platina.uz

Самарқандда Глобал Таълим форуми иш бошлади

Форумни  Ўзбекистон экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Жамият
19 октябрь 2023 йил
Самарқандда Глобал Таълим форуми иш бошлади

Самарқандда Глобал Таълим форуми иш бошлади. Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессияси доирасида ўтказилаётган ушбу тадбирда кўплаб хорижий ва маҳаллий олий ўқув даргоҳларининг ректорлари иштирок этмоқда.

Форумда туризмни барқарор ривожлантириш масалалари, "яшил" ва хавфсиз саёҳатларни таъминлаш, туризм бўйича саводхонликни ошириш, айниқса ўқув муассасаларида туризм бўйича билим бериш муаммолари муҳокама қилиняпти.

Жумладан, UNWTO ташаббуси билан тайёрланган махсус дарслик тақдимоти ўтказилиб, бу дарслик асосида АҚШ ва Буюк Британия ўқув муассасаларида туризм фани бўйича машғулотлар бошланиши маълум қилинди.

Форумни Ўзбекистон экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Вазир ўз сўзида Самарқанд шаҳрининг қадимдан Буюк ипак йўлидаги энг йирик таълим маркази бўлганини таъкидлади. Жумладан, Самарқанд тимсоли бўлмиш Регистондаги ҳар учала бино ҳам мадраса бўлганини, бу ерда ўз замонаси учун муҳим ва илғор билимлар берилганини эслатиб ўтди.

Вазир охирги йилларда Ўзбекистонда таълим ва туризм ривожига катта эътибор қаратилаётганини, натижада пешқадам ўқув юртларининг сони 16 тадан 30 тага, талабалар сони эса 4000 дан 12000 га ошганини қайд этди. Айниқса туризм соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш ҳам янги босқичга чиққани қайд этди.

Форумда сўзга чиққанлар сайёҳларга эътибор ва меҳмондўстлик Ўзбекистон халқи менталитетига хос қадимий хислат эканини алоҳида эътироф этишди. Мамлакатда туризмни ривожлантириш учун етарли шароит ва салоҳият мавжудлигини таъкидлаб ўтишди.

Форумда Мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола Умарова ҳам сўзга чиқиб, UNWTO ташаббуси билан ишлаб чиқилган дастур асосида бу йил тажриба тариқасида Самарқанд вилоятида 20 та пилот мактаб танлаб олиниб, туризм фани ўқитилишини эълон қилди.

Вазирнинг айтишича, кейинчалик республиканинг бошка мактабларида ҳам бу инновацион ғоя амалга татбиқ этилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+