Пойтахтни титратган портлаш, атай қуритилган дарахтлар, Ироқдаги фожиа — ҳафтанинг муҳим хабарлари
Platina.uz сайти тугаб бораётган ушбу ҳафтада содир бўлган энг муҳим воқеаларни саралаб чиқди.
Президент юк транспортлари шаҳардан юришини яна танқид қилди.
Шавкат Мирзиёев темир йўл соҳасига оид йиғилишда импорт вагонларининг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида стансияларда тирбандлик юқори бўлаётганини айтган. Шу муносабат билан темир йўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлигини қайд этган. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракатини қисқартиришга, туманларга қўшимча инвестисия киришига хизмат қилади.
Чилонзордаги кесилган дарахтлар атайлаб қуритилгани маълум бўлди
Тошкентнинг Чилонзор тумани Лутфий кўчасидаги дарахтлар 2021 йилда полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилгани сабаб қуриб қолган. 2022 йилда ҳолат ўрганилиб, прокуратура органларига қуриганлик ҳолати бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шу йилнинг август ойида ички ишлар органларига суриштирувга берилган. 2022 йилнинг сентябр ойида эса ҳужжат тугатилган.
Кейинчалик 28 туп шумтол ва 1 туп заранг дарахти Тошкент ботаника боғи мутахассиси ва туман экология бўлими масъулларининг 2023 йил 14 сентябрдаги хулосасига асосан қуригани сабабли кесилган.
Ироқдаги тўйда юз киши қурбон бўлди.
Ироқ шимолида жойлашган Нинева провинциясидаги тўйхонада содир бўлган ёнғин оқибатида 100 киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Тошкентда кучли портлаш бўлди
28 сентябр куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли портлаш бўлган. Ёнғин қарийб 7 соатда — қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да етиб бориб, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.
Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган. Ёнғин жойига бош вазир – фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар вазирлиги, божхона бошқармаси ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.
Портлаш оқибатида 16 ёшли бола ҳалок бўлган, жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда.
Platina.uz жабрланганлар ҳақида махсус репортаж ҳам тайёрлаган.
Президент бир гуруҳ ўқитувчиларни мукофотлади
1 октябр — устоз ва мураббийлар куни байрами муносабати билан бир қатор ўқитувчилар давлат мукофотлари билан тақдирланди.