platina.uz

КГБ ожиз қолган жиноят

Айтишларича, собиқ Совет иттифоқи ҳудудида болаларнинг сирли равишда йўқолиб қолиш ҳолатлари ўтган асрнинг 70-йиллари охирида жуда кенг тус ола бошлаган.

Жамият
11 октябрь 2023 йил
КГБ ожиз қолган жиноят

Йўқолган ва эксплуатация қилинган болалар халқаро маркази ICMEC – (International Centre for Missing & Exploited Children) маълумотларига кўра, ҳар йили AҚШда эса 420 мингдан ортиқ бола йўқолиб қолади. Буюк Британияда эса 80 минг, Канадада 40 минг, Австралияда 20 мингдан ортиқ бола бедарак йўқолади.

Россияда эса турли маълумотларга кўра ҳар йили ўртача 100 мингга яқин одам бедарак йўқолади ва улар орасида болалар (0-17 ёшдагилар) 30 фоиздан ошади. Кўпинча 10-12 ёшгача бўлган болалар ғойиб бўлишади ва турли хил жиноятларнинг ёхуд фалокатларнинг қурбони бўлишади.

“Бахтли болалик”ни бой берганлар

Айтишларича, собиқ Совет иттифоқи ҳудудида болаларнинг сирли равишда йўқолиб қолиш ҳолатлари ўтган асрнинг 70-йиллари охирида жуда кенг тус ола бошлаган. Милиция бу масалани алоҳида назорат остига олган бўлсада, бу фожиа билан боғлиқ очилмаган ишлар кўпайиб кета бошлади. Бу даврда эса, замондошлар таърифи билан айтганда, “донишманд жаллод” Юрий Андропов (1914-1984) СССР ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг энг қудратлиси, жаҳонга машҳур махфий хизмат - КГБ (Давлат хавфсизлиги қўмитаси) раҳбари бўлиб ишлар эди.

1967 йилдан 1982 йилгача КГБни бошқарган Юрий Андропов жуда катта ваколатларга эга бўлган ва 1970-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, СССРнинг ички ва ташқи сиёсатига фаол аралаша бошлаган. Шу сабабдан Андропов ва бошқа совет юқори мансабдор шахслари ўртасида ўзаро келишмовчиликлар ҳам пайдо бўлган.

Андроповнинг, айниқса, милиция тизими фаолиятидан норозилиги ортиб бораётган эди. Порахўр ва нопок милиция ходимларининг кўпайиб кетаётгани, жиноят ишларини ёпиш мақсадида ҳақиқий жиноятчиларни топишга қурби етмасдан, бегуноҳ одамларни қийнаб бўйнига қўйиб, қаматиб юбориш ҳолатлари ниҳоятда кўпайган эди. “КГБнинг биттагина қариндоши бор – милиция, лекин у ҳам бўлса фоҳиша” деган нақл махсус хизмат “опер”лари орасида ўша даврда пайдо бўлган, дейишади.

Айрим манбаларга қараганда, Юрий Андропов милиция фаолиятидаги бир муаммога - болаларнинг йўқолиб қолиши бўйича очилган жиноят ишларининг “очилиш” фоизи ниҳоятда паст экканига эътибор қаратган. Йўқолган болаларнинг на ўлиги, на тириги топилмаётгани юқори раҳбариятнинг қулоғига етиб боргач, Андропов мустақил равишда бу иш билан қизиқа бошлаган. Гарчи унинг раҳбарлик даври шундоқ ҳам стрессли воқеаларга бой бўлсада, (Вьетнам уруши, Афғон уруши, “ўзбеклар иши”, КГБ ходимларининг Ғарбга қочиб ўтиши...) болаларнинг сирли йўқолиб қолишлари аҳамият қаратишга арзигулик масала эди.

Чунки Совет Иттифоқи пропаганда машинасининг шарофати билан совет фуқароларининг аксарияти ўзларини дунёдаги энг бахтли инсонлар деб ўйлашар, бу бахтиёр мамлакатда болаларга ҳеч нарса хавф туғдирмайди, деб ишонишар эди. Шундай болапарвар ва омон-омон замонда, энг хавфсизлик мамлакатда болаларнинг сирли равишда йўқолиб қолиши ҳеч кимнинг калласига сиғмасди. Совет Иттифоқи эса ўз фуқаролари олдида ҳам, жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам ўзининг мукаммал эмаслигини тан олишни истамагани боис, ҳар қандай “нозик” маълумотни, жумладан, болаларнинг йўқолиб қолиши кенг тус олганини сир тутган. Совет Иттифоқида вояга етмаганларга қарши жиноятлар бўйича ишончли статистик маълумотларни топиш ҳозир ҳам деярли мумкин эмас. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари архивларида “махфий” муҳри остида дафн этилган.

Бунга КГБ энг кўп ҳисса қўшган албатта. Бироқ Андропов ҳам бу масалада оддий халқ билан баробар бўлиб қолганди: болаларнинг нега кўплаб йўқолаётгани ва умуман топилмаётганини, гарчи у энг кўп сирларга эгалик қилувчи ташкилоти раҳбари бўлса ҳам, аниқ билмас эди.

Тахминлар кўп эди

Ниҳоят Андроповнинг топшириғи билан тайинланган ва танланган ходимлар милициядан айри ҳолда бу иш билан бақамти шуғуллана бошлашди.

Ходимлар гумон қилган асосий версия бу – педофил қотиллар эди. Бу борада милиция очган ишлар ҳам талайгина эди, албатта. Масалан, 1977 йилда энг бузуқ совет серияли қотилларидан бири Aнатолий Бирюков ўз қурбонлари - гўдакларни ўлдириш билан шуғуллангани фош этилган. У болаларни аравачалардан ўғирлаб, уларни жинсий зўрлаган. Агар ўғирланган бола зўрлаш натижасида вафот этмаса, уларни ўлдирган. Бу маньяк ҳақида шахсан Брежневга хабар беришган. Бирюковни қўлга олиш операцияси Москва жиноят қидирув бошқармаси тарихидаги энг жиддий операциялардан бири эди. Бироқ бу каби педофил қотиллар саноқли бўлган. Улар қўлга тушмасдан туну-кун жиноят жиноят қилганда ҳам ўн минглаб болагни гумдон қила олиши жисмонан имконсиз.

Шунингдек, 80-йилларнинг бошларида Қозонлик каннибал (одамхўр) ва жинсий маньяк Aлексей Суклетин ўзининг даҳшатли кечки овқатлари билан бутун мамлакатни шокка туширган. Унинг етти қурбони аниқланган бўлиб, улар орасида 11 ёшли қизлар ҳам бор.

“Фишер” лақаби билан танилган педофил ва қотил Сергей Головкиннинг тарихини ҳам кўпчилик эшитган.

Бундай жиноятчиларни кўплаб мисол келтириш мумкин. Ҳар ҳолда Совет Иттифоқида ақлдан озган ва жиноят йўлига кирган одамлар кам бўлмаган. Бироқ уларнинг ҳаммаси йиғилб келганда ҳам, 50 мингга яқин болани “эплаши” мантиққа зид келади.

Албатта Ғарбдан “илҳомланган” ҳолда, бой ва қудратли шахсларнинг боласини ўғирлаб, пул талаб қилиш жиноятлари СССРда ҳам пайдо бўлган. Совет Иттифоқида биринчи марта одам ўғирлаш (kidnapping) - ота-оналардан пул ундириш мақсадида болаларни гаровга олиш жинояти 1984 йилда маълум бўлган. Жиноятчилар “янги авлоди”нинг биринчи қурбони кичик Кишечний қишлоғининг (Дзержинский тумани) вояга етмаган фуқароси Рубен Гаспарян бўлди. Уни ўғирлаб кетган зўравонлар бола учун 150 минг рубл талаб қилишган, бу ўша пайтларда тасаввур қилиб бўлмас маблағ бўлган. Ўша пайтда ўртача ойлик маош – 100 рубл бўлган. Хусусий бизнесга рухсат берилмаган. Катта пул фақат хуфёна “тадбиркорлар”, қонунбузар савдо тизими ходимлари ёки порахўр амалдорларда бўлган холос.

Бу биринчи одам ўғирлаш иши шов-шувга сабаб бўлди. Икки йилдан сўнг – 1986 йилда Қозоғистоннинг Олмаотада яна бир мактаб ўқувчиси ўғирлаб кетилди. Бу сафар гаровга олинган боланинг ҳаёти учун 15 минг рубл талаб қилишди. Ҳар икки ҳолатда ҳам жиноятчилар қўлга олиниб, гаровдаги болалар қутқарилган. Бироқ Андропов 1982 йилгача КГБни бошқаргани боис бу жиноят турига ҳали гувоҳ бўлмаган.

Болалар йўқолишининг яна бир версияси – хорижга хуфёна бола сотиш ҳам ўрганиб чиқилди. Бироқ бу ҳам имконсиз эди. СССРда хорижга чиқиш – энг машаққатли иш бўлган. Чегаралар том маънода “қулф”да турган.

КГБ ходимлари ҳатто хуфёна фоҳишахоналар, педофил ва гомосексуалларнинг тор “давралари”ни ҳам синчиклаб текшириб чиқишган. Бироқ болалар қаерга ғойиб бўлаётгани ҳақида бирор асосли далил ва изоҳ топа олишмаган.

КГБни ИИБга қарши қўйган вазият

Андропов асабийлаша бошлаган, умуман пастдаги раҳбарлар ҳам топшириқни бажар олмаётганидан ҳаловатини йўқотган эди. Андроповнинг милицияга бўлган нафрати кундан кунга ортиб бораётган эди. Унинг назарида милиция ёки нопрофессионаллиги боис бу муаммога ечим топа олмас, ёки қандайдир сирни атайлаб КГБни яширишга уринарди.

Умуман олганда, 1970-йиллар охиридаёқ Андропов СССР Ички ишлар вазири Николай Шёлоков билан тескари бўлиб қолган эди. Шёлоковга Андроповнинг милиция ишига “бурун суқиши” ёқмасди. “Тинчгина жосусларингни тутиб юравермайсанми, милиция ишига аралашиб нима қиласан” деган оҳангда муомала қиларди. Улар ўртасидаги биринчи тортишув Кремлни ким қўриқлаши юзасидан келиб чиққан дейишади. Бу курашда ИИВ ғалаб қилгани Андропов кўнглида ўчмас жароҳат бўлиб ўрнашди.

Бироқ КГБ раҳбари қанчалик қудратли бўлмасин, Ики ишлар вазирига ҳеч нарса қила олмайди. Чунки Шёлоков Брежнев билан болаликдан дўст бўлишган, ИИВ раҳбари лавозими ҳам шу сабабдан унга берилган эди. Шунингдек, Шёлоков Брежнев атрофидаги қудратли амалдорлар билан ҳам “қалин” эди.

Георгий Подлесских ва Андрей Терешонокнинг «Қонундаги ўғрилар: ҳокимиятга иддао» (Воры в законе: бросок к власте. “Художественная литература” нашриёти, Москва, 1994) китобида ёзилишича, 1980 йилда рўй берган бир ҳодиса эса Андроповнинг интиқом кураши учун яхши “фойда” келтирди: Москва метрополитени милицияси ходимлари билмасдан маст ҳолда ушланган КГБ майорини ўлдириб қўйишади. Бу тор доирада катта шов-шувга сабаб бўлади. Натижада Андропов Брежневдан КГБ учун янада кенгроқ имкониятлар олди. Милициянинг қуюшқондан чиқиб кетаётгани, ҳалоллик ва қонунга риоя этиш борасида талабга жавоб бермаётганига Брежневни ишонтира олди ҳамда КГБ да алоҳида бошқарма тузиб, амалдорлар (партия раҳбарлари, жумладан “обком”лар бундан мустасно албатта) ва ИИВ ходимлари устидан назорат ўрнатиш ваколатини қўлга киритди. ИИВ ходимлари билан ишлайдиган бўлинмалар ташкил этилиб, махсус ходимлар тайинланди. Улар милиция тизими ичида жиноятчилик профилактикаси билан шуғулланишар эди.

Кутилмаган маълумотлар

Болаларнинг сирли ғойиб бўлиш сабаби эса ҳамон очилмаган эди. Ниҳоят КГБнинг қудрати ҳамда ваколати ошиб боргач, энг “нозик” – диний соҳа ходимларига теранроқ назар ташлай бошлади. Маълумки атеизм, яъни худосизлик давлат мафурасининг элементи бўлган СССРда гўёки дин давлатдан ажратилган бўлсада, аслида дин давлат томонидан кучли назорат қилинган. Аввалида советлар динга ва диндорларга қарши аёвсиз курашган бўлсада, кейинчалик халқаро ҳамжамият олдида СССРда инсон ҳуқуқлари, хусусан виждон эркинликлари таъминланган, дея даъво қилиш мақсадида Иккинчи жаҳон урушидан кейин бир қанча диний ташкилотлар тикланган ёки қайта тузилган. Давлат томонидан тузилган ва гўёки нодавлат ҳамда мустақил бўлган черковлар ҳамда диний бошқармаларга советларга садоқатли ва уларнинг буйруғини бажарадиган диний арбоблар раҳбар этиб қўйилган. Улар қатъий назорат остида ва кўрсатиб берилган йўлдан юрган ҳолда фаолият юритишган. Коммунистлар динга халқни бошқаришга ёрдам берувчи дастакларидан бири сифатида қарашган ва ундан самарали фойдаланишган.

Табиийки, черков ходимлари дин номи билан халқни давлат манфаатлари учун йўлга солишлари эвазига уларга ҳам хуфёна эркинлик ва имтиёзлар ҳам берилган албатта. Уларнинг унча-мунча майда жиноятлари ва “эркаликларига” кўз юмилган. Лекин шунга қарамасдан, Андропов бола ўғирлиши масаласини ҳал қилиш учун ҳатто черковни ҳам “тит-пит” қилишни топширган.

Ниҳоят кечга яқин, бошқарма бошлиқларидан бири Андропов столига машинкада ёзилган 4 та қоғозни қўяди. Бу “диний линия”га жавоб берувчи “опер”лардан бирининг ҳисоботи эди. Қоғозга кўз югуртирган Андропов савол аломати билан бошқарма бошлиғига қарайди. У эса “ҳаммаси рост” дегандек бош ирғаб қўяди.

Элита ҳайрон қолмади

Айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, орадан бироз вақт ўтгач, дастлабки далиллар йиғилгач, Анропов партия элитасининг муҳим аъзоси сифатида Политбюро йиғилишларидан бирида мисли кўрилмаган бир иддао билан чиқади: аниқланишича, йўқолган болаларнинг аксарияти черковларга олиб кирилгач, бошқа қайтиб чиқмаган. У пайтларда кузатув камералари бўлмагани боис, туну-кун хуфёна кузатувлар ва бошқа усуллардан йиғилган махфий маълумотларга қараганда, гўёки черковни ниқоб қилган сатанист (шайтонпараст) гуруҳлар болаларни ўғирлаш учун буюртма беришган Болаларни ўғирлаб келиб, улар черков ертўлаларида қийноққа солиб, зўрлашган. Чунки стресс ва азоб ҳолатида одам танасида кўп миқдорда адреналин ажралиб чиқиб, кейин қонда унинг ҳосила моддаси – аденохрома шаклланар экан. Аденохромага эса кайф берувчи наркотик ва энг асосийси танани яшартирувчи модда сифатида қаралган. Хуллас бир ҳофуч педофил ва шайтонпарастлар, сотқин амалдорлар, жумладан етимхоналарнинг раҳбарлари билан тил бириктириб, шундай жиноий конвейерни йўлга қўйишган.

Албатта Европада черков ходимларининг педофилияга оид жиноятлари 1950 йиллардан буён оммавий тус олган. Хор ансамбли ва хизмат учун олинган ёш болалар черков раҳбарлари томонидан зўрланиши яқинга келиб фош этилди. Биргина Франциянинг ўзида 3200 га яқин бола католик черкови ходимларининг шундай жирканч жинояти қурбони бўлишгани ўз исботини топган.

Бироқ, юқорида айтилганидек, СССРда, 80-йилларда бундай ҳолат рўй бериши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Албатта Андропов бу ишнинг катта ғалва қўзғашини яхши тушунар ва амалий ҳаракатларни бошлаш – жиноятчилар тизимини аниқлаш ва уларни жазога тортиришдан аввал Политбюронинг рухсатини олиш шартлигини яхши тушунар эди.

Политбюронинг Брежнев бошчилигидаги аъзолари - камида 70 га кирган, нафталин ҳиди анқиб турган, аммо ҳали эгардан тушгиси келмайдиган чол ва кампирлар давраси Андропов ўртага ташлаган маълумотларни индамай эшитишган, ёлғондан бироз ҳайрат аломатларини изҳор қилишган ва... бу каби ички масалаларга аралашмасликни маслаҳат беришган! “Бутун дунё капиталистлари СССРни йўқ қилиш учун тиш қайраётган бир пайтда” КГБ ўз кучини қандайдир чўпчакчи диндорлар ва вайрона черковларга сарфлаши номақбул эканини алоҳида уқдиришган.

Айтишларича, шу билан иш ёпилди. Номига бир икки киши жазога тортилган бўлсада, “ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича” қолди.

Андропов политбюро йиғилишидан чиқиб, қора “Чайка”сига ўтирар экан, нега Политбюрода ёшлар йўқлигини энди тушунгандек бўлди. Бу қариялар нутқ сўзлаш пайтида ўлиб қолмаслик, кўпроқ ҳокимият тепасида қолиш учун ҳатто болалар ўғирланишига ҳам кўз юмишлари, бегуноҳ болаларнинг қонидан ҳам сесканмасликлари уни бошқа ҳайратга солмади.

Сеҳрли таёқча иш бермади

Бироқ сатанистлар етказиб берадиган аденохрома иш бермадими, ёки унинг “тозасини” Ҳолливуд ва америкалик миллионерларга сотишганми, ишқилиб, 1982 йилда СССР раҳбари Леонид Брежнев 74 ёшида ўлиб қолди. 18 йил давлат тепасида туриб, ҳатто гапиришга ҳам қийналиб қолган Брежневга ҳеч нарса фойда бермади.

Унинг ўрнига Андроповнинг ўзи СССР раҳбари, яъни КПСС Ижроия қўмитаси Бош котиби этиб сайланди. У мазкур курсида 15 ой ўтирган бўлсада, аслида 8 ой тузукроқ раҳбарлик қилди холос. Черков можароларидан кейин унинг соғлиги тўсатдан ёмонлаша бошлади. Бош котиблик пайтида Андроповни куч-қувват уни тарк эта бошлади. Буйраги яхши ишламаслиги боис, қонини тозалатиш учун мунтазам шифохонага бориб, гемодиализ қилдирар, бунинг учун кунора бир неча соат вақт кетар эди. Буни одамлардан яширишга уринишса ҳам, Бош котибнинг кўпинча билаги бинтланган ҳолда юриши уни сотиб қўярди.

КГБ олий лавозимига Андроповнинг ўрнига Виктор Чебриков тайинлангач, сатанистлар можароси бутунлай унутилди. Лекин Андропов барибир ғолиб чиқди. “Метин қалқони” – Брежнев ўлгач, ИИВ раҳбари Шёлоков унга кўрсатилган босимлар ва айбловларга чидай олмасдан ўз жонига қасд қилди.

Бу воқеалар қанчалик ҳақиқатга яқин ёки афсона эканини ҳозир исботлаш қийин. Далил ва исботлар эса вақт деб аталмиш қалин чанг остида қолган. Ҳатто кейинчалик сатанистлар ва уларнинг элита ҳамда ҳокимият вакиллари билан алоқалари шунчаки конспирологик назариялар экани, фейк маълумотларга асосланган, шов-шув учун тарқатилган фейк хабарлар экани далиллар билан исботланмоқда. Аденохрома ҳам унчалик ноёб модда эмаслиги, бунинг учун сатанистлар болани қийнаб, қонини тўкишлари шарт эмаслиги аниқланди. Уни лаборатория шароитларида синтез қилиш мумкин. Қолаверса, аденохрома моддаси яшартирмаслиги, руҳий хасталарга, қони тез қуйиладиган беморларга шифо бермаслиги, ҳатто наркотик вазифасини ҳам эплай олмаслиги исботланган.

Лекин шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, дейишганидек, ҳозир ҳам одам қонини хуш кўрувчилар бор. Одам органларини хуфёна олиб қўювчи жиноий гуруҳлар ҳам мавжуд. Сатанистлар ҳам бор. Бироқ болаларни шайтонга қурбон қилиш маросимлари мавжудлиги ҳамон исботланмаган ҳам, рад этилмаган ҳам.

Андропов ва аденохрома можросидан 40 йил ўтган бўлсада, болаларнинг ўғирланиш жиноятлари камайгани йўқ. Биргина Россияда ҳар йили 200-300 бола тўлов таъма қилиб гаровга олинади. Болалар, шунингдек, жинсий зўравонлик, фоҳишабозлик, одам савдоси ва қулликка мажбурлаш мақсадида ҳам ўғирланади. Бундан ташқари охирги пайтларда донорлик, ички аъзоларини олиб қўйиш мақсадида ҳам бола ўғирлашлар авжига чиққан.

Россия ИИВ берган маълумотларга кўра, фақатгина Москва шаҳрининг ўзида ҳар йили 1500 - 3000 бола йўқолади. Россия бўйича ҳар йили 15-30 минг вояга етмаган шахслар ғойиб бўлади.

Россияда 2018 йилдан бери йўқолган 2000 га яқин боланинг фақат 93 нафари топилган холос...

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+