Канализация қандай тозаланади? Биз билмаган ҳақиқатлар

Оқава сувларни тозалаш бир неча босқичда амалга оширилади.

Жамият
29 сентябрь 2023 йил

Шундай касб эгалари борки, уларнинг хизмати ўта муҳим бўлсада, уларни ҳар доим ҳам кўравермайсиз. Лекин улар бўлмаса беташвиш ва покиза ҳаётни унутаверинг. Бу одамлар оқова сувни шаҳардан олиб чиқиш ва зарарсизлантиришни таъминлашади. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ходимлари шундай беминнат ва кўринмас қаҳрамонлар сирасига киради.

Статистика маълумотларига кўра, мегаполисда яшаётган шаҳарлик одам бир кунда ўртача 3 кг. чиқинди ташлайди. Бир йилда бу 1 тоннага яқинлашиб қолади. Бу борада энг кўп юк, табиийки, шаҳарнинг оқава сув тизими зиммасига тушади.  Platina.uz бу тизим фаолияти билан танишиш мақсадида мазкур ташкилотга тегишли энг муҳим бўғин - Бўзсув  аэрация станциясига борди. Бу ерда оқава сув тизими ва чиқинди сувларни тозалаб, табиатга қайтариш жараёни босқичлари билан танишдик.

Бўзсув  аэрация станцияси 1963 йилда  суткада 25000 метр куб қувват билан ишга туширилган. Станция  Тошкент шаҳридан 4 километр қуйида,  Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудида ерларида жойлашган бўлиб, умумий  майдони  122 га.ни  ташкил  этади. Мазкур иншоот Тошкент шаҳрининг  Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Юнусобод  ва  Чилонзор  туманларидан  канализация  қувурлари  орқали  келган  оқава  сувларни  тозалаш  билан  шуғулланади.  1970 йилда иншоотнинг қуввати суткасига 200 000 метр кубни ташкил этган. Хозирга кунга келиб, иншоот қуввати суткасига 735 минг метр кубга тенг.

Мазкур иншоот оқава сувларни классик услубда - механик ва биологик тозалаш фаолияти билан шуғулланади. Оқава сувларни тозалаш бир неча босқичда амалга оширилади. Булар механик, биологик, қуйқани қайта ишлаш ва оқава сувни зарарсизлантириш босқичидан иборат.

Тошкент шаҳар сув таъминотига қарашли Бўзсув оқова сув тозалаш иншоотининг бошлиғи Жамшид Зуфаровнинг айтишича, 2012 йилга келиб  технологик қурилмаларнинг моддий ва маънавий эскирганлиги туфайли тозалаш самарадорлиги 30% га тушиб кетган. Тегишли меъёрий талабларини  бажариш  учун  моддий  ва  маънавий  эскирган  технологик  қурилмалар алмаштириш талаб этилар эди. Натижада 2016 йил  апрель  ойида   модернизация ишлари якунланди ва хозирги кунга келиб лаборатория тахлилларининг натижасига кўра, оқава сувларни тозалаш самарадорлиги 75%га кўтарилди.

"Ўзсувтаъминот" АЖ Ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оқова сувдан махсус мосламалар орқали  ушлаб қолинган маиший ва саноат чиқиндиларининг ҳажми 292 тоннага етган. Бу кўрсаткич 2017 йилда 110 тоннани, 2018 йилда 182 тоннани, 2019 йилда 164 тоннани ташкил қилган.

Кўринмас, аммо жуда муҳим хизмат ходимларининг фаолияти билан танишиб, уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлашимиз шарт, деган фикрга келдик. Уйимиз ва шаҳримизнинг озодалигини таъминлаб бераётган бу соҳа ходимлари олдида доимо қарздормиз. Улар биздан алоҳида ҳурмат талаб этишмайди. Шунчаки канализация қувурларига мумкин бўлмаган нарсаларни ташламасак кифоя. Бу айниқса тадбиркорлик субъектларига тегишли.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+