"Ҳе онангни..." дейишга мажбур қилишяпти

Бундай ишни қилмаслик учун ақл шарт эмас, фаросат бўлса етади.

Жамият
9 октябрь 2023 йил
"Ҳе онангни..." дейишга мажбур қилишяпти

Дабдабаю асъасага ўч халқимиз кўпинча мана шу васваса кўйида бу дунёда ўзидан бошқа одамлар ҳам борлигини унутиб қўяди. Гап ярим кечаси данғир-дунғир, гумбур-гумбур қилиб, онасини туғилган куни билан табриклайдиганлар ҳақида.

Тунда ширин уйқуда ётсангиз, кўчадан бирдан бақироқ мусиқа янграб, "Бу менинг онамдир" қўшиғи қулоқларни қоматга келтиради. Куннинг энг сокин пайтида янграган бу куй частотаси бир неча километрларга бемалол етади. Ширин уйқуда ётган чақалоғи чинқириғини эшитган ота-она ҳам ҳазил, ҳам чин аралаш "Ҳе онангни..." деб юборади.

Бу камлик қилгандай ортидан гумбура-қасир мушакбозлик бошланади ва дарров тугай қолмайди. Мана шу онгсизлик учун яна фалон пул сарфланган. Бундай васваса одатда соат 00:00да бошланади, чунки кимнингдир онаси туғилган сана кириб келади. Ёз ойларида жуда авжига чиқишини ҳисобга олсак, деярли ҳамма деразаларини очиб ухлайди. 

Албатта, оналаримиз мўътабар, уларни ҳар қанча эъзозласак, кўкларга кўтарсак, шунча кам. Аммо бир савобли иш қиламан деб, бу томонда ундан кўпроқ гуноҳга ботиш қанчалик мантиқли? Қолаверса, оналаримиз-да бундай дабдабани истамайди.

Бу ҳолат ҳам диний, ҳам дунёвий томондан қораланади.

Хусусан, мусулмон одам асло қўшниларига озор бермаслиги керак. Бир аёлики, кечаси билан намоз ўқийди, нафл рўзалар тутади ва фалон яхшиликларни қиладию, лекин қўшнисига озор етказишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганларида, у зот алайҳиссалом: "У аёлда яхшилик йўқ. У дўзах аҳлидандир", деди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимнинг қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаса, у жаннатга кирмайди", деди. Бировнинг тинчини бузиб, озор берса, тавба қилмай, кечирим сўрамай вафот этса, у инсон учун энди жаннат бегона.

Хўш, қонунларимизда нима гап? Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бунга алоҳида модда бор:

Тунги вақтда (соат 23.00 дан 06.00 гача) фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, қуйидаги миқдорда жарима солишга сабаб бўлади:

- фуқароларга БҲМнинг учдан бир қисми; 
- мансабдор шахсларга БҲМнинг учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача. 

Ҳозир ҳар бир ҳудудда тинчликни сақлаш учун ички ишлар бўлинмалари бор, навбатчилик ҳам қилишади. Бундай шовқинни эшитмасликлари мумкин эмас. Аммо ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уни тўхтатиш ва ҳуқуқбузарларни жазолаш ҳақида ўйлаб кўришмайди. Кимдир ариза берсин, деган баҳонаси бор.

Қонунларни қонун ҳимоячилари ҳурмат қилмаган ва ўз ишини бажармаган маконда фуқаролар билганидан қолмайди. Масалан, истаганча камера ўрнатиб қўйсангиз ҳам, барибир қизилда ўтаверади, пиёдани босиб кетаверади, тезликни туширмайди.

Адолат тарафдорларининг ўзлари ҳеч кими йўқ ёш қизларни истаганча хўрлаб, зўрлаши мумкин, аммо қонун уларни четлаб ўтади, чунки уларнинг ўзлари қонун ҳимоячиларидир.

Болалари заҳарли дорилардан ўлиб кетса-да, соҳага масъул раҳбарларнинг ўзлари шу ишга бош бўлиб турса, додини кимга айтсин шўрлик ота-оналар!

Бундай мисоллар жуда кўп. Қонунлар тўғри ва ўз ўрнида ишламас экан, ҳамма уни ҳурмат қилиб, бўйсунмас экан, жамият ва давлат бир-бирига ишониши анча қийин бўлади.

Бобур Жалолов

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+