Ўзбек киносига сарфланаётган миллиардлар
Биз айрим тарихий ва бадиий ҳамда ҳужжатли филмлар учун харж қилинган маблағлар ҳақида очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда маълумотларни йиғдик.
Кинематография агентлиги сўнгги йилларда ўзбек киноси учун сарфлаётган пулларни кўриб, ҳайратдан ёқа ишлайсиз. Энг қизиғи, улар на дунёга чиқа олади, на томошабин қалбидан жой олади. Ҳар ҳолда аввалги севимли киноларимиз каби қайта-қайта кўриладигани йўқ ҳисоби.
Биз айрим тарихий ва бадиий ҳамда ҳужжатли филмлар учун харж қилинган маблағлар ҳақида очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда маълумотларни йиғдик. Иккинчи томонга ҳам минбар беришга тайёрмиз.
"Абдулла Орипов" филми
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳақидаги бадиий филмни суратга олиш учун жами 8 млрд. сўмдан ортиқ пул ажратилган. Шундан йил бошида салкам 1,8 млрд. ва 389,3 млн. сўм, 2 майда 955 млн. ва 8 майда 955 млн. сўм, 2 июнда эса 4,5 млрд. сўм ажратилган.
"Баҳодир Ялангтўш" филми
Кинематография агентлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва "Эзгу филм" МЧЖ билан ҳамкорликда "Баҳодир Ялангтўш" деб номланган тарихий филмни суратга олиняпти. Умумий сумма 30,5 млрд. сўм, кейинроқ қўшимча 9,3 млрд. сўм ажратилган.
Шундан 10 млрд. сўм Самарқанд ҳокимлигига, 7,7 млрд. сўм эса агентликка улуш бўлиб тушади. Кинодаги жами актёрлар учун 127,4 млн. сўм гонорар ҳисобланган. Сценарий муаллифи ва режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов.
"Осиё арслони. Казбек" филми
Кинематография агентлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва CINEMA ОF CENTRAL ASIA МЧЖ маблағларига суратга олинадиган "Осиё арслони. Казбек" филми учун жами 25 млрд. сўм, кейинроқ 982 млн. сўм ажратилган.
Кино иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбек йигити, собиқ иттифоқ қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Суратга олиш ишлари асосан Беларусда бўлиб ўтади. Сценарий учун 48,2 млн. сўм, ўзбек актёрлари учун 345 млн. сўм, беларус актёрлари учун 887,5 млн. сўм ажратилган. Филм сценарийсини С.Аббосов. Ян Миленин, И.Костюченко ёзган, режиссёр Акбар Бектурдиев.
“Эпидемия” филми
Кинематография агентлиги буюртмаси билан суратга олинадиган "Эпидемия" киноси учун жами салкам 4,5 млрд. сўм белгиланган.
"Эпидемия" бадиий филмини суратга олиш даврининг 1-босқичини ишлаб чиқариш учун 936,3 млн. сўм, 2-босқичини ишлаб чиқариш учун 1,9 млрд. сўм, тайёргарлик даврини ишлаб чиқариш учун 568,6 млн. сўм, 5-босқичини ишлаб чиқариш учун 985 млн. сўм.
“Енгилмас” филми
Бокс бўйича жаҳон ва олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов ҳақидаги "Енгилмас" филмини ишлаб чиқариш учун 1,78 млрд. сўм ажратилган. Бу кино учун Сурхондарё ҳокимлиги ҳам алоҳида 200 млн. сўм берган. Филм Сурхондарё вилояти Бойсун тумани, Сариосиё тумани маркази ва Сангардак қишлоқларида суратга олинади.
"Улуғ Амир ва Донна Мария" филми
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ёлқин Тўйчиевнинг мураккаб постановкали бадиий-тарихий филми Туркия киностудияси билан ҳамкорликда суратга олинаётган Амир Темур ҳақидаги "Улуғ Амир ва Донна Мария" филмининг тайёргарлик ва 1-босқич тасвирга олиш даврини ишлаб чиқариш учун 11,6 млрд. сўм, 2-босқичи учун 15,7 млрд. сўм ва 5 млрд. сўм пул ажратилган.
Кинода Амир Темур испан маликаси Донна Марияни турк султони Боязид Йилдирим зулмидан озод қилади. Филм сценарий муаллифи Хайриддин Султон, постановкачи режиссёр Ёлқин Тўйчиев.
Актёрларга гонорар учун иккинчи босқичда 117 млн. сўм ажратилган. Туркиядаги хизматлар учун эса 11,8 млрд. сўм белгиланган.
“Осмондаги болалар-3” филми
Зулфиқор Мусоқовнинг "Осмондаги болалар-3" бадиий филми монтаж ва овозлаштириш босқичини ишлаб чиқариш учун 989 млн. сўм ажратилган. Шундан сценарий учун 45,2 млн. сўм, бастакорга 9,7 млн. сўм сарфланган.
“Уч қаҳрамон” филми
Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда суратга олинаётган “Уч қаҳрамон” бадиий филми учун аввал 2,3 млрд. сўм, кейин эса 1,5 млрд. сўм ажратилган.
Сценарий муаллифи Суҳроб Қодиров, режиссёр Жасур Шаметов. Сценарий муаллифига 75 млн. сўм, бош рол ижрочисига 28,9 млн. сўм гонорар белгиланган.
"Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий" филми
Тожикистонлик киночилар билан биргаликда суратга олинадиган "Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий" бадиий филмининг қисман тайёргарлик даврини ишлаб чиқариш учун 6,9 млрд. сўм ажратилган. Бу сумма фақат кинони бошлаб олиш харажатлари холос.
Кино сценарийсини Юсуф Розиқов, Рустам Жабборов, Сафар Ҳадодов ва Фирдавс Абдухолиқов ёзиши белгиланган, режиссёр Юсуф Розиқов.
“Қари қиз” филми
Тўлиқ метражли “Қари қиз” бадиий филми учун 1,4 млрд. сўм ажратилган. Шундан сценарий муаллифи (Нилуфар Худойбердиева) учун 48,2 млн. сўм, бош рол ижрочиси учун эса 129,3 млн. сўм гонорар белгиланган.
“Ўзбек қизи” филми
Ушбу кино учун жами 11,2 млрд. сўм ажратилган. Шундан сценарий муаллифи (Б.Абдуғофур) учун 36,7 млн. сўм, бош рол ижрочисига 16,8 млн. сўм гонорар белгиланган.
"Яша, хотин!" филми
"Яша, хотин!" номли бадиий филмни ишлаб чиқариш учун 997,5 млн. сўм ажратилган. Сценарий муаллифи Матёқуб Матчонов, режиссёр эса Очил Ҳамидов. Сценарий учун салкам 80 млн. сўм, бош рол ижрочисига эса 74 млн. сўм гонорар берилган.
Бошқа филмлар
- "Бу ерларда ҳаёт бошқача" қисқа метражли бадиий филмни ишлаб чиқариш учун 164,5 млн. сўм;
- "Туман шифохонаси" бадиий филмини монтаж ва овозлаштириш учун 590 млн. сўм;
- "Ажиниёз" бадиий филмининиг режиссёрлик даврини ишлаб чиқариш учун 285 млн. сўм;
- "Ҳудуд" бадиий филмининг режиссёрлик ва тайёргарлик даврини ишлаб чиқариш учун 710,8 млн. сўм;
- "Уйга қайтиш" бадиий филми учун 707 млн. сўм;
- "Парининг совғаси" бадиий филмини ўзбек тилига таржима қилиш учун 116,8 млн. сўм.
Ҳужжатли филмлар
Ҳужжатли филмлар яратишда ҳам сўнгги пайтда анча ўсиш кузатилди. Сони кўпайгани билан сифати ҳам шунга ярашами, буниси энди алоҳида мавзу. Қуйида ҳужжатли филмларга сарфланган харажатларни келтирамиз:
- "Шавкат Аюпов фазоси" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 115,5 млн. сўм;
- "Истиқлол шоири" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 127 млн. сўм;
- "Оҳанглар олами" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 120 млн. сўм;
- "Ижод мукофоти" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 122 млн. сўм;
- "Ботир Зокиров" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 245 млн. сўм;
- "Жониворлар ҳақида суҳбат" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 483,6 млн. сўм;
- "Зиёрат олтин йўл" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 257,7 млн. сўм;
- "Чилонзор — пойтахт қалби" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 477,8 млн. сўм;
- "Бирлашмаган халқлар таназзули ҳамда бирлашган халқларнинг қудрати" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 993,7 млн. сўм;
- "Айкулаш" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 441 млн. сўм;
- "Элнинг мард фарзанди" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 424 млн. сўм;
- "Якуб Колас" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 386,6 млн. сўм;
- "Хазина" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 257,8 млн. сўм;
- "Театрга бахшида умр. (Тошхўжа Хўжаев)" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 206 млн. сўм;
- "Ўзбекистон маданий мероси Полша музейларида" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 494 млн. сўм;
- "Венгрия фанлар академияси тўпламида Ўзбекистон маданий мероси" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 458 млн. сўм;
- "Зомин бургути" номли ҳужжатли филмни ишлаб чиқариш учун 235,7 млн. сўм;
- "Жиров" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 369,3 млн. сўм;
- "Шуҳрат Аббосов" ҳужжатли филми учун 124 млн. сўм;
- "Ҳамза Умаров" бир қисмли ҳужжатли филми учун 124 млн. сўм;
- "Раззоқ Ҳамроев" бир қисмли ҳужжатли филми учун 124 млн. сўм;
- "Йўлдош Аъзамов" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 121,7 млн. сўм;
- "Лутфихоним Саримсоқова" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 124 млн. сўм;
- "Наби Раҳимов" ҳужжатли филмини ишлаб чикариш учун 124 млн. сўм;
- "Шукур Бурҳонов" ҳужжатли филми учун 121,7 млн. сўм;
- "Комил Ёрматов" ҳужжатли филми учун 127,7 млн. сўм;
- "Наби Ғаниев" ҳужжатли филми учун 121,7 млн. сўм.
Солномалар ва киножурналлар
Кинематография агентлиги киносолномалар ва киножурналлар учун ҳам пуллар ажратади.
- "Киносолнома 7-8-сонлар" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 157,5 млн. сўм;
- "Киносолнома 9-10-сонлар" ҳужжатли филмини ишлаб чиқариш учун 158,6 млн. сўм;
- "Янги Ўзбекистон киносолномаси" киножурналнинг 1-2-сонини ишлаб чиқариш учун 252,7 млн. сўм;
- "Янги Ўзбекистон киносолномаси" киножурналининг 3 4-сонини ишлаб чиқариш учун 286 млн. сўм;
- "Янги Ўзбекистон киносолномаси" киножурналнинг 5-6-сонини ишлаб чиқариш учун 285 млн. сўм;
- "Янги Ўзбекистон киносолномаси" киножурналнинг 7-8-сонини ишлаб чиқариш учун 286,6 млн. сўм.