platina.uz

Чала ва сохта психологлар: жамиятга бу соҳа қанчалик керак?

Ўзбекистон психологлар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳулкар Маҳмудова билан шу мавзу доирасида суҳбатлашдик.

Интервью
16 октябрь 2023 йил
Чала ва сохта психологлар: жамиятга бу соҳа қанчалик керак?

Авваллари психологга мурожаат қилган кишиларга нисбатан муносабат бошқача бўлган. Аммо бугунги кунга келиб, жамият ҳам бунга одатий ҳол сифатида қарашни бошлади. Аҳолига психологлар керакми ўзи? Ўзбекистон психологлар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳулкар Маҳмудова билан шу мавзу доирасида суҳбатлашдик.

Аввало Психологлар уюшмаси ҳақида маълумот берсангиз. Қачон ташкил этилган? Мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Қанча психологлар рўйхатдан ўтган? Рўйхатдан ўтиш учун қандай талаблар бор? Рўйхатдан ўтганларга рўйхатдан ўтганини исботловчи лицензия бериладими? Уюшмага аъзо бўлган психологларга қандай мажбуриятлар қўйилади?

— Ўзбекистон психологлар ассоциацияси ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилот. Ассоциация 2001 йил 18 январда ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти 2010 йилдан бошланган. Ассоциация фаолиятининг асосий мақсади – Ўзбекистон аҳолиси учун марказлашган психологик хизматни яратиш, мутахассис-психологларни фаол амалий ва илмий-амалий фаолиятга жалб қилиш, шунингдек, ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Ҳозирги кунда ассоциацияда 300 дан ортиқ аъзолар мавжуд бўлиб, унга якка ва жамоа тартибда аъзо бўлиш мумкин. Ассоциацияга 18 ёшга тўлган, психология соҳасида ёки психологияга тааллуқли таълим соҳаларида амалий фаолият олиб борувчи Ўзбекистон фуқаролар ва хорижий фуқаролар ассоциациянинг якка тартибдаги аъзолари бўлиши мумкин. Якка тартибдаги аъзолар ёзма равишдаги шахсий аризалар асосида, жамоа аъзолар эса меҳнат жамоалари мажлиси ёки жамоат ташкилотларининг бошқарув органлари баённомасидан кўчирма асосида қабул қилинади. Ассоциацияга аъзоликка қабул қилиш ва аъзоликдан чиқиш бошқарув қарори билан амалга оширилади ва бошқарув томонидан қабул қилинган ассоциацияга аъзолик тўғрисидаги низомда белгиланади. Бошқарув томонидан ассоциация аъзоларига белгиланган намунадаги аъзолик билетлари берилади.

Бугун кундан-кунга психологлар сони ҳам ошиб бормоқда. Ҳатто ҳар 5 та одамдан 2 таси психолог бўлиб чиқмоқда. Психологларга қандай талаблар қўйилади ўзи, малакали психолог бўлиш учун олий таълимда ўқиш керакми ёки 2-3 ойлик курсларда ўқиганлар ҳам психолог бўлиб кетаверадими?

— Малакали психолог бўлиш учун олий таълимни битириш шарт. Ҳозирги кунда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошида ташкил қилинган 9 ойлик курслар (психологлар тайёрлаш) жамиятда катта муаммоларни келтириб чиқарди. Аслида бу курслар мактаб психологларининг етишмаслиги сабабли, мактаб ўқитувчилари қандайдир психологик билимларга эга олишларини ва уларни ўқувчиларда қўллаш назарда тутилган бўлса, бу курслар тижоратга айланиб кетди. Уни битирган мутахассисларга диплом, сертификатлар берилиб, булар ҳам психолог мавқеига эга бўлдилар. Шу диплом ва сертификатлар асосида психолог сифатида ишламоқдалар. Бу жуда ачинарли ҳолатдир. Мана шундай мутахассисларнинг ёки “психолог”ларнинг қўлига тушиб қолиш бу нафақат амалиётга, балки фанга бўлган ишончни йўқотади. Психологиянинг амалиёти лицензиялашмагани ва тегишли гувоҳномалар йўқлиги бу масалага жуда салбий таъсир кўрсатмоқда. 9 ойлик курсларни битириб олиб, мен психологман деганлар қанча. Улар фаолияти оқибатида заҳмат чекканлар қанча. Бу учун бутун психология олами жавоб бериши керак эмас-ку. Шунинг учун бутун дунё амалиётидан келиб чиққан ҳолда бизда ҳам “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш” қонунини жорий қилиш вақти келди. Унда айнан амалиётчи психологларга талаблар кўйилади ва қонун доирасида иш олиб борилади. Бу ҳозирги куннинг долзарб масаласидир. Чунки психологик хизмат ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар билан белгилаб куйилмаган, лицензия берилмайди ва амалиётчи психологлар реестри мавжуд эмас, улар фаолиятини назорат қилиш имкони йўқ. Ҳозирги кунда бу борада ассоциация томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим этилди.

Ҳозир психологларнинг кўпгина қисми ижтимоий тармоқлар орқали блог очиб, ўз фаолиятини йўлга қўймоқда. Психологларнинг одамлар руҳиятига таъсирини ҳисобга олсак, бундай ёндашув тўғрими? Яъни исталган одамга исталган масалада омма олдида чиқишни кимдир назорат қилиши керак эмасми?

— Психология соҳаси бу шундай мураккаб соҳаки, у худди тиббиёт сингари ўз йўналишларига эга. Мен доимо ўқувчиларимга шуни таъкидлайманки, тиббиётда агар бошингиз оғриса, невропатологга мурожаат қиласиз, туғуруқ жараёнида гинекологга, юрак хуружида кардиологга ва ҳоказо. Айнан психология соҳаси ҳам шундай. Чунки бизда психологиянинг ҳозирги кунда 300дан ортиқ йўналиши бор. Бу юридик психология, тиббиёт психологияси, ёш даврлар психологияси, ижтимоий психология, педагогик психология ва бошқалар. Халқимиз психологларга мурожаат қилишдан олдин улар мутахассисларнинг қайси йўналиш бўйича масъуллигини билишлари лозим.

Тўғри, ҳамма ҳам психолог эмас, лекин, ҳозирги пайтда психология йўналишида кўп оммабоп адабиётлар мавжуд. Агарда халқимиз шу адабиётлардан умумий нуқтаи назардан фойдаланишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки олдингизда ким, ким билан мулоқот қиляпсиз, унинг ўзига хос хусусиятлари қандай, қандай қилсангиз ёки қандай муамола қилсангиз, сизга ҳам, унга ҳам яхши бўлади ва шунга ўхшаш жуда кўп саволларга жавоб топиш мумкин.

Бу саволингизга агарда танқидий кўз билан қарайдиган бўлсак, шуни айтиш мумкинки, албатта, бошқа давлатларни таққослаганда психология ҳозирги пайтда етарли даражада ривожланмаган. Бу соҳада жуда кўп бўшлиқлар бор. Бу эса ўз навбатида ҳам илмий, ҳам амалий нуқтаи назардан кузатилмоқда. Албатта, ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Шу билан бирга, аҳолига хизмат кўрсатиш борасида амалиётчи психологларимиз самарали ишларни олиб бормоқдалар. Чунки амалиётчи психологларимизнинг кўпчилиги махсус психологик билимдан ташқари (олий маълумотдан ташқари) ўз устида ишлашни давом эттириб, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда малака ошириб келмоқдалар

Тўғри, олий ўқув юртларида тайёрланаётган психологларнинг билими, малакаси, ихтисослик кўникмалари замон талабига жавоб бера олмайди, қолаверса, республикамизда бу соҳани мувофиқлаштирувчи, ривожлантирувчи, назарий-методологик базасини яратувчи ва амалиётга етук мутахассисларни тайёрловчи психология илмий-тадқиқот институтига эҳтиёж жуда каттадир. Бу масаланинг биринчи тарафи, иккинчиси, психолог матахассисларнинг жойларда етишмаслиги, бунинг сабаби иқтисодий муаммолар билан ҳам боғлиқдир. Мактаб психологларининг иш ҳақи паст, талабга жавоб бермайди, психолог лавозимида ишлашига қарамасдан, фаолияти доираси эмас, балки турли ташкилий вазифалар билан машғул бўладилар. Масалан, 1000-1500 та бола ўқийдиган мактабда битта психолог ишлаши етарли эмас.

Мана, масалан, бир аёл эри ва қайнонасининг зулмидан енгил даражадаги депрессияга тушиб қолган ва психологга мурожаат қилган. Бир ойлик психолог билан муолажадан сўнг 3 ёшли боласини бўғиб ўлдирган. Бунинг натижаси нимадан иборат: психологнинг етарли даражада ўз касбий билимга эга эмаслиги, ўз вақтида муаммони ҳал қилмагани ва аёлнинг ҳолатига ўз вақтида тўғри хулоса бера олмаганидан далолат беради.

Халқимиз онгида сақланиб қолган стереотиплар, баъзи миллий хусусиятлар сиз қўйган муаммонинг мавжудлигидан далолат беради. Лекин шунга қарамасдан, йил сайин психолог мутахассисларга эҳтиёж ва мурожаат ошиб бормоқда. Демак, бу ҳолатни ижобий баҳолаган ҳолда психология янада истиқболли соҳа эканини ва ривожлантириш зарурияти мавжудлигини таъкидлаш мумкин.

Ҳар қандай оқибатнинг асоси сабабдир. Сиз қўйган савол асосан оқибатларни бартараф этиш билан боғлиқдир. Ана шунинг учун ҳам мен психологларни инсон руҳиятининг патронажлари деб номлаган бўлардим. Чунки инсон руҳияти мунтазам равишда парваришга, эътиборга муҳтождир. Шу боис, бир инсон дунёга келибдики, бу эҳтиёждаги кемтикликка йўл қўйиш миллатга хиёнат қилиш билан баробардир.

Одинахон Деҳқонова суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+