Украина мудофааси: Ғарбнинг ҳарбий ёрдами савол остида қолиши мумкин

Украинадаги уруш яна анчага чўзилиши мумкин. Табиийки, қарши ҳужумни таъминлаш учун жуда кўп моддий ва молиявий ресурслар талаб этилади.  Лекин Ғарбнинг ҳарбий-сиёсий қўллаб қувватлаши аввалгидек бўлмаслиги эҳтимоли бор. Ғарб мураккаб дилемма олдида турибди...

Таҳлил
4 октябрь 2023 йил
Украина мудофааси: Ғарбнинг ҳарбий ёрдами савол остида қолиши мумкин

2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб кириши дунё геополитик об-ҳавосида кескин ўзгариш ясади. Ўтган 19 ой ичида аввалги идеаллар ва қарашлар тубдан ўзгарди. Совуқ уруш тугаши ва СССР қулаши ортидан юзага келган кўпқутбли дунё яна иккига бўлиниб қолди: Украина, яъни халқаро ҳуқуқ тамойиллари тарафдорларига, Россия, яъни мақсадга ҳарбий куч эришиш тарафдорларига ажралди. Тўғри, бетараф томонлар ҳам мавжуд, лекин улар Россиянинг ҳам, жаҳон ҳамжамиятининг ҳам ғазабига дучор бўлишни истамаган халқаро ҳуқуқ субъектлари  холос.

Ғарбни кўндириш осон кечмаган

Урушнинг илк палласида Россиянинг ўч олишидан қўрқиб, Украинага ёрдам қўлини чўзмаган Ғарб, кейинчалик рус ҳарбий ва сиёсий элитаси “туширган қовунлар”ни кўриб, уларнинг барча гердайиш ва мақтанишлари шунчаки пропаганда маҳсули эканини англаб етишди. Ўғирлик, қўшиб ёзиш ва коррупциядан чириб битган, сирти ялтироқ, ичи ялтироқ Россия қудратидан ҳайиқмасдан, Украинага барча керакли ёрдамни беришга киришиб кетишди. Сал олдинга кетиб айтиш мумкинки, собиқ “Вагнер” раҳбари, марҳум Евгений Пригожиннинг 25 минг аскар билан нақд Москвагача боришга журъат қилгани ва деярли қаршиликка учрамагани ҳам Россиянинг ҳарбий қудрати шунчаки афсона эканини ошкор қилиб қўйди.

Ғарбни Украинага ёрдам беришга кўндиришда Владимир Зеленскийнинг оқилона ва моҳир йўл тутгани ҳам катта сабаб бўлди, албатта. Русларнинг Киевни 3 кунда олишига ҳатто қудратли АҚШ разведкаси ҳам ишонган, Зеленскийга хавфсиз эвакуация ва сиёсий бошпана бериш таклиф этилган бир пайтда, Украина раҳбари нафақат президент, актёр, қизиқчи ва тадбиркор, балки ҳақиқий миллат етакчиси эканини ҳам кўрсата олди: “менга қочиш учун такси эмас, қуроллар беринг”, деди. Президентнинг қочиб кетмагани, ўзи ва оиласи ҳаётини мамлакат келажаги учун тикканини кўрган украинлар ҳам руҳланиб кетди. Душманни нақд пойтахт остонасидан ўнлаб километр узоққа улоқтириб ташлади.

Зеленский, шунингдек, оддий психологик усулни қўллади: бу дунёда ҳеч ким бировнинг манфаати учун бирор ишга бош қўшишни истамайди. Ўз манфаати мажуд бўлсагина, ҳаракатга тушади. Давлатлар ҳам тирик организмдек гап. Зеленский уларни Россияга қарши уруш – Европа мудофааси учун уруш эканига, Россиянинг ғалабаси – бутун демократик дунёнинг мағлубияти эканига ишонтира олди. “Менга 10 та каска бериб, ўзингизни Украинага катта садақа тутгандек калондимоғлик қилманг, бизга ёрдам беришингиз – ўз хафсизлигингиз учун инвестиция эканини унутманг”, деган эди Зеленский уруш бошидаги нутқларидан бирида.

Албатта, Зеленскийнинг тадбиркорлик, актёрлик ва “шоу раннер” сифатидаги қобилиятлари ҳам иш берди. Экспертларнинг эътироф этишича, Зеленскийнинг энг катта ютуғи шуки, у давлатларнинг раҳбарларидан мадад сўрамади, балки афкор омманинг ўзига мурожаат қилди, халқларнинг қалбини жунбушга келтира олди. Халқ тўлқиндир, халқ кучдир деганларидек, Украина фойдасига шакллантирилган ижтимоий фикр ўз самарасини бера бошлади. Зеро демократик давлатларда халқ ҳокимияти шунчаки қоғоздаги чиройли ва баландпарвоз гаплар эмас, бу мамлакатларда халқ ўз раҳбарларининг қарорларига таъсир қила олади.

Ғарб кўмаги самара бермоқда

Зеленскийнинг саъй-ҳаракатлари бекор кетмади. Ҳозирда деярли бутун Европа давлатлари, Шимолий Америка ва Австралия ҳам Украинага беғараз ва чекланмаган ёрдам беришга тайёр. Бу давлатларнинг дипломатик, сиёсий ва ҳарбий ёрдами фойда бермоқда. Агрессорнинг  иштаҳасини бўғиш, тишларини синдириш ва ҳолдан тойдириш учун уюшган ҳолда эълон қилинаётган санкция ва чекловлар ҳам ўз самарасини бера бошлади. Уруш бошида ҳеч қандай музокарага рози бўлмаган, санкциялар бизга таъсир қилмайди, дея керилган Россия ҳукумати энди ўзи кириб қолган боши берк кўчадан қандай чиқишни билмай ҳайрон. Зўр бериб музокаралар столига ўтиришни сўраб ялинмоқда, фақат ҳозиргача босиб олган ерларимга тегмасанглар бас, демоқда. Ҳатто дунёдаги энг манфур ва “аутсайдер” давлатлар – Эрон ва Шимолий Кореядан қурол-яроғ тиланмоқда.

Лекин бу урушда Россия ғалаба қозонса ҳам, ютқизса ҳам барибир – ҳар икки вариант Россия учун мағлубият ҳисобланади. Нормал халқаро алоқалар ва иқтисодий муносабатларсиз мамлакат аҳволи баттар хароб бўлади, босиб олган ерларини ҳам эплолмасдан, партизанлар уруши, халқаро ҳамжамият нафрати ва оғир санкциялар ботқоғига ботади.

Яқинда Россия айтган бир баёнот ҳам Ғарб ёрдамининг катта натижа бераётганини исботлайди: мудофаа вазири Сергей Шойгу, Украина билан уруш 2025 йилгача чўзилади, деди. Буни халқаро ҳамжамият Росиянинг урушда ғалаба қозонишдан умид узгани ҳамда сиёсий вазият ўзгариши ва айниқса Ғарбнинг ёрдам беришдан чарчаб, ҳафсаласи пир бўлишидан умид қилаётганининг исботи дея қабул қилишди. Гарчи бундай баёнотлар шу йил бошидан бери ўқтин-ўқтин эълон қилинаётган бўлса-да, бу галгиси кўпроқ реакцияларга сабаб бўлди. Кейинроқ эса Россия ҳукумати Шойгунинг сўзлари нотўғри талқин қилингани, у 2025 йилда уруш тугашини эмас, балки шу йилгача Россия ўз ҳарбий қудратини “тегишли мақсадларга эришиш учун” етарли даражада кучайтиришга муваффақ бўлишини ҳамда бу мақсадларга эришиш муддатини назарда тутган эди, дея тушунтирди. Аммо вазир бу мақсадлар айнан нималардан иборат эканини изоҳламаган.

Бироқ Украина ҳарбийларининг ўз ерларини қайтариб олиш йўлидаги қарши ҳужумлари 2 ойдан бери интенсив тарзда амалга ошаётган бўлса-да, охирги пайтларда бироз сусайиб қолгандек, самарадорлиги пастдек кўринмоқда. Қолаверса, ҳадемай куз ҳавоси авжига чиқиб, ёмғирлар мавсуми бошланади ҳамда йўлларнинг лой бўлиб кетиши оқибатида аскарлар ва ҳарбий техникаларнинг ҳаракати учун катта тўсиқ бўлади. Экспертларнинг тан олишича, 2 ойлик ҳарбий амалиётлар натижасида Украина қуролли кучлари Россия фронт линиясини ёриб ўтишда сезиларли муваффақиятга эришмади. Россия босиб олган бир неча кичик қишлоқларнинг қайтариб олиниши эса урушдаги ҳарбий вазиятга у қадар таъсир қила олмайди.

Ёрдамни давом эттириш оқилона эмасми?

Шундай бир шароитда Украинага ёрдам бериш кампанияси борасида ҳақли савол туғилади: бу урушга ресурслар сарфлаш қанчалик оқилона бўляпти? Ғарб ва АҚШ парламентлари таркибидаги мухолиф кучлар шундай саволни ўртага ташламоқда, уларнинг эътирозлари кучаймоқда. Чунки Россия фақат ҳарбий ҳаракатлар билан чекланиб қолгани йўқ. Халқаро майдонда Россия имижини кўтариш, Украинага ёрдам оқимини сусайтириш, ижтимоий фикрни ўзгартириш йўлида ҳам улкан маблағлар сарфланиб, катта-катта махфий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Россиянинг бутун ресурслари ва куч имкониятлари ҳозир биргина Путиннинг истакларини амалга оширишга қаратилган. Натижада бир тану бир жондек кўринадиган Европа Иттифоқи аъзолари орасида ҳам умумий мақсадларга қарши давлат раҳбарлари мавжуд. Масалан, парламент респубикаси бўлмиш Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам Россияга қарши санкцияларга қўшилмаётгани, Украинага ёрдам учун бюджетни шакллантиришга тўғаноқ бўлаётгани билан машҳур.

Умуман олганда, Европа Иттифоқи Россия босқини бошланганидан бери Украинага 20 миллиард евро ҳажмда ҳарбий ёрдам кўрсатди. Шундан 5,6 млрд. евро маблағ Европа Тинчлик фондидан ажратилган. Эндиликда Европа Иттифоқи Украина учун 20 млрд. евродан иборат махсус жамғарма ташкил этишни режалаштирмоқда. У 4 йилга мўлжалланади. Бу жамғарма маблағлари нафақат Украина учун қурол-яроғ ва ҳарбий техника сотиб олиш, балки унинг аскарларини ўқитиш-ўргатиш дастурлари учун ҳам сарфланади. Шу билан бирга Европарламент 50 миллиард евролик Украина жамғармасини ташкил этишни маъқуллади. Гап Украинада давлат бюджети ва турли дастурларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий захира ҳақида кетмоқда. Жамғарма маблағлари ҳисобидан қурол сотиб олиш кўзда тутилмаган.

Бироқ АҚШ президенти Жо Байден 1 октябр куни мухолифатчи Республикачилар партияси вакилларининг босими билан Украинага ёрдам учун маблағ ажратиш кўзда тутилмаган бюджети лойиҳасини имзолагани Европа Иттифоқини ҳам хавотирга солиб қўйди. Европа Иттифоқи АҚШсиз катта юк остида қолишдан ташвишга тушмоқда. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Борел Вашингтонни Украинага ёрдам беришни тўхтатмасликка чақирган.

Асосий донор Германияда норозилик кучаймоқда

Украинага қурол-яроғ етказиб беришда Европа Иттифоқи давлатлари орасида Германия, шубҳасиз, етакчи рол ўйнайди. Кил Жаҳон Иқтисодиёти Институтининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил феврал ойидан буён Германия Киевга деярли 7,5 млрд. евролик қурол-яроғ юборган. Кейинги ўринларда Полша, Голландия, Дания ва Швеция турибди. Уларнинг улушлари 1 млрд. евродан ортиқ. Булар фақат ҳарбий техника ва қурол-яроғ учун ажратилган маблағ. Умумий ёрдам – ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдам ҳажми эса бундан ҳам кўпроқ: Россия Украинага бостириб кирганидан бери Германия Киевга €10,6 млрд. сарфлади. Ўз навбатида Полша – 4,2 миллиард евро, Нидерландия – 4 миллиард евро, Франция – 1,4 млрд. евро ажратган.

Бироқ Германияда ҳам Россия махфий кучлари ва “учинчи колоннаси” катта таъсирга эгалиги боис, Украина учун маблағ ажратиш жараёнида доимо парламентда қизғин низо ва баҳслар юзага келмоқда. Россияпараст мухолиф кучлар Украинага ёрдамни тўхтатишга чақирмоқда.

Масалан, Германия парламенти Бундестагдаги “Германия учун муқобиллик” фракцияси Германия ҳукуматининг 2027 йилгача Украинага ҳар йили 5 млрд. евро ажратиш тўғрисидаги қарорини қўллаб қувватламаслигини билдирган эди. Ундан аввалроқ эса Германия молия вазири Кристиан Линднер Германия бюджети Украинага ёрдам масаласига тобе бўлиб қолмоқда, дея баёнот берди. Унинг айтишича, Украинада уруш бошланганидан бери 22 млрд. евродан кўп маблағ йўналтирилган.

АҚШ бюджетида Укратинага ёрдам кўзда тутилмади

АҚШда ҳам Украинага ёрдам бериш масалаларида зиддиятлар кучайиб бормоқда. АҚШнинг The Wall Street Journal нашри ҳарбий департамент вакилларига таяниб ёзишича, Украинага ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиш учун Пентагон ҳисобларида 5 миллиард доллардан сал кўпроқ маблағ қолган.

Бу пул, агар AҚШ ўтган 6 ойдагидек ҳажмда қурол-яроғ етказиб беришда давом этса, тахминан олти ойга етади холос. Бу Россия бостириб кирганидан буён AҚШ жўнатган жами 43,9 миллиард долларнинг тахминан 11 фоизини ташкил этади.

Америка конгресси мамлакат бюджетини Украинага ёрдам учун ажратиладиган маблағларни ҳисобга олмаган ҳолда тасдиқлагани Украина мудофааси учун катта муаммолар туғдиради.

Лекин вазият шундайки, Америка Қўшма Штатлари Украина Қуролли кучларини модернизация қилиш бўйича узоқ муддатли дастурни амалга оширишда фойдаланган яна бир маблағ манбаи – Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббусининг бюджети бўшаб қолган. Байден маъмурияти расмийлари ва сенаторлар ҳафта охирида Aмерика қўллаб-қувватлашидаги пауза Киев учун ҳалокатли бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Конгрессни қўшимча молиялаштириш бўйича қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишга чақирди.

"Ҳеч қандай шароитда биз Aмериканинг Украинани қўллаб-қувватлашини тўхтатишга йўл қўя олмаймиз", деган AҚШ президенти Жо Байден. “Aмерика иттифоқчилари, Aмерика халқи ва Украина халқини бизнинг ёрдамимизга ишонишингиз мумкинлигига ишонтирмоқчиман. Биз кетмаймиз”, деган АҚШ президенти.

Бироқ Украинага Aмерика қуроллари етказиб берилганидан кейин AҚШ Мудофаа вазирлиги арсеналини тўлдириш учун фойдаланиладиган ҳисобда ҳозирда 1,6 миллиард долларга яқин маблағ бор, бу мамлакат мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш учун етарли эмас, дейишмоқда расмийлар. Пентагон AҚШ Конгрессига мактуб йўллаб, Украинага ажратиладиган маблағни кўпайтиришни сўраган, чунки мудофаа вазирлиги Киевга берилган қуролларни алмаштириш учун маблағ етишмаяпти.

AҚШ Мудофаа вазирлиги Конгресс қўшимча маблағларни қачон маъқуллашини билмайди, шунинг учун у ўз захираларини тўлдириш ва пулни тежаш учун янги ускуналарни мунтазам етказиб бермаслиги мумкин. Сенаторлардан бирининг ёрдамчиси айтишича, бу ҳолат камида 17 ноябргача, яъни жорий молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси тугагунга қадар давом этиши мумкин. Конгрессга мактуб йўллаган AҚШ Мудофаа вазирининг молия бўйича ўринбосари Майкл Маккорд қонунчиларни “AҚШ Киев учун узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларини тугатгани” ҳақида огоҳлантирди. Маккорднинг сўзларига кўра, AҚШ армиясида ракеталар ва артиллерия снарядлари каби захираларини тўлдириш учун Конгресс томонидан ажратилган 25,9 миллиард доллардан атиги 1,6 миллиард доллар қолган. Унинг аниқлик киритишича, Қўшма Штатлар муҳим ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, дрон ва ҳужум қуролларини ишлаб чиқаришни кечиктиришга ёки камайтиришга мажбур бўлади.

Ёрдам тўхтаб қолмайди

Бир сўз билан айтганда, Ғарб Украинани қўллаб қувватлашда давом этаверади. Фақат бундан буён мазкур лойиҳа учун папламент розилигини олиш қийинроқ кечиши, ҳатто Россия провокацияси ва молиялаштириши остида хуфёна уюштириладиган “халқ” намойишлари ва митингларга олиб келиши мумкин. Ёхуд Россияга сотилган давлат раҳбарлари бу борадаги қарор ва лойиҳаларга вето қўйиши мумкин холос. Лекин бу ҳозирча Украинага ёрдамни умуман тўхтатиб қўйиш етарли куч ва ҳажмга эга эмас. Зеро, Украина мағлуб бўлса, Россиянинг иштиҳаси яна очилиб кетади, Путиннинг мавқеи мустаҳкамланади. Бу эса Ғарб хавфсизлиги, демакки бошқа дунё хавфсизлиги учун ҳам катта таҳдид туғдиради. Чунки Путиннинг мақсади буюк Россия империясини тузиш бўлиб, у янги ерларни босиб олиш ва ўз мақсади йўлида ҳар қандай қурбонлар ҳамда  маломатларга эътибор бермайдиган сиёсатчи эканлигини исботлаб бўлган.

 

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+