Иброҳим Абдураҳмонов аслида ким?
Хўш, у аслида ким? Унинг қишлоқ хўжалигига алоқаси борми? Қуйида шу ҳақда батафсил тўхталамиз.
Бугундан Қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган Иброҳим Aбдураҳмонов бунгача олий таълим ва инновация йўналишига жавобгар эди. Хўш, Абдураҳмонов аслида ким? Унинг қишлоқ хўжалигига алоқаси борми? Қуйида шу ҳақда батафсил тўхталамиз.
У 1975 йил 19 феврал куни Наманган вилояти Чуст туманидаги Ғовасой қишлоғида туғилган. 1997 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) биотехнология факултетини тугатган. “Умид” жамғармаси стипендияси соҳиби бўлиб, 2001 йилда Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини (AҚШ) тамомлаб, ўсимликлар селекцияси бўйича фан магистри даражасини олган. Сўнгра илмий фаолиятини давом эттириш учун Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳозирдаги илмий унвони – академик.
Иброҳим Aбдураҳмонов 2012 йилда Ўзбекистон геномика ва биоинформатика марказига асос солган. Пахта геномикаси ва биотехнологиясига қўшган улкан ҳиссаси учун 2010 йилда TWAS va ICAC мукофотлари совриндори бўлган. 2017-2022 йилларда Инновацион ривожланиш вазири лавозимида фаолият юритган. 2022 йилда Хитой халқаро маданий алмашувлар маркази (CICEC) ҳамда Global People журналининг “Ипак йўли дўстлик элчиси” унвони билан тақдирланган. 2023 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири этиб тайинланган. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Жаҳон фанлар академияси аъзоси.
Иброҳим Aбдураҳмонов ўз меҳнат фаолиятини 1997-1998 йилларда Генетика ва экспериментал ўсимликлар биологияси институтида кичик илмий ходим, аспирант сифатида бошлаган. 2002-2012 йилларда Фанлар академияси Генетика ва ўсимликларнинг экспериментал биологияси институти Геномик технологиялар маркази лабораториясининг лойиҳа менежери бўлган. 2002-2008 йилларда америкалик олимлар билан ҳамкорликда пахта геномикаси бўйича тадқиқотлар билан шуғулланган. Бу тадқиқотлар натижасида юқори сифатли, узоқ поғонали, серҳосил ва эртапишар, илдиз тизими ривожланган ғўза навларини олишнинг ген-нокаут технологияси яратилди.
2008 йилда молекуляр генетика йўналиши бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, биология фанлари доктори илмий даражасини олган. 2011 йилда Фанлар академияси молекуляр генетика ва молекуляр биотехнология кафедраси профессори унвони берилган. Иброҳим Aбдураҳмонов 2012 йилда Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” уюшмасида янги мустақил тадқиқот маркази – Геномика ва биоинформатика марказини ташкил этиш жараёнига раҳбарлик қилган ва кейинчалик ушбу ташкилот раҳбари этиб тайинланган. 2016 йилда мазкур марказ Фанлар академиясининг энг йирик илмий муассасаси ҳисобланган.
Иброҳим Aбдураҳмонов 2014 йил 26 октябрда Маскат шаҳрида Жаҳон фанлар академияси аъзоси бўлди. 2017 йилда Фанлар академияси вице-президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
2017 йил 29 ноябрда Шавкат Мирзиёев томонидан Инновацион ривожланиш вазири лавозимига тайинланган. Aбдураҳмонов раҳбарлигида “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси” ва “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси” ишлаб чиқилди ва президент қарори билан тасдиқланди. Президентнинг 2022 йил 7 июлдаги фармони билан Иброҳим Aбдураҳмонов Пахтачилик кенгаши раиси этиб тайинланди.
2022 йил охирида Ўзбекистонда ҳукумат таркиби қайта тузилди. Президент фармони билан Иброҳим Aбдураҳмонов Олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига тайинланди.
Иброҳим Aбдураҳмоновнинг илмий фаолияти ўсимликлар геномикаси, гермплазма характеристикаси, генетик хариталаш, маркер селекцияси, трансгеномика, протеомика ва биоинформатика бўйича тадқиқотларга ихтисослашган. Aбдураҳмоновнинг бевосита раҳбарлигида дунёда биринчи марта “мувозанатсиз боғланиш” усули ёрдамида ғўзанинг элита навларини кўпайтиришда қўлланиладиган маркерлар аниқланган. Ўзбекистонда етиштириладиган ғўза навларининг молекуляр-генетик паспортлари ҳам яратилган.
Иброҳим Aбдураҳмонов Техас университети ва AҚШ Қишлоқ хўжалиги департаментидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда ғўза генларини (РНК интерференциясини) «ўчириш» ҳамда ушбу технологияни амалиётда қўллаш технологияларини ишлаб чиқди. Ушбу ген-нокаут технологияси ёрдамида юқори сифатли, узоқ поғонали, серҳосил ва эртапишар, илдиз тизими ривожланган ғўза навлари олинди.
У “Ўзбекистон пахта гермплазмаси ресурсларидан фойдаланган ҳолда тола ҳосилдорлиги ва сифат генларини молекуляр хариталаш”, “Ғўза фитохромлари ва гуллаш генларини характерлаш ва молекуляр хариталаш”, “Фузариоз вилти касаллигининг миқдорий белги ген-локусларининг молекуляр тавсифи ва ассоциацияси” каби лойиҳаларга раҳбарлик қилди ва яхшиланган ғўза гермплазмасини ишлаб чиқиши” ва “Ғўза гермплазмасининг илдиз нематодаси, фусариум вилти касаллигига потенциал чидамлилигини баҳолаш ва номзод ген маркерларини ишлаб чиқиш” каби илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилган.
Профессор Aбдураҳмонов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг биология, қишлоқ хўжалиги фанлари ва ветеринария йўналишлари бўйича илмий унвонлар беришни мувофиқлаштирувчи ва аттестациядан ўтказувчи Ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади. У, шунингдек, Халқаро пахта геноми ташаббуси (ICGI) ва Халқаро пахта тадқиқот ассоциацияси (ICRA) Ижроия қўмитаси аъзоси ҳамдир.
Иброҳим Aбдураҳмонов Тошкент аграр университети, Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент фармацевтика институти талабалари учун молекуляр генетика, генетик муҳандислик, биотехнология ва инсон генетикаси бўйича махсус курс олиб боради. Олий ўқув юртларида бакалавриат талабалари ишига раҳбарлик қилган, бир қатор номзодлик ва докторлик диссертацияларига маслаҳатлар берган.