platina.uz

Денгизимиз йўқ, аммо туристларни ёппасига жалб қилишнинг бошқа йўли бор

Хўш, бутун дунёда туризм зўрға ўнгланган, ҳатто давлат субсидияларига таянган бир шароитда Ўзбекистон қандай қилиб 3 баравар кўп натижани қайд этди?

Таҳлил
25 октябрь 2023 йил
Денгизимиз йўқ, аммо туристларни ёппасига жалб қилишнинг бошқа йўли бор

Халқимизда “юрган дарё, ўтирган бўйра”, деган мақол бор. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, дейишади ҳам баъзан. Демакки, халқимиз азалдан сайру саёҳат ва борди-келдиларни олқишлаган. Меҳмонларга кўрсатиладиган иззат-икром ва меҳмондўстлик хислатлари ҳам бежизга менталитетимиздан мустаҳкам ўрин олмаган.

Юртимиз азалдан сайёҳлару савдогарлар эътиборини ўзига жалб этиб келган. Буюк ипак йўлининг юртимиз заминидан ўтгани ҳам бунинг исботи. Ҳатто собиқ совет иттифоқ даврида СССРга уюштириладиган сайёҳлик турларининг каттагина қисми Самарқанду Бухорога тўғри келган.

Мустақилликка эришганимиздан кейин туризмга эътибор кучая бошлади. Бой тарихга ва чиройли, қулай табиат муҳитига эга Миср, Греция, Испания, Таиланд каби мамлакатларда туризм давлат бюджетига тушадиган даромадларининг аксарият қисмини ташкил этиши ҳам бу соҳани янада ривожлантиришимиз учун жонли ва қатъий туртки бўла олади.

Афсуски, туризм миллий даромадининг каттагина, ҳаттоки аксар қисмини ташкил этадиган мамлакатларда бор 2 та муҳим омил бизда мавжуд эмас. Булар – денгиз ва доимий субтропик иқлимдир. Ўзбекистонда соҳиллари, илиқ ҳамда тиниқ суви сайёҳларни жалб этадиган денгиз йўқ. Иқлимимиз ҳам юртимизнинг аксарият ҳудудларида кескин континентал – ёзда ҳаддан зиёд иссиқ, қишда эса ўта совуқ ҳарорат ҳукмрон. Хўш, бундай шароитда сайёҳларни нима билан жалб эта оламиз?

Ўтган ҳафта Самарқандда ўтган тарихий воқеа – БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-юбилей сессиясида кўпгина долзарб масалалар қаторида туристик салоҳият ва ундан фойдаланиш муаммолари ҳам муҳокама этилди. Унда туризм ривожланган давлатлардан бири – Колумбия делегацияси ҳам иштирок этди.

Колумбия делегациясининг вакили, Колумбиянинг Россиядаги элчиси Эктор Аренас Нейранинг айтишича, Ўзбекистон бутун цивилизациялар кесишмасида, Шарқ ва Ғарб орасида, Европа ва Осиё ўртасида жойлашган. Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун энг муҳими тарихга, ушбу маданиятлар тарихига эътибор қаратиш керак.

Колумбияни мисол қилишимиз сабаби шуки, бу мамлакат ҳам туристик салоҳияти жиҳатидан Ўзбекистонга ўхшаб кетади: Колумбия, хусусан, ўтган йилда туризм хизматлари орқали 2 млрд. доллар даромад қилган (Ўзбекистон - 1,4 млрд.га яқин), 3 млн.дан зиёд сайёҳ ташриф буюрган (Ўзбекистонга – 5 млн.га яқин.)

Албатта, таққослаш учун келтирилган рақамлар йиллик ёки ўртача кўрсаткичлар эмас. Чунки 2020 йилдаги COVID-19 пандемияси, қолаверса айрим геополитик низолар ва урушлар барча соҳалар қатори туризмга ҳам катта зарба берди. UNWTO экспертлари бу зарбалардан ўнгланиши ва ҳеч бўлмаса 2019 йилги даражага чиқиши учун жаҳон туризмига камида 2 йил керак бўлишини, 2023 йилга келибгина 2019 йилги даражанинг 80 фоизига чиқиши мумкинлигини прогноз қилганди.

UNWTO прогнозларига кўра, туризмнинг олдинги қаддига қайтиши дунёнинг турли минтақаларида турлича кечиши, фақат 2 ҳудудда – Европа ва Яқин Шарқда 2023 йилда пандемиядан аввалги даромад ва сайёҳлар оқими тикланиши мумкин эди.

Бу прогнозлар албатта қисман ўзини оқлади. Ўзбекистон эса ҳатто 2019 йилдагидан ҳам яхшироқ кўрсаткични қайд этди. Биргина 2021 йилдаги сайёҳлар оқими кўрсаткичи бир йилдан кейин 2,8 баравар ошди.

Хўш, бутун дунёда туризм зўрға ўнгланган, ҳатто давлат субсидияларига таянган бир шароитда Ўзбекистон қандай қилиб 3 баравар кўп натижани қайд этди? Бунда албатта тарғибот ишларининг роли катта. Хорижликлар учун виза олиш бўйича талаб ва тўсиқларнинг юмшатилиши, туризм саноати билан боғлиқ инфратузилманинг кенгайтирилиб, ривожлантирилгани муҳим рол ўйнади. Бироқ Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятларини тарғибот-ташвиқот қилиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаётгани айни муддао бўлмоқда. Айниқса, хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини “кўз-кўз” этувчи “туризм элчилари”ни тайинлаш амалиёти ҳам катта фойда бермоқда. Шундай элчилардан бири, аниқроғи, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсоннинг айтишича, у Ўзбектуризм ташкилотидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда туризмнинг барқарор ва бардавом ривожланиши учун тегишли стратегия ишлаб чиқишда қатнашган. Шунингдек, туризмни оммалаштириш борасида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Чунки Ўзбекистонда туризм салоҳияти етарлича улкан. Бироқ кўпинча хорижликлар ҳатто Ўзбекистон ҳақида ҳам эшитишмаган. Шу боис имкон қадар кўпроқ одамларни Ўзбекистон ва унинг туристик салоҳияти ҳақида хабардор қилиш лозим ва туризм элчилари бу борада фаол бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу юртда нималарни томоша қилиш мумкин, қандай таассурот ва сайёҳлик имкониятлари мавжуд, нега дам олиш учун бошқа манзилни эмас, айнан Ўзбекистонни танлаш керак, деган саволларга жавоб бўлиши лозим.

Албатта охирги йилларда Ўзбекистонда экотуризм, зиёрат туризми, рекреацион (дам олиш масканлари, санаторий ва курортлар), тиббий ва ички туризм шакллари йўлга қўйилиб, сайёҳлик оқимининг кўпайиши ва пировардида бу соҳадан тушадиган даромадларнинг ортиши таъминланмоқда.

Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-сессияси доирасида ўтказилган тадбирларда туризмни барқарор ривожлантиришнинг янги шакллари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистонда MICE туризмни кенг оммалаштириш бўйича амалий таклифлар ва лойиҳалар кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, MICE туризм компания ва корхоналарнинг ўз ходимлари учун хизмат сафарлари ва ўқув-тренинг машғулотларини хорижий давлатларда ўтказиши билан боғлиқ жараёнларни ўз ичига олади.

MICE қисқартмаси қуйидаги соҳаларни қамраб олади:

  • Meetings — корпоратив учрашувлар;
  • Incentives — ходимлар учун тимбилдинг ва мотивацион турлар;
  • Conferences — бизнес конференциялар, съезд, форум ва семинарлар;
  • Events — компания ҳудуди ва у жойлашган шаҳар ва давлатдан ташқарида ўтказиладиган корпоратив байрамлар.

Яъни, MICE туризм бу – компания ходимларини, ҳамкорларини ва мижозлари кўникма ва тажрибаларини ривожлантириш, рағбатлантириш ва ўқитишга қаратилган тадбирларни бошқа шаҳарда ёки чет элда ўтказиш жараёнига оид туризм шаклидир.

Замонавий бизнес туризм индустрияси Ғарбда пайдо бўлган. Шу боис MICE туризмнинг асосий марказлари AҚШ, Буюк Британия, Aвстралия, Германия, Франция, Aвстрия ва Испания ҳисобланади. Шарқда эса бу туризм шакли борасида Хитой етакчилик қилмоқда.

Ҳозирда MICE туризм индустрияси учун ҳар йили миллиардлаб доллар сарфланади ва Ўзбекистон каби катта туристик салоҳиятга ҳар қандай давлат учун янги бир инвестицион жозибали йўналиш бўла олади.

Хўш, MICE туризм бошқа шаклдаги сайёҳлик турларидан нимаси билан фарқ қилади?

Аввало MICE туризм мавсумийлик хусусиятига эга эмас. Маълумки, иқлим ўзгариши ва фасллар алмашуви туризмда мавсумийликни келтириб чиқаради. Масалан, ҳеч ким ёзда БАА ёки Туркияда дам олмайди. Қишда боришади. MICE туризми эса корпоратив-бизнес саёҳатлари билан боғлиқлиги боис, иқлим ёки фаслга боғлиқ эмас. Бу ҳолат меҳмонхона, кўнгилочар ҳамда овқатланиш нуқталарининг доимо мижоз билан банд бўлишини таъминлайди.

Иккинчидан, MICE туризм юқори рентабелликка эга. Ушбу шаклдаги сайёҳликка таллуқли бизнес соҳаси вакиллари ўрта ва юқори даромад олувчилар қаторида бўлгани боис катта фойда келтиради. Бундай саёҳатларнинг мақсади – бизнес ҳамкорлар, мижозлар ва бошқа иштирокчиларни ҳайратда қолдиришдан иборат бўлиб, компания оладиган фойда кўпинча саёҳатнинг муваффақиятига боғлиқ. Қолаверса, бизнес саёҳатчиларнинг аксарияти юқори ва ўрта даражадаги компаниялар раҳбарлари бўлгани боис, қиммат ва юқори сифатли хизматларни талаб қилишади. Агар конференция ва кўргазмалар маданий кўнгилочар дастурлари билан бирга тақдим этилса, ресторанлар, маҳаллий сайёҳлик жойлари, транспорт, ёдгорлик дўконлари ва бошқалар бундан катта наф кўришади.

Учинчидан бизнес сафарлари ва саёҳатлар олдиндан режалаштирилади. Бу эса кутилмаган спонтанликни истисно қилади ва олдиндан тайёргарлик кўриш ва шунга қараб туризм хизматлари кўрсатишни режали ва барқарор бўлишини таъминлайди.

Тўртинчидан, аксарият ҳолларда бизнес сафарларида жамоавий руҳ мустаҳкамланади, ходимлар учун ўзаро иноқлашув ва ўзаро тажриба алмашиш имконияти туғилади.

Бешинчидан эса ҳам саёҳат, ҳам тижорат деганларидек, ҳам иш билан шуғулланиш, ҳам, дам олиб, истироҳат қилиш имкониятлари уйғунлаштирилади.

Бундан ташқари, бизнес сайёҳлар ижтимоий фикр ва тегишли имижни шакллантиришга ҳисса қўшишади. Машҳур одамлар бўлган ва дам олган жойлар табиийки бошқа сайёҳларни ҳам ўзига жалб қилади.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда MICE туризмни ривожлантириш учун деярли барча шароитлар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон хорижий компаниялар учун бизнес учрашув ва тадбирларни ўтказиш борасида кўплаб замонавий меҳмонхона, ресторан ва бизнес-марказларни тавсия эта олади. Бу ерда маданий ва фаол ҳордиқ чиқариш учун ажойиб имкониятлар яратилган. Қолаверса, MICE туризмини ривожлантиришга ҳозиргача анчагина тараққий топган экотуризм, этник, тарихий ва зиёрат туризм йўналишлари рағбатлантирувчи омил вазифасини ўтай олади.

Ўзбекистон экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимов UNWTO 25-сессиясида сўзлаган нутқида айтганидек, Ўзбекистонда туризмни барқарор ривожлантириш мақсадида зарур инфратузилмани шакллантириш ва ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, кўплаб меҳмонхона ва ресторанлар, янги йўллар қурилмоқда. Мавжудлари янги талаблар асосида реконструкция қилинмоқда. Туризмни барқарор ривожлантириш учун амалий қадамлар қўйиляпти. Янгича туризм шакллари, жумладан, этник, экотуризм ва MICE туризмни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси “қаттиқ” инфратузилма ҳисобланади. Аммо MICE туризмни ривожлантиришда “юмшоқ” инфратузилма ҳам муҳим ҳисобланади. Яъни соҳада билимга эга мутахассисларни етиштириш ва аҳолининг сайёҳлик хабардорлигини ва маданиятини ошириш масалаларида амалий қадамлар қўйилган. Жумладан, 2022 йилда Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда MICE туризмининг ривожланиши: истиқболлари ва хориж тажрибаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, Қўқонда MICE туризмни ривожлантириш мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Бу каби илмий анжуманлардан ташқари соҳа бўйича мутахассислар етиштириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда ихтисослашган олий таълим муассасалари сони 16 тадан 30 тага, талабалар сони эса 4100 нафардан 11500 нафарга кўпайди. Илмий ходимлар ва мутахассислар сони ҳам ортди.

Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ҳукумат қарори билан 2018 йилда Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ташкил этилди.

Халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун етакчи меҳмонхона брендлари билан қўшма дастурлар аллақачон бошланган. Бу каби ҳамкорликлар орқали 10 та намунавий хонадан иборат меҳмонхона ва меҳмондўстлик муассасаси ташкил этилди. У ерда талабалар учун амалий машғулотлар ўтказилади.

Ўзбекистонда айни пайтда туризм ва меҳмондўстликка ихтисослашган 12 та коллеж ва техникум фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда MICE туризм бўйича ҳам билим берилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 20 та маҳаллий мактабда ўқувчиларнинг Ўзбекистон ва хориждаги туризм ҳамда маданий мерос ҳақидаги билимларини шакллантиришга қаратилган туризм соатлари тажриба сифатида ўтилмоқда. Кейинчалик бу тажрибани Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Ўзбекистоннинг бошқа туристик йўналишларидаги мактаблар ўқув дастурларига киритиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ўтган ҳафта Самарқандда UNWTO билан ҳамкорликда фаолият юритадиган Халқаро туризм академияси ишга туширилди. Академия нафақат талабалар ва Ўзбекистон туризм саноати, балки UNWTOга аъзо бошқа кўплаб давлатларнинг туризм саноати учун ҳам фойдали бўлиши табиий.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+