platina.uz

Ҳақиқат ва ёлғон чегараси: уруш шароитида фактчекинг муаммолари

Айниқса Россиянинг Украинага босқинидан сўнг, кейинроқ Фаластин-Исроил можароларида фактчекинг янада долзарблашди.

Таҳлил
1 ноябрь 2023 йил
Ҳақиқат ва ёлғон чегараси: уруш шароитида фактчекинг муаммолари

Уруш ўз номи билан уруш. Уруш шароитида Никола Макиавиллига таъаллуқли деб кўриладиган “Мақсад – воситаларни оқлайди” нақлига амал қилган ҳолда ҳар қандай воситалар, жумладан ёлғон маълумот тарқатиш усули ҳам ишга солинади.

Уруш пайтида тарафлар ўзларининг асл куч-қудратларини, қурбонлар сони ҳамда талофатлар кўламини яшириш, душман аскарлари ва аҳоли орасида ўз манфаатига хизмат қилувчи маълумотларни тарқатишга ҳаракат қилади. Қолаверса, душман тарафнинг тарафдорлари ва хайрихоҳларини чалғитиш ва адаштириш, ўз тарафдорларини кўпайтириш, ўзини ҳақ деб кўрсатиш учун ҳам ахборот урушидан фаол фойдаланилади. Дезинформация услублари кенг қўлланилади. Айниқса ОАВ ҳамда интернет ривожланиб боргани сари бундай маълумотлар жуда кўпайиб, уларнинг қай бири ёлғону, қай бири ростлигини ажратиш мушкул ишга айланади. Айниқса Россиянинг Украинага босқинидан сўнг, кейинроқ Фаластин-Исроил можароларида фактчекинг янада долзарблашди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, факт - бу ҳақиқатда содир бўлган ва ишончли далиллар билан тасдиқланган воқеа. Гарчи турли одамларнинг бир ҳодисага ўз қарашлари бўлиши мумкин бўлса-да, фактлар ҳақиқат йўриқномаси бўлиб қолаверади, улар билан баҳслашиш мумкин эмас. Шунинг учун, ҳақиқат шунчаки бўлмаслиги керак. Ҳатто тасодифий фактларни бузиб кўрсатиш ҳам холислик ва аниқлик позициясини бузиш ҳисобланади. Aммо бундан ҳам ёмони, жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш мақсадида воқеликни онгли, нохолис, қасддан қуришга уринишади.

Замонавий оммавий ва ижтимоий алоқада "фактоид" тушунчаси ҳам тобора долзарб бўлиб бормоқда. Бу фактоид, яъни фактга ўхшаш маълумотлар деганидир. Яъни ишончли хабар “пўстини” кийдирилган ва ишончли маълумот сифатида тақдим этилган ишончсиз ёки ёлғон баёнот (тасдиқланмаган ёки аниқ ёлғон)лар шулар жумласидандир.

Аввало уруш шароитида ахборот кураши қандай тамойиллар асосида яратилиши англаб олинса, ахборотларни саралаш бирмунча осонлашади. Бунинг учун тарихимиздаги энг сўнгги йирик можаро - Иккинчи жаҳон урушида ахборот кураши ва ижтимоий фикрни шакллантириш учун нисбатан янги ва самарали усулларни қўллаган фашистлар Германиясининг пропаганда машинаси фаолиятига назар солиш мумкин. Фашистлар пропагандасининг етакчиси – Германиянинг 1933-1945 йиллардаги халқ таълими ва пропаганда бўйича вазири – рейхсминистр Паул Йозеф Геббелс (1897-1945) “Менга оммавий ахборот воситаларини берсангиз, ҳара қандай халқни чўчқалар тўдасига айлантира оламан” деган сўзлари билан машҳур.

Баъзан россияликларнинг ўзлари руслар тарқатган фейк видеоларни фош этиб беришади. "Ахборот урушида ҳали тажрибамиз кам", дейди муаллиф.

Қуйидаги олти асосий тамойилни Гиббелс пропагандасига таъаллуқли деб кўришади:

1) Пропаганда кўп, жуда кўп бўлиши керак. Уни кечаю кундуз, бир вақтнинг ўзида барча ҳудудий пунктларда доимий равишда одамларга ҳавола қилиш лозим. Пропаганданинг ортиқчаси бўлмайди, чунки одамлар фақат минглаб марта такрорланадиган маълумотларни ўзлаштира олади. Кўп такрорланган ёлғон куни келиб ҳақиқатга айланади.

Мисол: Демак битта хабар тез-тез қайта-қайта бериб турилиши, унинг маълум мақсадга йўналганлигидан дарак беради. Бундай ахборотга танқидий қараш лозим.

2) Ҳар қандай хабар ўта содда, халқ учун тушунарли бўлиши лозим. Бу ҳатто энг ақли паст ва қолоқ одам учун ҳам тушунарли бўлиши керак. Оддий фаррош тушуна олган нарсани мактаб ўқитувчиси янада кўпроқ англаб, ҳазм қила олади. Aммо қанча кўп одамлар ниманидир қабул қилса, қолганлари билан курашиш шунчалик осон бўлади: ҳатто энг илғор озчилик ҳам, кўпчиликка эргашишга мажбур бўлади.

ҲАМАСнинг гўё яҳудий чақалоқларни сўйгани ҳақидаги далилсиз фейк хабар суриштирмасдан деярли барча Ғарб ОАВсида эълон қилиб юборилди.

Мисол: Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда, айниқса Youtube’да блогерлар томонидан атайин хато ёзилган хабарларни кўп учратиш мумкин. Материалда кўтарилган мавзу шов-шувли ва жиддий, аммо сарлавҳалар атайлаб содда тилда, ҳатто шевада ва имловий хатолар билан ёзилади. Бу бир тарафдан, оддий одамларни ҳам ўзига тортиш учун бўлса, иккинчи тарафдан, бу хабар расмий гуруҳ ёки давлат тарафидан эмас, оддий аҳоли томонидан тарқатиляпти, деган тасаввур уйғотиш учун қилинади.

3) Aниқ, қисқа, ўткир ва бир хил хабарлар мунтазам бериб борилиши лозим. Ғояларни турли жиҳатларидан тарқатишимиз шиоримизни турли томонлардан тарғиб қила оламиз ва тарғиб қилишимиз керак, лекин натижа бир хил бўлиши керак ва шиор ҳар бир нутқ, ҳар бир мақола охирида доимо такрорланиши керак”.

Мисол: Украина борасида Россия пропаганда машинаси тарқатаётган хабарлар бунга мисол бўла олади. Деярли ҳар бир хабар ёки баёнот “Украинанинг давлат сифатида мавжуд бўлишга ҳаққи йўқлиги” ва “Ғарб Украинадан қўғирчоқ сифатида фойдаланаяпти” каби фикрлар билан тугайди.

Украиналиклар Россия телеканали номидан чиқарган фейк янгилик русларни урушга қарши митингга чақирмоқда

4) Тарғибот шубҳага, иккиланишга ёки турли хил вариантлар ва имкониятларни кўриб чиқишга йўл қўймаслиги керак. Одамларда танлов бўлмаслиги керак, чунки бу аллақачон улар учун қилинган ва улар маълумотни тушунишлари ва кейин қабул қилишлари керак, кейин эса ўзларига юкланган ғояларни ўз фикрлари каби қабул қилишлари керак.

Мисол: Совет Иттифоқи даврида шу каби хабарлар берилар эди. Фақат битта ва тўғри ҳақиқат бор ва уни фақат Партия ҳукумат айтади ва қолганлар уни такрорлайди, дея уқдирилар эди.

Ҳозирда эса авторитар давлатларда пропаганда маълумотлари ва хабарлари ҳам шундай йўсинда ёзилади: материалда муаммо ва можаронинг бошқа тарафларининг фикри ва ўзини оқлаши асло кўрсатилмайди. Фақат бир тараф яхшиланиб, бошқа тараф “балчиққа булғаб” ёмонланади.

5) Aсосан ҳис-туйғуларга таъсир қилинг ва фақат қалбга ва мияга мурожаат қилинг. Пропаганда фан эмас. Aммо у минглаб оломоннинг ҳис-туйғуларини ошкор қилишга ёрдам беради ва бу оломонни қўғирчоқ каби ўйнатиш учун керак.

Мисол: Айни пайтда Исроилнинг Фаластинни қирғин қилаётгани етмагандек, яна ҲАМАСни ёвуз қилиб кўрсатувчи турли карикатура, мем, драматик видеороликлар, турли оммавий перформанслар ишлаб чиқилиб, тарқатилмоқда. Бунинг учун Исроил ҳукумати давлат бюджетидан миллионлаб доллар сарфлаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўз навбатида ҲАМАС ҳам Исроилнинг қонхўрлигини кўрсатиш учун мавжуд ўлганлар ва ярадор бўлганларнинг сурат ва видеоларини тарқатмоқда. Бу каби ҳаракатларнинг барчаси одамларнинг ҳис-туйғусига ва қалбига таъсири қилиш, пировардида ўз ҳукуматларининг бу можаро борасидаги қарорларини ўзгартириш мақсадида амалга оширилади.

Исроилпараст журналист гўё ҲАМАСнинг ракета ҳужумидан ётиб олиб, паналаб репортаж оляпти. Кўчада эса одамлар бемалол юришибди.

6) Шок ва ёлғон - бу мукаммал пропаганда турадиган иккита устун. Одамларни у ёки бу фикрга аста-секин, шошилмасдан олиб келинса, кутилган натижа бўлмайди. Шунинг учун маълумот ҳайратланарли бўлиши керак, чунки фақат ҳайратланарли хабарлар оғиздан оғизга тез тарқалади. Адекват маълумот эътибордан четда қолади.

Мисол: Исроил армияси ҲАМАС ҳужуми даврида 40 та яҳудий чақалоқнинг калласи олингани ҳақида далил исботи йўқ ёлғон хабар тарқатди. Бу шок хабарни хўжайинлари яҳудий бўлган Ғарб ОАВлари жон деб тарқатишди, қайта қайта гапиришди. Кейинчалик Исроил ҳукуматининг ўзи бу хабар ёлғон эканини тан олди. Бироқ мақсад амалга ошди: дунёда Фаластинга ачиниш ва раҳм туйғулари бироз сусайди, Исроилнинг қонхўрликлари ва зулмини оқлаш, уларнинг хунрезликларини “оқлаш”га уриниш бошланди. Бир мақолда айтилганидек, ҳақиқат пойабзалини кияман дегунча, ёлғон дунёни айланиб чиқади.

Фейкларнинг асосий турлари

Фейк хабарларлар қуйидагича бўлади:

1. Батамом ёлғон материаллар. Шов-шув кўтариш ва жамоатчиликни чалғитиш мақсадида бошдан-оёқ тўқиб чиқариладиган ахборотлар. Аммо уларнинг умри қисқа ва тез фош бўлади. Исроил армияси ҲАМАС ҳужуми даврида 40 та яҳудий чақалоқнинг калласи олингани ҳақида далил-исботсиз ёлғон хабар тарқатгани бунга мисол бўлади.

2. Тахминларга асосланган хабарлар. Уларда манба бор, аммо ишончли ёки ваколатли эмас. Эртага зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақида бирор чўпоннинг фикрини ҳам ёзиб олиб тарқатиб юборилади. Манба текширилмаган ҳолда кўпчилик уни рост деб қабул қилиши мумкин.

3. Рост материал қўшиб, ёлғон аралаштириб тайёрланган материаллар. Уларнинг таъсири кучлироқ бўлади. Бундай материаллар асосан мантиқий хулоса қоидаларини бузиш ва псевдожурналистика тамойилларига асосланиб тайёрланади.

Ёки бўлмасам, cherry picking (инлизча “олча териш”) услуби, яъни фактларни танлаб тақдим этиш усули ҳам кенг қўлланилади. Бу ҳам нотўғри мантиқий хулоса ясашга таянувчи услубдир. Унда маълум бир фактлар ёритилади, қолганларига кўз юмилади. Россия ОАВ бундан кенг фойдаланади. Масалан, 2-3 жиноят қилган мигрантларни кўрсатиб, демак ҳамма мигрантлар жиноятчи, деган хулоса ясалади. Гўёки улардан бошқа одам жиноят қилмагандек кўрсатилади. Мигрантларнинг интизомли ва арзон ишчи кучи сифатида Россияга келтираётган фойдаси, мигрантлар орасида машҳур бизнесменлар, шифокорлар, спортчилар ва умуман яхши одамлар кўплиги айтилмайди. Бундай cherry picking атайлаб ёки вазиятдан тўла хабарсизлик ортидан амалга оширилиши мумкин.

3. Рост, аммо нотўғри талқин қилинган ёки қайсидир жиҳатига урғу берилган, ёки контекстдан узиб олинган маълумотлар. Масалан ҲАМАС асирлигидан озод қилинган яҳудий аёл ҲАМАС ҳарбийлари билан қўл сиқиб дўстона хайрлашди. Интервью берганда ҳам унга яхши муносабатда бўлишгани, ўзлари нима еса, шу овқатни баҳам кўришганини холис айтди. Бироқ у ҲАМАС туннелларидан ўтгани ҳақида гапириб, у ердаги оғир шароитни назарда тутиб, “мен дўзах дарвозаларидан ўтгандек бўлдим” деди, Бироқ сионист ва исроилпараст ОАВ дарров унинг “мен дўзах дарвозаларидан ўтгандек бўлдим” деган сўзларини ушлаб олиб, шунга урғу беришди, материалларнинг сарлавҳа ва лидларига олиб чиқишди. Ҳатто ҲАМАСчилар билан қўл сиқиб, кулиб хайрлашгани акс этган фотосурат ҳам деярли эълон қилинмайди.

Бундан материалларга кликбейт учун сарлавҳаларни ўзгартириш ёки 2 хил маъно берадиган сўз ва жумлалардан фойдаланиш ҳам киради.

4. Фактларни йўққа чиқариш учун тайёрланган фейклар

Уруш шароитида можаронинг ҳар бир томони ўз мақсади йўлида ёлғондан фойдаланишини зикр қилдик. Бундай вазиятларда дискредитация, яъни тўғри хабарларни гўёки рад этувчи далил ва гувоҳлар топилиб, тўғри фактлар қадрсизлантиради, бу хабарни тарқатган манбалар обрўсизлантирилади. Масалан, рус армиясининг Украинадаги Буча шаҳрида қилган жиноятлари ва кўчаларда ўликлар сочилиб ётган ҳақида хабарлар тарқатилди ва дунё одамларини ҳайрат ва ғазабга солди. Кейинроқ эса ҳар доимгидек Россия томони бунинг ёлғонлигини исботлашга уринди. Кўчадаги ўликлар манекен бўлган деган маълумотлар тарқатиб, ўзлари ёлғондан манекенларни кўчага тарқатаётган одамлар видеоларини суратга олиб, кўрсатишди.

Ёки Исроил томони ҳам деярли ҳар куни “Фаластинда ўлаётган аҳоли сони бўрттириб кўрсатилмоқда, ҲАМАС тарқатаётган маълумотлар сохта”, деган баёнот беради. Ҳатто Аҳли араб касалхонасига тушган ракета портлаши натижасида 500 га яқин тинч аҳоли ўлган бўлсада, “аслида ракета ҳовлига тушган, 500 киши ўлмаган ва умуман бу ракетани биз отмаганмиз” дея баёнот берди.

ҲАМАС асирлигидан озод этилган яҳудий аёлнинг фақат "Дўзах орасидан ўтдим", деган гапи кесиб олиниб, сарлавҳага чиқарилган.

5) Легаллаштириш мақсадида ОАВга чиқарилган материаллар. Масалан бирор давлат ёки унинг махсус хизматлари қандайдир маълумотни ўзлари ошкор эта олмайди. Бунга давлатлар ўртасидаги қандайдир келишув ва шартномалар сабаб бўлишиш мумкин. Ёки бундай расмий баёнот катта минбарлардан айтилса, ўзаро дипломатик алоқаларга раҳна солиши мумкин. Бундай чоғда ҳукуматга тегишли ташкилотлар ва махсус хизматлар маълумотни бошқа одамлар номидан, ҳаттоки ўйлаб топилган одамлар номидан ОАВда эълон қилишади. Кейин эса ўша манбаларга ҳавола қилиб, “биз буни айтмадик, ҳамма билиб бўлибдику, бутун дунё шу ҳақда гапиряпти” дейишади.

Масалан, Россияда Алексей Навалний тадқиқотлар ўтказиб, кўплаб амаллдорлар, ҳатто Путиннинг ҳам кирдикорларини фош қилди. Аммо Путин буни тан олмади. “Бу маълумотларни Алексей Навалний ташкилоти топмаган, шунчаки АҚШ ва Ғарб махсус хизматлари ёлғон маълумотларни Навалний орқали легализация қилишди холос” деган эди.

Нега фейк хабарлар кўпаймоқда?

Фейк хабарларнинг кўпайишига бир сабаб - аввал фото, видео ва аудиоматериалларни монтаж қилиш сабаб бўлса, энди янги технологиялар – сунъий ақлга, турли “дипфейк” яратиш технологияларига ҳам мурожаат этишмоқда. Масалан, яқинда “БиБиСи” ҲАМАС тарқатган, гўёки Фаластиндаги қурбонлар акс этган суратларнинг сунъий ақл ёрдамида генерация қилинганини исботлаб берди. Бундай вазият фактчекинг учун ахборот технологияларидан хабардор бўлиш ёки бу борадаги мутахасисларга мурожаат қилиш заруриятини яратади.

Россия томони ҳам Украинага қарши ёлғон маълумотлар тайёрлашда “дипфейк” ахборот технологияларидан кенг фойдаланмоқда. Бу ҳам монтажнинг бир тури бўлиб, мутахассис бўлмаган одамга ҳаққонийдек туюлади.

Шунингдек цензура ҳам фейк хабарларни урчитишга хизмат қилиши мумкин. Масалан АҚШ президенти Байден ҳам ҲАМАСдан кўра Исроил тарафининг маълумотларига кўпроқ ишонишини билдирди. Шунингдек, айрим сиёсатчилар “Алжазира” телеканалидан Исроилнинг хунрезликлари акс этган материалларни бермасликни сўради. Исроилнинг собиқ бош вазири Яир Лапид ҳам “Агар халқаро ОАВ холис бўлишса – ҲАМАСга хизмат қилишади. Агар можаронинг ҳар икки тарафини кўрсатишса ҳам – ҲАМАСга хизмат қилишади” дея баёнот берди ва ОАВлар холис ишласа Исроилга зарар келтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Аввалроқ эса Исроил президенти Ицхак Герцог Буюк Британия бош вазиридан британия ОАВларини Исроил фойдасига цензура қилишга чақирган эди. “Бу можарода нима холис ва нима холис эканлигини мен айтаман, - деган Герцог, - шуни очиқ айтаманки, “БиБиСи” ХАМАСни тасвирлаётган услуби – фактларни нотўғри талқин қилишдир”.

Марк Цукербергга тегишли Facebook тармоғи ҳам Фаластинда ўлаётган ёш болаларга аза тутилган постларни ҳам, Исроилнинг ваҳшийликларини қораловчи постларни ҳам тап тортмасдан ўчирмоқда. Ижтимоий фикрнинг фақат Исроил истаган тарзда, Исроилга мойиллик уйғотиш йўналишида шаклланиши учун ҳаракат қилмоқда.

Россия ва Украина можросида, “биз ҳақиқат ва мазлумлар тарафидамиз” дея кўкрагига урган таниқли шахслар ва ОАВлар ҳам бугун Исроил бомбалари остида ўлаётган бегуноҳ болаларга раҳм туйғуларини намоён этмаяпти. “Исроил ҳақ, чунки Холокостни бошидан кечирган” қабилида иш тутмоқда. Энг қизиғи, Европа шаҳарларида Қуръон ёқилишини оқлаган ва ҳимоя қилган, журналларда Муҳамада пайғабмлар масхара қилингнан карикатураларни оқлаган, буни сўз эркинлиги, дея оқлаган Ғарб медиалари Исроил Фаластин можароларида Исролнинг жиноятларига кўз юмиш дейишдан уялишмаяпти.

"Биз демократик давлатмиз, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинликларини қадрлаймиз" дея мақтанаётган Исроил Фаластинга раҳми келгани учун машҳур экология фаоли Грета Тунбергни Исроилдаги дарсликлардан олиб ташламоқчи, “Фаластинни кўп ёритиб юборгани” учун “Алжазира” ресурсларини блоклаб қўйди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Австрия ва бошқа айрим Европа мамлакатларида Холокостга – яҳудийларнинг фашистлар томонидан қийналгани ҳақидаги гапларга шунчаки сўзда шубҳа билдирсангиз ҳам, жиноий жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум этиласиз.

Фактларни қандай текшириш ва фейкларни аниқлаш мумкин?

Фейкларни аниқлаш усуллари ҳақида ОАВда кўп материаллар берилган ва бериб борилмоқда.

Энг аввало фактларни текшириб берадиган турли ташкилот сайтлари ва интернет сервисларга мурожаат қилиш мумкин.

Масалан, АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Пойнтер медиа тадқиқотлар институти, Ҳиндистоннинг Alt News фактчекинг сервиси, Россиядаги мустақил “Проверено.Медиа” фактчекинг сайти, иқлим ўзгариши борасидаги фактлар текшириладиган Climate Feedback фактчекинг ресурси, Россиянинг пропаганда ва дезинформациясига қарши туриш учун яратилган Европадаги East StratCom Task Force (Стратегик коммуникациялар бўйича тезкор ишчи гуруҳ) хизмати, турли миш-мишларни фош қилувчи Snopes.com сайти (АҚШ), турли фактларни текшириб, нега фейк эканлигини асослаб берувчи StopFake интернет лойиҳаси (Украина) шулар жумласидандир.

Шу ўринда айрим фактчекинг сайтларининг ўзи фейк хабарларни тасдиқловчи “қўй терисини ёпинган бўрилар” эканини унутмаслик лозим. Масалан, аслида Россия ҳукуматига тегишли, лекин гўёки Россияга алоқаси йўқ шахс ва ташкилотлар томонидан бошқа давлатларда ташкил этилган сервислар мавжуд бўлиб, улар Россия пропагандаси тарқатган маълумотлар тўғрилигини, Украина ва Ғарб тарқатган маълумотларнинг эса ёлғонлигини фейк фактлар билан гўё исботлаб беради.

Ўзбекистонда ҳам фактчекингга ёрдамлашувчи бир қанча лойиҳалар мавжуд. Масалан, Масс Медиа фондининг факт чекинг хизмати, Ковид пайтида пандемия билан боғлиқ фактларни текширувчи infodemictoolkit.org сервиси, Factchecking.uz фактчекинг лойиҳаси ҳам анча ном қозонган.

Ўзбек тилидаги факт чекинг сервисларидан бири - Factchecking.uz лойиҳаси асосчиси Ихтиёр Раҳмон фактчекинг борасида бир неча маслаҳатлар ишлаб чиққан.

Жумладан, сарлавҳаларга танқидий муносабатда бўлиш, ҳаволаларга эътибор бериш, манбаларни текшириш, матнда хатолар бор-йўқлигига эътибор қилиш (хато билан ёзилган хабарлар шошиб ёзилган ва ёлғон бўлиши мумкин), фото ва видео контентни текшириш (масалан аввал эълон қилинган ва бошқа мавзуга алоқадор сурат бўлса Google каби қидирувчи ва индексация сайтлари орқали аниқлаш мумкин) тавсия этилади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, фейк деганда фақат атайлаб тарқатилган сохта маълумот ва симуляцияни тушунмаслик керак. Оммавий онгга таъсир этиб, «ёлғон ҳақиқат»га айланадиган типографик ва техник хатолар ҳам сохта ахборот саналади. Шунинг учун матндаги шахсларнинг исмлари, касблари, унвонлари, саналар, номлар, манзиллар ва ҳоказоларни жиддий текшириш жуда муҳим, дейди муаллиф.

Storyful.com, FactCheck.org, PolitiFact.com ёки The Fact Checker каби махсус лойиҳалар ва хизматлар фактларни текшириш учун жуда қулай. Афсуски, улар кўпроқ инглиз тилида сўзлашувчи аудиторияга мўлжалланган. Аммо кўп функцияли воситалар ҳам мавжуд. Mediakritika.by веб-сайти «Ўқувчиларга интернетдаги контентнинг ҳақиқийлигини текширишга ёрдам берадиган 5 та янги дастур ва илова» мақоласида бу борадаги фойдали хизматларни тавсия қилган: Trooclick, Truth Goggles, Lazy Truth, Skeptive, Genius.

Фактчекинг жараёнида хабар берилган санага ҳам эътибор қилиш лозим. Фейк материалларда аксарият ҳолларда сана ва ҳатто географик жойлашуви аниқ кўрсатилмайди. Фактларни текширишда муаллиф хабарни нимадан бошлаганига ҳам эътибор бериш лозим.

Исроил армияси номидан чикарилган фейк хабар - "Биз шифохонада врачлар етишмаслиги боис уни оғир касаллар қийналмай ўлсин, деб бомбаладик", дейилади фейк хабарда.

Агар мақолада фавқулодда муҳим воқеа ҳақида сўз юритилсаю, лекин муаллиф бирламчи манбаларга ҳавола беришдан бош тортган бўлса, исм-фамилияси ошкор этилмаган мутахассисларнинг тадқиқотларидан иқтибос келтирса ёки «Бу оддий ҳақиқатни ҳамма билади» каби умумий гаплардан фойдаланса, демак, фейкни факт сифатида кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Бу материалга муаллифнинг шунчаки фантазияси маҳсули деб қараш керак.

Шу билан бир қаторда, ўхшаш янгиликни бошқа нашрлардан ҳам қидиринг. Агар бошқа йирик ОАВларда шунга яқин мазмундаги хабарлар учрамаса, фейк бўлиши эҳтимоли юқори. Сиз ишонадиган нуфузли сайтлар ёзган бўлса, унда қаноат ҳосил қилиш мумкин.

Одатда йирик нашрларнинг хабаридан кейин бошқа сайтлар ҳам биринчи манбага ҳавола берган ҳолда ахборот тарқатади. Яъни дастлабки маълумот фейк бўлса, турли оммавий ахборот воситаларининг биридан иккинчисига кўчиб юраверади. Шу сабаб фақат турдош нашрларни кузатиш билан чекланмай, мавзу юзасидан мутахассисларнинг фикри билан қизиқиш ҳам ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.

Фейкларни текширишнинг бу каби усул ва услублари жуда кўп. Аммо нотўғри маълумотларга қарши кураш ва фейкларни аниқлашнинг энг асосий ва ягона таомийли – танқидий қараш ҳисобланади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+