Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Германия президенти билан учрашди
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Германияга амалий ташрифи доирасида 29 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев ўз сўзида “Марказий Осиё - Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталди. Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига, энг аввало юксак технологиялар ва инновацион ривожланиш, транспорт коммуникациялари, “яшил” энергетика, касбий таълим, фаол маданий ва академик алмашинувларга алоҳида эътибор қаратилди.