Жиззахлик тадбиркор 100 дан ортиқ одамни ишли қилди
Келгусида корхона Табриз ва Исфаҳон гиламларини ҳам ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Жиззах шаҳридаги гилам ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланадиган EURASIA Gilamlari МЧЖ лойиҳасининг умумий қиймати 2 млн. евродан ортиқ, шундан 500 минг доллар Микрокредитбанк томонидан ажратилган кредит суммасига тўғри келади.
Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 122 070 м. кв. бўлиб, корхонада айни дамда 115 та янги иш ўрни яратилган. Келгусида корхона Табриз ва Исфаҳон гиламларини ҳам ишлаб чиқаришни режалаштирган.
“Микрокредитбанк” оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ушбу корхонага пресс-тур ташкил этди. Пресс-тур давомида иштирокчилар корхонада гилам ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишдилар.
“Микрокредитбанк” АТБ бугунги кунда ўзининг хорижий кредит линиялари орқали жалб қилинган маблағлари билан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификациялашга доир инвестиция лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда”, деди банк ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов.
EURASIA Gilamlari МЧЖ гилам ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириб, Белгиядан қўшимча гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олди, унда ички ва ташқи бозор (экспорт) учун замонавий гилам ва гиламчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида пахта, жун, ипак, полиэстер, суприм, полиамид, нейлон, олефин ва бошқа хомашёлар маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчи жамиятлардан олинади.
Айни пайтда корхона ишлаб чиқарган гилам ва гилам маҳсулотларини ички бозорда – республикамиздаги бозорлар ва йирик савдо марказларига (66 фоизини) ҳамда экспорт учун Тожикистонга (34 фоизини) сотиш режалаштирган.
Маълумот учун, “Микрокредитбанк” АТБ жорий йил бошидан бери тадбиркорлик субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш учун 108 та лойиҳага 682 млрд. сўм эквивалентида маблағлар ажратди.