platina.uz

Германия Марказий Осиёдан нима умид қиляпти?

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб, жумладан, Европа давлатлари Марказий Осиёга кўз тикмоқда. Хусусан, Германиядаги учрашувлардан немисларнинг асл мақсади нима? Қуйида бу мавзу батафсил шарҳланган.

Таҳлил
6 октябрь 2023 йил
Германия Марказий Осиёдан нима умид қиляпти?

2016 йилдан кейинги янги Ўзбекистон ички сиёсатда сезиларли ижобий ўзгариш ясаганидан сўнг, ташқи сиёсатда ҳам кескин фаоллашгани кузатилмоқда. Республиканинг янги маъмурияти ташқи сиёсатидаги қадамларини аввало қўшнилари – Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни яхшилашдан бошлади. Айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон билан қўшничилик ва дипломатик алоқаларнинг мустаҳкамланиши, чегараларда делимитация ва демаркация жараёнларининг якунланиши мана шу саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Ўзбекистон қўйган кейинги қадамлар самараси ўлароқ, Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, улар халқаро муносабатлар майдонида якдил куч сифатида баҳамжиҳат ҳаракат қилишига эришилди. Бундай якдиллик халқаро ҳамжамият учун ҳам қулай – сиёсий ва иқтисодий масалаларда ҳар бир давлат билан алоҳида келишувга вақт ва ресурс сарфлаш, уларнинг бирортаси розилик бермаган тақдирда турли фойдали лойиҳаларни бой бериш хавфи камаяди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг нафақат жўғрофий, балки сиёсий маркази, минтақа давлатлари халқаро муносабатларининг ўзига хос локомотиви вазифасини ҳам ўтамоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиё минтақасида «минтақавий ўзига хосликни англаш» туйғуси кучайиб бораётганини таъкидлагани бежиз эмас. Президентнинг «Бизнинг тарих ва келажагимиз ҳам, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумийдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ!» дегани ҳам бу йўлдаги қатъият ва собитликдан дарак беради. Унинг халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этишига ишонч билдиргани, шунингдек, мамлакатларни «умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда» жипслашишга чақиргани – дунёда «ишонч инқирози» ва «халқаро ҳуқуқдан чекиниш» туфайли юзага келган кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда катта аҳамиятга эга.

«Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади», дейиш орқали Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўз зиммасига МО етакчилиги вазифасини олаётганига ишора қилган, дейиш мумкин.

Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё давлатларининг халқаро майдонда сиёсий мустақилликка эришаётгани, ўз овозига эга бўлиб бораётганида ҳам Ўзбекистон янги маъмуриятининг улуши катта. Тўғри, энг аввало Украинага босқин ва халқаро ҳамжамиятнинг салбий ёндашуви сабабли, аммо кўп жиҳатдан, ички ташаббус туфайли минтақа халқаро алоқалари форматида туб бурилиш ясалди. Аввалги даврда МОнинг дунё билан машваратларини Россия иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмасди. Боиси, Хитой ва АҚШ каби “сиёсий оғир вазнли” давлатлар билан мулоқотларда албатта Россия таклиф этилар, ёки Россиянинг ташаббуси билан ўтказилар, ёки у кўрсатиб берган йўналишлар муҳокама қилинар эди. Ҳатто МО давлатларининг ўзаро муносабатларида ҳам албатта Россия сиёсий арбитр вазифасини ўтаб келган.

Марказий Осиё ташқи сиёсатидаги туб бурилиш

Ўтган йил охирларидан бошлаб МО давлатларининг ташқи сиёсатдаги фаолияти Россия билан мувофиқлаштирилмаган ҳолда давом эта бошлади. МО деганда 5+1 (яъни Россия) назарда тутиладиган даврлар ортда қолгани аниқлашди.

Жорий йилнинг 20 сентябрида тарихда илк марта Нью-Йоркда, БМТ Бош қароргоҳида “С5+1” (яъни МО+АҚШ) форматида МО мамлакатлари раҳбарлари ҳамда АҚШ президенти учрашуви ўтказилди. Саммитда АҚШ президенти Жо Байденнинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам саммитда қатнашди. Олий даражадаги учрашувда, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризмга ва трансчегаравий жиноятларга қарши кураш масалаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилган.

Саммитда, шунингдек, «барча мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурати» ҳамда «бошқарувни ва қонун устуворлигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар» муҳокамалар мавзуси бўлган. Саммит якунида АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатларидан бирига келишни режалаштираётганини маълум қилди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, 29-30 сентябр кунлари Берлин шаҳрида биринчи Марказий Осиё-Германия саммити бўлиб ўтди.Германия сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини саммитга тўплаган олтинчи давлатдир. Ўтган йилнинг октябр ойидан бери минтақадаги беш давлат раҳбарлари Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, араб давлатлари раҳбарлари ва АҚШ президенти билан учрашишди.

Берлиндаги саммитда эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатларига мустақилликнинг илк кунлариданоқ амалий кўмак кўрсатишда Германия муҳим ўрин тутиб келаётганини юқори баҳолади. Шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Булар – инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, «яшил» кун тартибини илгари суриш, Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш, Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишдан иборат. Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Тарихий илдизларга эга муносабатлар

Мавриди келганда айтиш керак, Германия ЕИда сиёсий-иқтисодий масалаларда етакчи ўрин тутади. Унинг номинал ЯИМи 3,9 триллион долларга тенг бўлиб, ЕИда биринчи ўринда туради. ЕИдаги улуши 30 фоизни ташкил этади. Қолаверса, Германия деярли 3 асрдан бери нафақат адабиёт ва санъат, балки технологик ва илм-фан тараққиётининг тимсоли бўлиб келган. Яна бир урғу берилиши керак бўлган жиҳат, МО давлатлари Чор Россияси таркибида бўлган даврларда ҳам немис-рус муносабатлари қизғин тус олган. Гарчи бу икки империя кўпинча уруш майдонларида учрашган эса-да, Германия императори Вилҳелм II Россия императори Николай II нинг холаваччаси эди. Россияда илм-фан ва техника тараққий топишида Германиянинг аҳамияти катта бўлган. Россия императорлари ота томондан немислиги учун, ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам немислар устун эди – улар француз, инглиз, португал савдогарларидан кўпроқ имтиёзга эга бўлган. Табиийки, МО давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқалар ўша даврлардаёқ аҳамиятли бўлган. ХIХ асрдаёқ Германиянинг Лейпциг шаҳрида қоракўл тери билан савдо қилувчи ўзбек савдогарларининг алоҳида шохобчаси бор эди.

Болшевиклар Чор Россияси ҳокимиятини ағдарган йилларда ҳам туркистонлик зиёлилар Германияга идеал тузим сифатида қараб, у билан алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилган. Айниқса, ёшларни шу давлатда ўқитишга интилишган. Масалан, Туркистон ва Бухородан 1922 йил охирларида 70 га яқин турли ёшдаги маҳаллий ёш йигит ва қизлар Германиянинг турли шаҳарларидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, кимё, электротехника, кончилик, фалсафа, педагогика,тиббиёт ва бошқа муҳим соҳалар бўйича ўқишга юборилган. Афсуски, коммунистлар ўз мустамлакасида туркистонликларни билимли ва илғор халқ сифатида эмас, балки қул ва лаганбардор хизматкор сифатида кўришни истагани боис, бундай интилишлар илдизидан қирқилган. Германияда ўқиб қайтган ёшларнинг деярли барчаси 1938 йилнинг 4-9 октябр кунлари коммунистлар томонидан вахшийларча отиб ўлдирилган.

Энг қизиғи, иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам Германиянинг Марказий Осиёга нисбатан ўз қарашлари, стратегияси доим бўлган. Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг таъкидлашича, ЕИнинг энг кучли давлатларидан Германия 90-йиллардан бошлаб Марказий Осиёга қаратилган махсус стратегия ишлаб чиқиб ҳаракат қилган. Тартиблаштирилган махсус ҳужжат 2008 йилдан бошлаб ЕИнинг “Марказий Осиё стратегияси” деб юритила бошланган. Мазкур стратегиянинг ишлаб чиқилишида Германия ташаббускор эди. 2019 йилда қабул қилинган янги стратегияда ҳам айнан Германия ташаббус кўрсатди.

Марказий Осиёдан Германияга нима наф?

Юқорида айтилганидек, Германия ва МО куни кеча муносабат ўрнатиб бошлагани йўқ.

Германия мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрната ва иқтисодий алқоларни мустаҳкамлаш йўлидан борган. Натижада Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлардан бирига айланган. Янги Ўзбекистон маъмуриятининг Гемрания билан муносабатлари чўққисига чиққан давр ҳам 2023 йилга тўри келади. Шу йилнинг 2-3 май кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайернинг таклифи билан Германияда бўлди. Ўшандаёқ “Германия – Марказий Осиё” форматидаги мулоқотларни ривожлантириш келишиб олинган эди.

Ўзбекистоннинг Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, Германия Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги энг йирик 10 та ҳамкоридан бири бўлиб, товар айланмаси бўйича 7-ўринда, экспорт бўйича 19-ўринда, импорт бўйича 6-ўринда туради.

Бироқ 2022 йилда минтақа, хусусан, Ўзбекистон иқтисодий алоқалари янги босқичга кўтарилди. Аввал 500 миллион доллардан ошмаган товар айирбошлаш ўтган йили тарихий рекорд натижани ўрнатиб, 1 млрд. евролик маррадан ўтди. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон ташқи савдосида ЕИ давлатлари ичида Германия биринчи ўринда турибди. Янги Ўзбекистон даврида Германия Ўзбекистонга 5,5 млрд. евро инверстиция киритган. Ҳозирда Ўзбекистонда 200 дан зиёд корхона немис капитали асосида фаолият юритмоқда.

Бироқ бу статистика рақамлари уммонида бир рақамга алоҳида эътибор қаратиш лозим: барча “кўтарилиш”, “янги босқич”, “рекорд” ва ҳоказолар 2022 ва 2023 йилларга тўғри келмоқда. Хўш, 2022 йилда нима оламшумул ва бутун дунё сиёсатига таъсир кўрсатган воқеа содир бўлди? Тўппа-тўғри – 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирди ва шу пайтгача эришилган дунё тартиботини ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Бу воқеа худди улкан дарё оқимини тўхтатиб қўйишга уриниш билан баробар: йўли тўсилган дарё тўхтаб қолмайди, у ўзига янги ўзан ва оқиш йўлларини қидиради! Аввал оққан жойлари бўлса, янаям яхши, ўша ерлардан кўпроқ оқади. МО ҳам Европа учун тажрибадан ўтган ўзандек гап. Россия муҳим элемент сифатида қатнашган барча сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва ижтимоий тизимлар парачаланиб, Россия иштироки қайта тузила бошланди.

Бу аввало нефт, газ ва бошқа фойдали минералларни етказиб бериш, яъни энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ. Россиядан сиёсий қарамликка чек қўйиш учун ЕИ аввало русларнинг нефт ва газига қарамликдан қутулиши керак эди. Бунга маълум даражада эришди ҳам. Аммо муқобил вариант топиш талаби қўйилди. Қарабсизки, МО энг қулай вариант бўлиб кўринди.

Кейинги муҳим омил логистика, транспорт коридорлари билан боғлиқ. Янги дунё тартиботига кўра, Хитой Россия орқали ўтган йўллар ўрнига МО орқали логистика тармоқларига эътибор қаратилмоқда. Хитой ва АҚШ зиддиятлари авж олаётган бир пайтда Хитой океан орқали ўтувчи йўлга муқобил вариант сифатида МО орқали йўл солишни танлашга мажбур. Европа ҳам ўзига келувчи товарлар оқими Россияни айланиб ўтиши учун МО билан “дўстлашишга” мажбур бўлмоқда.

Ва кейинги энг муҳим омил – дунёдаги қудратли давлатлар ўртасида зиддият ва рақобат ортиб бораётган бир шароитда ҳар бир томон сиёсий дивидендлар олиш мақсадида МОни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилади. Марказий Осиё эса савдо-иқтисодий ва бошқа ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиб, турли кучлар ўртасида дорбоз каби мувозанатда туришга интилмоқда.

Кези келганда айтиш жоиз, аввалари АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан қизиқишини фақат Афғонистон билан ва Россия билан рақобатга боғлашар эди. Бироқ 2022 йилда ушбу икки омил ҳам долзарблигини йўқотди. Лекин Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида Марказий Осиё Афғонистон контекстидан қатъи назар, муҳим аҳамиятга эга экани белгилаб қўйилгани минтақанинг юқорида айтилган сабабларга кўра аҳамиятли эканини исботлайди.

ЕИ ва МО яқинлашуви сабаб бўлган омиллардан яна бири ҳам Россия босқини билан боғлиқ. Сир эмас, Россиянинг Украинага бостириб киришини Германия қаттиқ қоралаган ва унга қарши санкциялар жорий этганларнинг бошида турибди. МО давлатлари Россияга иқтисодий яқинлиги боис, бу вазиятда нейтрал позицияда. Бундай нозик шароитда Европа Иттифоқида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қирғизистон орқали санкцияга киритилган товарлар Россияга бориши мумкинлиги хусусида хавотирлар мавжуд. Санцияларни четлаб ўтиш масаласи ЕИ учун айниқса муҳим. Чунки қамал қилинган қалъага кимдир хуфёна товар киритиб турса, қамалдан маъно қолмайди. ЕИ ҳам МО давлатлари санкцияларни айланиб ўтишда Россияга кўмак бермаслигини истайди. Гарчи МО етакчилари зинҳор бу масалага аралашмасликларини айтишган бўлса-да, ЕИ ва МО ўртасида пул маблағлари ва товарлар оқими кескин ошгани қатъий қадамлар қўйишни, санкциялар кучини камайтирмасликлари учун МОга қўшимча сиёсий ва иқтисодий бонуслар бериш масаласини ўртага чиқаради.

Агар бундай вазият давом этса, яъни Россия можароси тўхтамаса, ЕИ ва МО алоқалари янада кучайиши табиий. Бироқ вазият аввалги ўзанига қайтса, нима бўлади, деган савол туғилади.

Бунинг жавоби оддий – аввало 2022 йилгача бўлган давр энди қайтиб келмайди. Агар вазият аввалги ҳолатига қайтган тақдирда ҳам катта ресурс ва инвестициялар сарфлаб кашф этилган муқобил вариантлардан воз кечиш қийин. Чунки муаммонинг яна қайтарилмаслигига кафолат йўқ. Қолаверса, инсоният тарихидан маълумки, дўстни кўп, душманни оз деб бўлмайди. Янги имконият ва янги дўстлар доимо керак ва доим долзарб бўлиб қолаверади.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+