“Синиқ деразалар”: сездирмай чўғланаётган учинчи жаҳон уруши
Навбатдаги сиёсий шарҳимизда дунёда чўғ олаётган уруш ўчоқларининг тобора кўпайиб, кенгайиб бораётгани, уларнинг ҳаммаси гўёки Россия - Украина низосини кутиб ўтиргандек бўлаётгани ҳақида сўз боради.
Социология ва криминологияда “Синиқ деразалар” назарияси бор. 1982 йилда социологлар Жеймс Вилсон ва Жорж Келлинг яратган ушбу назария “бир ҳуқуқбузарлик бошқа ҳуқуқбузарликни келтириб чиқаради”, деган маънони англатади. Масалан, бирор кимсасиз бинодаги биттагина дераза ойнаси синиқ бўлса, кўп вақт ўтмай, унда бирорта ҳам бутун дераза қолмайди. Синиқ ойна одамларни бошқа деразаларни ҳам синдиришга ундайди. Ёки ерга ахлат ташланган ва қаровсиз бўлса, йўловчилар бундай жойга бемалол чиқинди ташлаб кетишади. Агар муҳит тоза ва саришта бўлса, ҳеч ким биринчи бўлиб ерга қоғоз ташлашга журъат қилмайди. Қисқа қилиб айтганда, кимдир қонунни бузса ёки қонунга риоя этилмаган муҳитда бошқаларнинг ҳам тартиб-қоидага амал қилмаслиги эҳтимоли ошиб кетади.
Халқаро ҳуқуқ майдонида ҳам шунга ўхшаш вазиятни кузатишимиз мумкин. Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, давлатлар бундай фожеага бошқа йўл қўймаслик мақсадида бир қатор халқаро ҳуқуқ меъёрларини ишлаб чиқишди ёки мавжудларини такомиллаштиришди. Давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиш, мавжуд чегараларни ҳарбий ёки бошқа куч ёрдамида ўзгартиришга чек қўйиш, ҳатто уруш шароитида ҳам ҳарбий бўлмаган фуқароларнинг жабр кўришларининг олдини олиш, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи кабилар шулар жумласидандир. Яъники, халқаро ҳуқуқ майдонида ўзига хос сиёсий муносабатлар этикети, одоб меъёрлари шакллантирилди.
Бироқ вақт ўтиши билан муаммо ҳамда можароларни куч билан ҳал қилишга уриниш ҳолатлари кўпайиб кета бошлади. Ҳатто ўзига хос арбитр вазифасини ўташи керак бўлган БМТ ҳам бу масалаларни ижобий ҳал этишга ожизлик қила бошлади. Яна “синиқ деразалар” назариясига қайтадиган бўлсак, Россиянинг “деразага тош отиб синдиргани” бошқа сиёсий субъектларни ҳам руҳлантириб юборди, десак бўлади. Кимсан, БМТ хавфсизлик кенгаши доимий аъзосининг ўзи БМТ қоидаларини бузгани бошқа агрессорларни ҳам “руҳлантирди”. Қолаверса, бутун Ғарб Украинага ёрдам бериш билан овора бўлиб, чалғиб турган бир шароитда ўз мақсадларини амалга оширишга уринувчи халқаро муносабат субъектлари кўпая бошлади.
Чунки айнан 2022 – Украинага босқин уюуштирилган йилдан сўнг дунё бўйлаб халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва эришилган келишувларни бузиш “паради” бошланди, дейиш мумкин. Жумладан, Хитой Тайванга бўлган эътирозларини “эслаб қолди”. Югославия вориси Сербия Косовони бўйсундиришга киришмоқда. Сурияда ва Ироқда безовталиклар авжланди. Озарбайжон Тоғли Қорабоғни ҳарбий йўл билан қайтариб олди. Исроил-Фаластин можароси янада ўткирлашди.
Хусусан, Исроилни оладиган бўлсак, бу давлат БМТга ҳам, қандайдир синиқ ойналар ва Қримни босиб олишига ҳам қараб ўтирадиган “одобли ўқувчи” эмас. Ярим асрдан зиёд вақт давомида БМТнинг Исроилни “тартибга чақирувчи”, 1967 йилги чегараларга қайтишини талаб қилувчи резоляюцияларининг бирортасига амал қилгани йўқ. 2014 йилда бир фаластинлик ўсмирнинг яҳудий экстремист диндорлар томонидан ўлдирилиши фаластинликларни жунбушга солган ва натижада ХАМАС томонидан Исроил ҳудудидага ракеталар отилган эди. Бунга жавобан Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига бостириб кириб, “Метин қоя” ҳарбий операциясини бошлаган. Можаро Миср воситачилигида тўхтатилган. Исроил тарафидан 60 киши, фаластинликлардан тахминан 2000 (!) киши ўлган.
Бунга ўхшаш ҳарбий тўқнашувлар кўплаб кузатилаётган бўлса-да, жорий йилнинг 7 октябрида ХАМАС бошлаган кенг кўламли ҳужум Исроил учун кутилмаган ҳодиса ўлароқ шокка солиб қўйди. Ҳарбий шарҳловчи Давилд Шапрнинг айтишича, буни Исроил разведка ҳамжамиятининг улкан муваффақиятсизлиги дея баҳолаш мумкин. Бу ҳужум бутун минтақа, ҳатто дунё бўйлаб ишончли манбалари ва хайрихоҳлари бўлган, АҚШ ва Европанинг йирик ва қудратли давлатлари билан разведка маълумотлари алмашувини йўлга қўйган Исроил разведкаси учун кутилмаган ҳодиса. Ҳатто ХАМАС ичида ҳам бу разведка агентлари борлиги айтилади баъзи манбаларда.
Аслини олганда бу Исроил разведкасининг биринчи “қовун тушириши” эмас. 1973 йилда Миср ва Сурия армиясининг 1967 йилдаги 6 кунлик урушда Исроил босиб олган ерларни қайтариш мақсадида уюштирган ҳужуми ҳам Исроил разведкаси учун кутилмаган ҳодиса бўлган эди.
Орадан нақд 50 йил ўтиб, “юбилей” санада (эҳтимол атайлаб шу санага бағишлагандир) ХАМАСнинг Исроилга қарши “Ал-ақсо тўфони” амалиётини амалга оширгани ҳам Исроил разведчилари кутмаган иш бўлди, дейилмоқда. Қолаверса, бу ҳужум Исроил мақтанадиган “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими унчалик самарадор эмаслигини ошкор қилиб қўйди. ХАМАС томонининг айтишича, Исроил ҳудудига 5000 ракета отилган, Исроил томони эса 2200 рақамини келтирган. Ракеталарнинг кўпчилиги Тел-Авивгача етиб боргани ҳаво мудофааси тизимларниниг кучсиз жиҳатларини кўрсатиб қўйди.
Мазкур можарога жавобан Исроил ҳукумати ХАМАСга қақшатқич зарба беришни ваъда қилди. Ғазо сектори тинимсиз ўққа тутилмоқда. Бинолар вайрон этилмоқда. Қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар бошланиши кутилмоқда. Исроил армияси Ғазо секторидаги ХАМАС марказларига кенг кўламли ҳужум уюштираётганини маълум қилди. Исроил мудофаа вазири Ёав Галант Ғазо секторини тўлиқ қамал қилишга буйруқ берди. “Ғазода на электр, на озиқ-овқат, на ёқилғи бўлади. Ҳамма таъминот тўсилади”, деган Исроил мудофаа вазири.
Бироқ ҳар қандай воқеа ва ҳарбий тўқнашувларнинг сабаблари ва келтириб чиқарувчи омиллари бор, албатта.
Фаластин халқининг ярим асрдан бери азоб чекаётгани, Ғазо секторининг 2015 йилдан бери қамалда қолаётганидан ташқари, Исроил янги ҳукумати фаластинликларга нисбатан юритаётган кескин сиёсати ҳам бу фалокатлар учун триггер вазифасини ўтади, дейиш мумкин. Сиёсатшунос Аббос Галлямовнинг айтишича, охирги бир-бир ярим йилдан бери Исроил ҳукуматини Бенямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги радикал ўнг коалиция бошқармоқда. “Умуман олганда уларни экстремист, яҳудий миллатчилари, деб аташади. Улар фаластин маъмуриятининг жиғига тегиб келишди. Яъни мана шундай вазият юзага келиши учун провокатор вазифасини ўташди. Агар эскалация – кескинлашув йўлидан борсангиз, бу эскалация оқибатларига дуч келасиз, албатта”, дейди сиёсатшунос.
Бироқ ХАМАСнинг айни ҳаракатлари ўз мақсадларига эгалиги эҳтимолдан холи эмас. Бир қарашда бу сиёсий-ҳарбий кўрликдек туюлади. Чунки Исроил ташкил топганидан бери ҳарбий қудратини ривожлантириш учун катта куч ва маблағ сарфлаб келади. Бу юртда ҳаттоки қизлар ҳам армияда хизмат қилади. Ҳар бир фуқаро потенциал аскар сифатида рўйхатда туради. Уруш ёки фавқулодда ҳолатларда 400 минг резервист йиғилиши мумкин ва шу кунлардаги вазиятда бу амалга ошди ҳам.
Бунинг устига бутун Ғарб АҚШ бошчилигида Исроилга хайрихоҳ ва ҳар қандай сценарийда унга ёрдам беришга тайёр. Ҳатто АҚШдаги айрим конгрессменлар Украинага ёрдамни вақтинча тўхтатиб, Исроилга ҳарбий ва молиявий мадад беришни кўпайтиришни сўрамоқда.
Шундай бир шароитда уюшмаган ва ҳарбий қудрати ҳаминқадар бўлган ХАМАСнинг ҳужумлари узоқни кўзламаган амалиётдек туюлади. Бироқ фаластинликларнинг узоқ йиллар давомида хўрланиб ва қамалда сақланиб келингани шундай спонтан (аслида олдиндан режалаштирилган) ҳаракатларга сабаб бўлди, дейиш мантиқан тўғри бўлади. Бунинг устига охирги ойларда Исроил ҳукуматининг мусулмонлар учун учинчи муқаддас макон бўлмиш Ақсо масжидига чанг солаётгани, бу ерга кириш гоҳ чеклаб, гоҳ рейдлар уюштираётгани, ҳатто айрим яҳудий диний экстремистларнинг Ақсони портлатиб, ўрнига яҳудий ибодатхонасини қурамиз, дейишаётгани фаластинликлар сабр косасига тушган охирги томчи бўлди, деган фикрлар ҳам янграмоқда.
ХАМАСнинг қуролли бош кўтаришига сабаб қилиб, айрим экспертлар Россия, Хитой, Эрон, Туркия каби давлатларни кўрсатишади. Ҳатто баъзи конспирологлар бу ҳужумдан аввало Исроилнинг ўзи энг катта манфаатдор, бу ҳужум оқибатида Исроил дунё ҳамжамияти олдида ўзини янада жабрдийда қилиб кўрсатади, кейин эса фаластинликлар ҳамда Фаластин давлати тузилишига қарши истаганча курашиш карт-бланшини қўлга киритади, дейишади. Бу ҳужум ҳам Исроил разведкаси учун кутилмаган воқеа бўлмаган. Балки билса-да, ўзини билмаганга олиб, тактик манёвр қилиб, тегишли ҳаракатсизлик орқали атайлаб шунга йўл қўйиб берган, дея изоҳлашади. Акс ҳолда ХАМАСнинг бирпасда бир неча ҳарбий объект ва аҳоли пунктларини ҳеч бир қаршиликсиз эгаллаб олганини бошқа қандай изоҳлаш мумкин, дейишади улар.
Яна бошқа тахминларга кўра, Ҳиндистон ва Исроил орқали ўтиши керак бўлган, Европа ва Ҳинд океани портларини боғловчи муҳим логистика йўли лойиҳасини барбод қилиш учун Исроилда беқарорлик келтириб чиқариш режалаштирилган. Гўё Туркия ва Эрон бу йўлнинг айнан ўз ҳудудларидан ўтишини исташгани боис бу можародан манфаатдор дейишади. Қолаверса, Хитой ҳам Ҳиндистоннинг азалий рақиби сифатида бу лойиҳага зимдан қарши, деган фикрларни илгари суришади.
Иккинчи тахминга кўра, Эрон ўзига азалий душман ҳисобловчи Исроилга қарши шундай амалиётни режаштирган. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Исроилга ҳужумни тайёрлашда Эрон разведка хизматлари иштирок этган бўлиши мумкин. Нашр Фаластиннинг ХАМАС гуруҳи ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” шиа ҳаракатининг юқори мартабали вакилларига таяниб маълум қилишича, гўёки ХАМАС жангариларининг Исроилга ҳужуми неча ҳафта олдин Эрон разведка хизматлари кўмагида режалаштирилган. Эрон расмийлари ўтган ҳафта Байрутда фаластинлик жангарилар билан учрашув чоғида ушбу ҳужумга “яшил чироқ ёққан” эмиш. Байрутдаги йиғилишда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси зобитлари иштирок этган. Улар август ойидан бери ХAМAС билан биргаликдаги ҳарбий амалиёт устида ишламоқда, деб ёзган The Wall Street Journal. Оқ уй эса Теҳроннинг ҳужумга алоқадорлигини тасдиқловчи далилларни ҳали кўрмаганини айтди.
Бироқ Эрон Исроилга ҳужумни режалаштиришга алоқадорлигини инкор қилмоқда. Эроннинг БМТдаги миссияси Теҳрон ХАМАС жангариларининг Исроилга қарши ҳужумини режалаштиришда иштирок этгани ҳақидаги хабарларни рад этди. "Биз Фаластинни қатъий қўллаб-қувватлаймиз, аммо биз Фаластиннинг жавоб чораларида иштирок этмаймиз, чунки бу қарорлар фақат Фаластиннинг ўзи томонидан қабул қилинади", деган Эрон вакили.
Ҳарбий шарҳловчи Давид Шарпнинг тахмин қилишича, ХАМАСнинг асосий мақсади – ўзини ғолиб қилиб кўрсатиш ва исроилликларни гаровга олиб, Исроил қамоқхоналарида ётган минглаб фаластинликларга айирбошлаш бўлган.
Кейинги тахминларга кўра, бир гуруҳ сиёсий кучлар Исроилнинг Яқин Шарқ давлатлари билан яқинлашувига қарши чиқмоқда. Маълумки, шу пайтгача – 2020-2021 йилларда Исроил бир қатор араб давлатлари билан муносабатларини яхшилаб, “Иброҳим келишувлари” деб номланган туркум тинчлик келишувларига эришди, деб аталади. (Иброҳим алайҳиссалом ҳар учала монотеситик дин – яҳудийлик, насронийлик ва ислом учун ҳам ҳурматли шахс ҳисобланади – таҳр.) Тез орада эса Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида ҳам шундай тинчлик шартномаси имзоланиши кутилаётган эди. Мазкур ҳарбий ҳужум эса яна араб ва мусулмон давлатларининг ғазабини уйғотиб, Исроилнинг бу борадаги режаларига путур етказиш мақсадида ташкиллаштирилгани айтилади.
Яна бошқа тахминга кўра, Россия Украинадаги урушдан Ғарбни шу йўл билан чалғитмоқчи. Кремл, агар Ғарб Исроил билан, унга ёрдам бериш билан овора бўлиб қолса, Украинага ёрдам ҳажми ва эътиборини камайтиришга мажбур бўлади, деган умидда мазкур ҳарбий амалиётни режалаштириш ва молиялаштиришда кўмаклашган, қабилидаги тахминлар ҳам мавжуд. Шунингдек, Россия бу можарони қўзғаб, мусулмонларнинг АҚШ ва Ғарбга хайрихоҳлигини йўққа чиқаришни, яъни уларни гиж-гижлаб, ўз тарафдорларини кўпайтиришни кўзлаяпти, деган тахминлар ҳам юрибди.
Бироқ, нима бўлганда ҳам, бу қуролли ҳужум оқибатлари бор. Бутун Яқин шарқ минтақаси, ҳатто бутун дунё сиёсатига таъсир кўрсата оладиган, геополитик вазиятни ўзгартирадиган туб бурилишлар ясаши мумкин. Буни АҚШдан бошқа икки қудратли давлат – Хитой ва Россиянинг мазкур ҳодисага муносабатида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги “муаммонинг ечими “икки халқ учун икки давлат” қарорини амалга ошириш ва мустақил Фаластин давлатини барпо этишдан иборат”, дея баёнот берди. Вазирлик вакилининг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият Фаластин муаммосини ҳал этишдаги ҳиссасини фаоллаштириш, Фаластин ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокараларининг тезроқ тикланишига кўмаклашиш ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш йўлини топиши зарур.
Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев эса бу можарода АҚШни айблаган. “Йом Кипур урушининг 50 йиллиги муносабати билан ХАМАС ва Исроил ўртасидаги жангларнинг бошланиши кутилган воқеа. Вашингтон ва унинг иттифоқчилари шу билан шуғулланишлари керак эди. Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддият ўнлаб йиллардан буён давом этмоқда. Ва AҚШ у ерда асосий ўйинчидир. Aммо бу аҳмоқлар Фаластин-Исроил келишуви устида фаол ишлаш ўрнига, бизнинг орамизга кириб, неонацистларга бор кучлари билан ёрдам бериб, икки яқин давлат орасига низо солмоқда. Aмериканинг сайёрамизнинг ҳамма жойларида можароларни келтириб чиқаришга бўлган тентагона иштиёқини нима тўхтата олади? Афтидан, фақат AҚШда фуқаролар уруши юз бериши уни тўхтата олади”, дея кескин муносабат билдирган Медведев.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса “Фаластин муаммосини энди кечиктириб бўлмайди, Араб давлатлари лигаси бу ерда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин. Фаластин муаммосини фақат Фаластин давлатини ташкил этиш билан ҳал қилиш мумкин”, дея баёнот берган. Шунингдек, “бу можарода АҚШ муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилмаяпти. Аксинча, Фаластин давлатини тузиш ва БМТ резолюцияларини ижро этиш мавузусидан қочишга уринмоқда. Қолаверса, АҚШ Исроил ва Ғазо сектори муаммоларини ҳал қилиш бўйича тинчликпарварлик уринишларига тўсқинлик қилмоқда”, деган Лавров.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Исроил ташкил топганидан бери давом этиб келаётган бу эски муаммода СССР доимо Фаластин ва араб давлатлари тарафида бўлган. Айни пайтда ҳам фақатгина Россия ва Хитой яна Фаластин давлатини тузишни кечиктирмасликка чақирмоқда. Шундай қилинса, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилади ва биз бу тинчликдан манфаатдормиз, демоқда. Эҳтимол бу ҳаракатлар Фаластин давлатини тузиш жараёнини тезлаштириб юборар ёки бу режани ушалмас орзу сифатида бутунлай қабрга тиқар, буни вақт кўрсатади. Бироқ ярим асрдан бери ғилдираги сунъий тўсиқлар лойига тиқилиб ётган Фаластин муаммосини жойидан силжитиш учун янги куч оқимини шакллантиради, деган эҳтимоллар ҳам йўқ эмас.
Албатта, ХАМАСнинг бу ҳаракати натижасида Ғазо сектори, умуман, фаластинликлар бошига мислсиз кулфатлар ёғилиши эҳтимолга яқин. Шунингдек, араб ва мусулмон оламида Исроил фуқароларига, яҳудийларга нисбатан муносабат янада ёмонлашувига ҳам олиб келиши мумкин. Бугун Мисрда икки исроиллик сайёҳ ва гид ўлдирилгани ҳам, афсуски, бундай муносабатлар ибтидоси бўлиши мумкин.
Ўз навбатида дунёдаги бой ва қудратли давлатлар бу воқеалар ортидан фаластинликларга ёрдам беришни тўхтатиши ва уларга совуққон ва ҳатто раҳмсиз муносабат позициясига ўтиб олишлари кутилмоқда. Жумладан, Европа Иттифоқи ҳам бутунлай Исроил тарафида эканини, энди Фаластин улардан ҳеч қандай молиявий ёрдам кутмаслиги кераклигини маълум қилди. “Исроил ва унинг халқига қарши террор ва шафқатсизлик кўлами бурилиш нуқтасидир. Европа Кенгаши фаластинликлар учун энг йирик донор сифатида ўзининг 691 миллион евро миқдоридаги ёрдам портфелини қайта кўриб чиқмоқда”, деган Иттифоқнинг кенгайиши ва қўшничилик сиёсати бўйича Европа комиссари Оливер Вархели.
Албатта, Толибон, Эрон ва Ҳизбуллоҳ қуролли гуруҳларининг ХАМАСга ёрдам беришга тайёр эканликларини изҳор қилишгани бу можаро Яқин Шарқда яна бир катта уруш ўчоғи пайдо бўлишига олиб келади, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас. Бироқ минтақадаги вазиятдан манфаатдор дея кўрилувчи давлатлар раҳбарларининг бу можаро юзасидан билдирган босиқ ва совуқ баёнотларига қараганда, мазкур ҳарбий можаро ҳам тез орада якун топади ҳамда Исроил-Фаластин муаммоси деган қалин ва эски китобнинг яна бир сарғайган варағига айланади холос. Зеро, бу муқаддас маконда нотинчлик бўлишидан манфаатдор томонлар ҳамон қудрат устида экан, Фаластин давлати тузилиши ва минтақада осудалик ҳукмрон бўлишидан умид қилишга ҳали эрта.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.