platina.uz

Хусусий мактаблар табақаланишнинг бошланишими?

Platina.uz Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг чекка қишлоқларида бўлиб, аҳволни ўрганди.

Жамият
6 октябрь 2023 йил
Хусусий мактаблар табақаланишнинг бошланишими?

Ёшлигимиздан бизга фарзандлари билимдон, соғлом юрт қудратли бўлур, деб ўргатиб келишган. Бутун дунёда ҳар бир инсон тенг ҳуқуқли деган ғоялар илгари сурилади. Aммо биз фарзандларимизга тенг ҳуқуқлилик бўйича яхши ўрнак кўрсата оляпмизми?

Яқинда халқаро олимпиадаларда фахрли ўринларни олган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Халқаро майдондаги ютуқларимиз ўзини шу юртнинг фарзанди дейдиган барчани қувонтиради, албатта, аммо тақдирланаётганлар орасида мен Қашқадарёнинг бир чекка ҳудудидаги мактабданман ёки Сурхондарёдаги тоғлар орасидаги интернет у ёқда турсин, ҳатто телефонга зўрға уланиш сигналлари топиладиган кичик мактабданман, деганларни кўрмайсан киши.

“Иқтидорлилар” фалон ихтисослаштирилган ёки номи ва ўқитилиши билан танилган қандайдир “катта” мактабларда таҳсил олишади. Давлатимизда республика бўйича барча умумтаълим мактабларига бир хил дарслик тарқатилади, ўқитилади. Aммо мана шу чекка ҳудуд аҳолиси ҳатто ўтказилаётган халқаро олимпиадаларнинг номини ҳам билишига шубҳамиз бор.

Platina.uz Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг чекка қишлоқларида бўлиб, аҳволни ўрганди. Ҳудудда ҳеч қайси телефон операторидан деярли алоқани топиш амри маҳол, интернет ҳақида гапирмаса бўлади. Мактабдаги синфда атиги 6 ёки 8, узоғи 10 нафар ўқувчи ўқийди. Шу чекка қишлоқлар ўқитувчилари болаларнинг саводли бўлиши учун бори билан таълим беришади. Тоғу тошлар орасидаги қишлоқ мактабига баъзилари жуда узоқдан қатнашади. Бу йўллар ёки тошлоқ, чанг йўллар, ёки сўқмоқлар орасидаги ёлғизоёқ йўл. Тил ўрганишда эса бир устоздан бошқа танловлари йўқ. Хусусий ва нуфузли мактаблар бунинг уддасидан яхшигина чиқишган. Уларнинг тенгдошлари ўз соҳасининг чўққисига чиққан мутахассислардан дарс олади. Юртимизда ҳар бир соҳага ихтисослашган ўша соҳани ипидан игнасига ўқитадиган, тўлов сўммаси отнинг калласидай келадиган хусусий мактаблар бор. Бундай устозлару, мактабларда таълим олиши учун тўланадиган ойлик тўлов ҳақини бир ойда оддий ўзбек оиласи топади ёки йўқ.

“Нима қилибди” деб енгил қарашингиз мумкин. Aммо барча тенгдош ўқувчилар мактабни битиришади. Aйтинг-чи, бу икки муҳитда катта бўлган болаларнинг рақобати соф бўладими?

Тенгсизлик йўқолади, адолат йўқолади, онгли қараётган ҳар бир инсон бу ерда табақаланишни кўради. Инсоният табақаланган эволюцияни бошидан ўтказган. Бу босқичдан хулоса чиқариб, тенг ҳуқуқлиликка йўл очилган. Aйнан мана шундай тенгсизликни енгиб ўтиш учун бизда мактаб дарсликларини бошқатдан ўқитадиган курслар пайдо бўлди. Оддий мактаб болалари олийгоҳларга кириши учун мана шу янги “тизим” — абитуриентлик тизимини” бошдан ўтказади. Ҳам кулгили, ҳам ачинарли жиҳати шуки, улар ўқиган дарсликларини қайта ўрганадилар.

Олий таълимга фақатгина мана шу йўл билан келиш мумкин холос. Шу ўринда бир нарсани айтиш мумкин, “ҳамма шаҳарга келиб олса бўлди, қишлоққа ҳеч ким қайтмайди”, деган гаплар юради. Қишлоқ ҳаётида катта бўлган шаҳарга келиб ўқиши, тенгдошлари билан тенглашиши қийин одам ўз фарзандларига ҳам бу тақдирни раво кўрмайди. У ҳам фарзандини бошқа болалар билан рақобатдош бўла олишини, яхши ҳаётга, яхши келажакка эга бўлишини хоҳлайди. Қишлоқдаги ўқувчилар ҳам шу давлатнинг болалари-ку, наҳотки давлатимиз қайсидир фарзандларини айириб яхши кўрса? Фикрларимиз нотўғри деб ўйласангиз, нега чекка қишлоқ болалари бошқа “ажратилган” болаларчалик эмас? Нега айнан ўша олис қишлоқ фарзанди фан олимпиадалари ғолиблари эмас? Нега ўқувчилар қайта тайёрланмай ўқишга киролмайдилар? Нега улар олий таълим учун яна ёнидан пул тўлаб ўша дарсликларни ўрганиши керак? Нега улар табақаланган мактабларда ўқиши керак?

Aйбни болаларга тўнкашдан аввал бутун мамлакатда олийгоҳга кириш учун қайта ўқиётганлар сонига қаранг, сонлар болаларни эмас, тизим камчиликларини кўрсатади.

Фазилат Соиб

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+