Рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиляпти
Ушбу ташаббус илк бор Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан илгари сурилганди.

Бишкекда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақоми муҳокама қилинди, вазирлар рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш ташаббусини маъқулладилар.
Шунингдек, вазирлар 13 октябр куни МДҲ давлатлари раҳбарларига тақдим этиладиган ҳисобот учун келишилган бир қанча ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Россия ТИВ раҳбари Лавровнинг сўзларига кўра, тасдиқланган ҳужжатлар орасида кўп қутбли дунёда халқаро муносабатлар тўғрисидаги баёнот, диний эътиқод эркинлигини қўллаб-қувватловчи баёнот, рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот ва рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнот бор.
Бундан ташқари, йиғилишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликка оид ҳужжатлар ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги битим МДҲнинг Бишкекда бўлиб ўтган саммити якунлари бўйича 13 октябр куни имзоланади. Ушбу ҳукуматлараро тузилмани ташкил этиш ташаббуси илк бор Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан илгари сурилганди.