Фаластин-Исроил можароси Путин учун янги имконият бўлиши мумкин

Бу можарода барча фикрлар ўз йўлига-ю, лекин иккита қудратли кучнинг фикрлари ҳамманинг диққат назарида турибди. 

Мақола
26 октябрь 2023 йил
Фаластин-Исроил можароси Путин учун янги имконият бўлиши мумкин

Бундан 20 кунча аввал дунё геополитикасида туб ўзгаришлар ясаган воқеа рўй берди: Исроилнинг ярим ясрлик зуғуми ва зулмига чидай олмаган фаластинликлар бош кўтаришга яна бир бор журъат қилиб кўришди.

Ғазо Секторидаги ХАМАС ҳарбийлари тимсолида рўй берган бу қуролли ҳужум дунёдаги инсонларни яна иккига бўлиб қўйди. Кимдир Фаластин тарафда, кимдир Исроилнинг ёнини олмоқда.

Эҳтимол, араблар Фаластин тарафда, деган фикрлар ҳам бордир. Бироқ, арабларнинг ўзилари тўқиган ҳазиломуз мақол бор: “Араблар ҳеч қачон келишмасликка келишиб олишган”. Ҳамма араб давлатлари ҳам аввало ўз манфаатларидан келиб чиқиб, баёнотлар бермоқда ва ҳаракат қилмоқда. Масалан, БААнинг БМТдаги вакили ХАМАС ҳужумларини қаттиқ қоралашини маълум қилиш билан чекланди.

Шу ўринда “БМТ қаёққа қараяпти” дейишингиз ҳам мумкин. Ҳозирча Исроил томони БМТга ҳам “ўдағайлаб” бермоқда. БМТ бош котиби Антониу Гутерреш "ХАМАСнинг Исроилга ҳужуми бесабаб бўлмади, Фаластин халқи 56 йилдирки бўғувчи ишғол остида. Улар ўз ерларини доимий равишда олиб қўйишаётгани ва зўравонликка учраётганини кўришди; уларнинг иқтисодиёти бўғилди; уларнинг одамлари кўчирилди ва уйлари вайрон қилинди.

Уларнинг мушкул аҳволига сиёсий ечим топиш умидлари сўниб бормоқда", деган. Бош котиб ХАМАСнинг ҳужумини ҳам қоралаган. Бироқ “ушбу можародаги ҳеч қайси тараф халқаро ҳуқуқдан устун бўла олмайди” деган. бу Исроилнинг БМТдаги доимий вакилининг ғазабини қўзғатди. У Бош котибни нохолисликда айблаб, ундан истеъфога чиқишни талаб қилди. Ҳатто Исроил БМТ вакилларига виза беришни тўхтатишини билдирди. Бу ҳақда Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан баёнот берган. БМТ Бош котиби Гутерришнинг Фаластин-Исроил можароси бўйича позицияси бунга сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, аввалроқ Исроил ташқи ишлар вазири БМТ Бош котиби билан учрашишдан бош тортган эди.

Албатта, АҚШни ҳам бутунлай Исроилни қўллайди, минтақада фақат исроилликлар ҳукмрон бўлишини истайди, дейиш қийин. Авторитар давлатлардан фарқли ўлароқ, АҚШ ички ва ташқи сиёсати жуда мураккаб ва кўплаб омилларга боғлиқ. Масалан АҚШ президенти Жо Байденнинг зудлик билан Исроилга ҳарбий-техникавий ва молиявий ёрдам кўрсатишга ундаши айрим конгрессменларга ёқмади. Улар норозилик сифатида истеъфога чиқишди. Аввалроқ Байден Конгрессдан Украина учун 61,3 млрд. доллар, Исроилга 14,3 млрд. доллар ажратишни сўраган эди. Бу икки мамлакат ва бошқа айрим минтақалар учун АҚШ бюджетидан 100 млрд. доллардан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Politico нашрининг ёзишича, Байденнинг миллий хавфсизлик учун умумий ҳисобда 106 млрд. доллар сўраётгани ҳозирча мунозараларга сабаб бўлмоқда.  Сенатдаги республикачилар ўртасида бу қарорни қўллаш бўйича ҳозирча якдил фикр йўқ. Президентнинг бу талаби ҳатто рад этилиши ҳам мумкин. Бироқ АҚШдаги молиявий ҳамда медиа дастаклар исроилпарастлар қўлида экани, АҚШ ҳукуматига таъсир қилувчи қудратли яҳудий лоббистлари мавжудлиги оқибатида Америка ҳукумати ярим асрдан буён Исроилнинг қонли шўхликларига кўз юмишга, ҳатто уни ҳимоя қилишга мажбурлиги инобатга олинса, бу талаб қондирилиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, тақдир ҳазилларини қарангки, АҚШнинг бирор президенти салгина бўлсада Фаластинга ён босса - масалан, мустақил Фаластин давлатини тузиш учун бел боғласа - дарров бирор туҳмат ва можароларга дучор бўлган ёки ўлдирилган. Байден ва Обамадан олдинги АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам гарчи куёви яҳудий миллатига мансуб бўлсада, Фаластин давлатини тузишга чақирган эди. Фақат Трамп статус-квони сақлаб қолиш шартини қўйди. Яъни, Фаластинга тегишли экани БМТ резолюциялари билан мустаҳкамлаб қўйилган ерларнинг Исроил томонидан ноқонуний аннексия қилиб олингани қисмлари, шунингдек, Исроил кўчириб келган аҳоли учун қурилган уйлар жойлашган ҳудудлар Исроилда қолиши кераклигини талаб қилди. Агар шундай бўлса, мен ўзим Фаластин давлати тузилишига киришаман ва ўзим биринчилардан бўлиб уни давлат сифатида тан оламан деган эди. Бироқ 1948 йилда бу ҳудудда иккита давлат Исроил ва Фаластин давлати бўлишига кўнмаган, Исроилни давлат сифатида тан олмаган Фаластин учун бу таклиф унчалик қизиқ туюлмади.

Бу можарода барча фикрлар ўз йўлига-ю, лекин иккита қудратли кучнинг фикрлари ҳамманинг диққат назарида турибди. Биринчиси - Путин тимсолидаги Россиянинг позицияси бўлса, иккинчиси Хитойнинг нуқтаи назари. Хитой можаро бошиданоқ ўт очишни тўхтатиш, бегуноҳ қурбонлар ва ноҳақ қон тўкилишининг олдини олиш кераклигини, бу можарога Фаластин давлати тузилиши билан ечим топилишини таъкидлаб келади. Чунки Хитой энди нафақат иқтисодий жиҳатдан қудратли давлат, балки сиёсий кучга ҳам эгалигини кўрсатмоқчи. Хитой воситачи сифатида Саудия Арабистони ва Эрон муносабатларини яхшилашга ҳисса қўшгани, Россия-Украина можаросида ҳам воситачи бўлишга уринаётгани ҳам шу фикр исботи. Фаластистин-Исроил муаммосида ҳам Хитой воситачи бўлишга тайёрлигини у ёки бу тарзда билдириб келмоқда. Бу ўринда албатта Хитойнинг нафақат геополитик ва сиёсий манфаатлари, балки иқтисодий манфаатлари ҳам устувор. Масалан, Хитой томони Яқин Шарқ ва Осиёдаги айрим давлатлар ва компанияларга, жумладан, Эронга санкциялар қўлланилишига доимо қаршилик қилиб келяпти. Чунки айни пайтда минтақадаги кўплаб иқтисодий лойиҳалар Хитой сармояси ва компанияларига бориб тақалади. “Шохига урсанг, туёғи зириллайди”, деганларидек, бундай санкциялар бевосита Хитойнинг иқтисодий манфаатларига зиён етказиб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, Хитой Фаластин-Исроил можаросида ҳам ўзи учун сиёсий-иқтисодий дивидендлар борлигини англайди. Қолаверса, минтақада тинчлик бўлиши ва бу тинчлик Хитой аралашуви билан юзага келиши унинг манфаатларига тўла мос келади.

Бу можарода Путин тутган позиция ҳам алоҳида эътиборга молик. Путин ҳам аввал бошдан бу муаммони фақат Фаластин давлатини тузиш ва унинг хавфсиз ривожланишини таъминлаш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаб келяпти. Қизиғи шундаки, Россия ҳукумати Ғарбдаги ҳукуматларга ўхшаб, ХАМАС ҳужумларини қоралаб баёнот бермади. Исроилга ҳамдардлик ҳам билдирмади. Ҳатто Россия элчиси ХАМАСни террорчи деб ҳисобламасликларини ҳам айтди. Бу албатта турли талқинларга сабаб бўлмоқда. Ҳатто бу можарода Путиннинг қўли бор, деган тахминлар ҳам мавжуд. Бунга далил сифатида ХАМАС отган айрим ракеталарнинг АҚШда ишлаб чиқарилгани кўрсатиляпти. Бу ракеталар АҚШ томонидан Украинага берилган ва кейин Россияга қўлига тушиб қолиб, улар ХАМАСга топширилган бўлиши мумкин, дейилмоқда. ХАМАС ҳужумлари акс этган видеолавҳаларда рус тилида сўзлашилган ҳолатлар ҳам бор, деган иддаолар ўртага ташланмоқда.

Албатта сиёсатда ҳам “душманимнинг душмани – менинг дўстим” деган тамойилга ҳам амал қилинади баъзан. Масалан, аксарият мусулмонлар Фаластин халқи қурбон бўлаётганидан руҳий изтироб чекаётган бир шароитда Озарбайжон расман Исроил тарафида турибди. Чунки Тоғли Қорабоғ можаросида Исроил Озарбайжон тарафида бўлган. Ҳозир эса табиийки, Арманистон Исроилга эмас, гарчи мусулмон бўлсада Фалатинга хайрихоҳ бўляпти.

Россия эса азалдан, ҳатто СССР давриданоқ АҚШни ўзига рақиб, деб билгани боис, Исроилга ён босмайди. Чунки Исроил АҚШ томонида. Ҳатто 60-йиллардаги можароларда ҳам СССР баъзан очиқчасига, баъзан хуфёна Фаластин ва араб давлатлари тарафида бўлган. Улардан моддий ва ҳарбий техникавий ёрдамини аямаган. Айни пайтда ҳам бундай муносабат сиёсий инерция тарзида давом этиб келяпти.

Албатта Украинадаги қондош ва диндошлари ўлаётганига совуққон қараётган Путин қалбини Фаластиндаги қурбонлар вайрон этяпти, дейиш қийин. Барча замонларда бўлгани ва барча ҳукмдорларга хос бўлгани каби Путин ҳам аввало ўз манфаатини кўзлаши табиий. Путин ХАМАС ҳужумини уюштирмаган тақдирда ҳам, бу вазият унинг учун зўр совға бўлди, дейиш мумкин. Зеро шундоқ ҳам Украинага ёрдам беришдан чарчаётган Ғарб учун Исроилни ҳам елкасига ортмоқлаб олиш энди оғирлик қилади. Ҳукумат раҳбарлари ҳар қанча чиранса ҳам, халқда норозилик кайфияти кучая бошлайди. Бунинг олдини олиш учун ҳозир Исроил пропагандага катта куч беряпти. Турли давлатларда ХАМАС ва фаластинликларни айбдор қилиб кўрсатувчи акция ва намойишлар уюштирилмоқда. Масалан, Австралиядаги бир зиёфатда 200 та тарелка бўш қўйилди. Тел-Авивда эса сиёсий перформанс сифатида юзлаб қонга бўялган айиқчалар териб қўйилди. Европанинг яна бир давлатида эса кўпгина бўш болалар аравачалари майдонга терилди. Улар гаровга олинган ва ўлдирилган исроиллик болаларни англатар эмиш.

Қисқа қилиб айтганда, аввало бу можаро Украинага ёрдамни сусайтириши мумкин бўлса, иккинчидан, Путиннинг халқаро майдондаги обрўсини кўтаришга хизмат қилиши мумкин. Путин яна “эски ва қадрдон” даврлардаги каби енг шимариб, ўртага тушиб, урушқоқ болаларни яраштириб қўйиши мумкин. Қарабсизки, яна ким қаҳрамон – Путин қаҳрамон! Бу унинг аввалги қилмишларини ҳам унутишга ёрдам бериши, Яқин Шарқдаги позицияси мустаҳкамланишига ёрдам бериши мумкин. Бунинг устига БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида ҳар қандай ўзига номақбул БМТ релзолюциясига вето қўйиш ҳуқуқига эга. Масалан, Бразилия киритган резоюцияга Россия қўшилмади.

Россия Фаластин-Исроил муносабатларини нормаллаштириш, ўт очишни тўхтатишга қаратилган ўз резолюцияси лойиҳасини киритди. Уни Хитой, БАА, Габон ва Мозамбик қўллаб-қувватлади. Албания, Бразилия, Гана, Мальта, Швейцария ва Эквадор бетараф қолишди. АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Япония эса қарши овоз беришди. Натижада резолюция лойиҳаси рад этилди. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилднинг изоҳ беришича, Россия резолюциясида ХАМАС ҳаракатлари қораланмаган эмиш. ХАМАСнинг баёнот беришича, Россиянинг БМТ резолюциясида Ғазо секторида ўт очишни батамом тўхтатишга қатъий чақириқ бўлишини талаб қилаётгани фаластинликлар учун жуда муҳим

Бунинг устига, Фаластиндаги ХАМАСдан ўзга иккинчи куч – Ғарбий Соҳилга “хўжайинлик” қилувчи ФАТҲ ташкилотининг айтишича, Россия Фаластин можаросида воситачи бўлиши мумкин. ФАТХ матбуот котиби Мунзир Хайек шундай баёнот берган. Унинг сўзларига қараганда, Фаластин Россиянинг мазкур можарони ҳал қилиш йўлидаги ролини қадрлайди.

Хуллас, Фаластин-Исролил можаросининг янги босқичида Путин ҳал қилувчи рол ўйнашга интиляпти. Агар 2014, ҳаттоки 2022 йилдан аввалги ҳолатда Россия бу можарода “майдонни биров”га бермаслиги мумкин эди. Аммо Қрим ва Укриана воқеаларидан кейин Россиянинг халқаро майдондаги обрўси тушиб кетгани панд беряпти. Бироқ бу можаро нафақат дунёда геополитик жараёнларга кучли таъсир қилиши, балки халқаро муносабатлар майдонидаги ўйин қоидаларини ҳам ўзгартириб юборяпти. Бундай вазиятда эса “кузир” кимнинг қўлида борлигини олдиндан айтиш қийин. Ҳозирча деярли ҳамма давлат қўлидаги қарталарини ташлаб бўлди. Энди юриш навбати Путинга.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади. 

 

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+