотувга чиқарилишини ваъда қилди. Нима ҳам дердик?! Ишонамиз, кутамиз ва сабр қиламиз.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+