Яна метро, пандус, лифтлари йўқ бекатлар ва уни “безаб” турадиган челаклар
АОКАда ўтган матбуот анжуманида Platina.uz масъулларга ушбу саволлар билан юзланди.
Метро бекатларида ногиронлиги бор ва махсус аравачадагилар метрога тушиши учун уларга асосий метро йўналиши бекатларида шароитлар яратилмаган. Ундан ташқари чиройи билан мақталадиган метрополитенимизни ёмғирли, қорли кунларда чакки ўтган жойларга қўйилган челаклар янада “чиройли” қилиб туради.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган матбуот анжуманида Platina.uz масъулларга ушбу саволлар билан юзланди.
— Ногиронлиги бўлган фуқаролар ва коляскаси билан метрога тушмоқчи бўлган оналар учун асосий метро йўллари Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод йўлларида тушиш лифти ёки пандуслар йўқ. Platina.uz сайтида бу муаммони қайта-қайта кўтаряпмиз, жавоб йўқ. Қачон метро бекатларида пандуслар ёки лифт қурилади?
Абдутоҳир Абдуқодиров, “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси:
— Тўғри, бу савол ҳозир жуда долзарб бўлган саволлардан бири ва буни узоқ режага қўйганимиз йўқ. Бу йўналишлар СССР даврида қурилган ва бекатлар қуриш режасида пандуслар ёки лифтлар кўзда тутилмаган. Бекатларда бир томонда пандус қилинган. Масалан, Чилонзор бекатининг 8 та чиқиш зинаси бор, шуларнинг бир тарафига метрополитен ходимлари ўзимиз пандус қилганмиз. Ҳар бир бекатда имкон даражасида пандуслар қилинмоқда ва бу давом этмоқда. Аммо ерусти метрода бу шароитлар яратилган. Бир нарсани айтиб ўтишим керак, 1977 йилда қурилган бекатларда эшиклар ўлчами 80 см. араваларга кичиклик қилади. Юнусобод ва Туркистон бекатларида бу нарсани инобатга олиб 90 см эшиклар ўрнатганмиз. Бу ишларни давом этамиз ва керакли шароитларни яратамиз.
— Куз келди, ёғингарчиликлар бошланади, олдимизда қиш турибди. Ҳеч кимга сир эмас, ёмғирли, қорли кунлар бошланиши билан метрода ва метрога тушиш туннелларида челаклар пайдо бўлиб қолади. Чакки ўтишини бошқа йўллар билан йўқотса бўлмайдими? Ёки биз уни метрополитен бекатларига “акксессуар” сифатида танлаб олганмизми?
Абдутоҳир Абдуқодиров, “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси:
— Савол ўринли, бу борада муайян ишлар олиб борилади. Ёзда ҳам яшил майсалар суғориш вақтида ҳам чакки ўтишлар бўлади. Бу челакларни вақтинчалик нарса деб ҳисоблаймиз. Йўловчилар устига сув томмаслиги учун керакли ишларни қилиб борамиз. Бу борада жудаям юқори савияда ишлар олиб борилмоқда. Биз Москва тажрибасини фойдаланган ҳолда янгича усулга ўтамиз. Бу қиш мавсумида шу ҳолатда кетиб туради. Кейинги йил қишдан ўзгаришлар бўлади.
Маъсул айтаётган пандуслар бор. Афсуски, хўжакўрсинга қурилган, аксарияти ўта тикка ва улардан фойдаланиб бўлмайди. Пандусларнинг кенглиги ҳам аравачага мос эмас. Челакларимиз эса бу мавсумда ҳам туннел ва метроларимизни “безаб” тураркан.
Фазилат Соиб