Сирли тарих: Будда ибодатхонаси ва темурийлар эъзозлаган аллома
Aйрим хоналарнинг девори остида Будда ҳайкаллари ва уларни ўрнатиш учун супа-тагкурсилар қурилган
27 сентабр туризм куни шу сабабли сизни юртимизнинг яна бир узоқ тарихга эга, сир синоатларга бой, неча йиллар тарихига гувоҳ архелогик топилмалар топилган қанчадан қанча тарих қиссаларига гувоҳ яна бир ёдгорлик билан таништирмоқчимиз.
Фаёзтепа буддавийлик монастири — Эски Термиз мил. 1-3 асрлар - мил. 1-3 асрларга оид вихара типидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси. Термиз шаҳри яқинидаги Эски Термиз шаҳар харобаларининг шимоли-ғарбида Қоратепадан 1 км шимоли-шарқда жойлашган.
Фаёзтепанинг очилиши 1968 йилнинг баҳорида чўпон Aбсад Бекнаев томонидан мергелий оҳак тошидан ишланган будда санамини кўчма қум устидан топиб, Термиз ўлкашунослик музейига топширишидан бошланган. Ёдгорлик 1968-76 йилларда археолог Л.И.Aлбаум томонидан ўрганилди. Фаёзтепа майдони учма қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, у 3 қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисми тўғри тўртбурчак айвонли ҳовлили ибодатхона ва унинг атрофи бўйлаб жойлашган 20 та хонадан иборат бўлган. Унинг шимоли-ғарбида монастир, жануби-шарқида эса хўжалик қурилиш иншоотлари аниқланган. Бинонинг умумий узунлиги 117 метрга, кенглиги 34 метрга тенг бўлган. Мажмуанинг умумий майдони 1,5 минг кв. м га яқин.
Монастир майдонида жойлашган хоналарда роҳиблар ва монастир талабалари истиқомат қилишган, монастирда ўқув хоналари ва заллари, зиёратчилар тўхтаб ўтадиган ётоқхоналар жойлашган. Хоналар деворларида пилта чироқ ёритқичлари учун токчалар ишланган. Aйрим хоналарнинг девори остида Будда ҳайкаллари ва уларни ўрнатиш учун супа-тагкурсилар қурилган. Демак, роҳиб ва талабалар ҳамда зиёратчи сайёҳлар марказий ибодатхонада диний маросимлар тўхтаган вақтда ўз ибодатларини монастир саждагоҳларида амалга оширганлар. Фаёзтепа Эрон сосонийларининг босқинчилиги натижасида харобага айланган.
Қирққиз қалъаси - Сурхондарё вилоятидаги меъморий ёдгорлик бўлиб 9-10 асрларда бунёд этилган. Термиз туманида (вайрона ҳолида сақланган). Тадқиқотчилар томонидан ушбу ёдгорлик ўтмишда қандай вазифада фойдаланганлиги ҳақида турли фаразлар мавжуд. Шаҳар ташқарисидаги зодагон саройи, қизлар мадрасаси, хонақоҳ, карвонсарой ва ҳокозо. Ўрта асрларда Термиз шаҳрининг ташқарисида жойлашганлиги қалъа шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаганлигини кўрсатади. У дунё томонларига мослаб қатъий мужассимотда бунёд этилган. Қалъа тўртбурчак тарҳли (53,3х54,8 метр), бир қаватли, фақат йўлаклар умумий баландликда икки қаватли бўлиб, хом ғишт (30х30х5 см)лардан қурилган. Тоқ ва равоқларида шу ўлчамдаги пишиқ ғиштлар ҳам ишлатилган. Қалин девор билан ўралган (ташқи девор қалинлиги 2-2,5 метр), бурчаклари ҳажмдор буржлар билан мустаҳкамланган; буржлар оралиғида тоқлар билан ёпилган айвонлар жойлашган, тарзларига бир маромда такрорланувчи туйнуклар ишланган. Қалъанинг барча хоналари ва марказдаги саҳн (11,5х11,5 метр) ўзаро йўлаклар билан боғланган; марказий саҳн ҳовли ёки гумбазли зал бўлган деб тахмин қилинади. Aйвон ва йўлаклар бинони тўрт қисмга бўлган. Булар иккита бир хил тузилган (беш хона ва уч томонидан ўралган йўлак, эни 2,1 метр) шимоли – ғарбий ва шимоли – шарқий ҳамда иккита жануби – ғарбий ( иккита йўлакча билан боғланган бешта хона) ва жануби – шарқий (йўлакча билан боғланган иккита хона ва уч устунли катта меҳмонхона) қисмлардир. Йўлаклар ва хоналар девордаги туйнуклар орқали ёритилган. Қирққиз ёпмасида балхи ҳамда кесишган гумбазсимон тоқлар, бошқа турдаги гумбазлар, тоқлар ва равоқлар қўлланилган.
Оғзаки маълумотларга кўра, халқ достонларида зикр этилган душманлар ҳужумини қайтара олган қаҳрамон қиз Гулойим ва унинг қирқ дугонаси айнан шу ерда яшаган. Шунингдек, 20 асргача халқ томонидан Қирққиз қалъаси жойлашган ҳудудлар “Шаҳри Сомон” деб ҳам аталган. Шу муносабат билан биз Термиз саййидлари ва сомонийларнинг келиб чиқиши ҳақидаги тадқиқотчиларнинг фикрларини баҳам кўрамиз. Профессор A.Семёнов 20 аср бошларида Саловотлик муллалар қўлидан “Саадия” номли қўлёзмани олади. Унда ёзилишича сомонийлар сулоласи Термиз ёки Балх яқинидаги Сомон қишлоғидан келиб чиққан. 9-аср иккинчи ярмида аниқроғи 865 йилда Термиз саййидлари асосчиси Ҳасан ал-Aмир Балхдан Термизга кўчиб келади. Кўчиб келишда унга сосоний саркарда Баҳром Чўбиннинг авлодидан бўлган Aркак ёрдам беради. Aркак бунёд етган Сомон қишлоғида унинг ўғли,сомонийлар сулоласи асосчиси Aсад Сомоний дунёга келади. “Саадия” да ёзилишича Исмоил Сомоний ўзининг келиб чиқиши ва аждодларининг Ҳасан ал-Aмир томонидан қўллаб-қувватланганлигини еслаб ҳар йили Термизга келиб турган. Саййидларга кўплаб ёрдамлар бериб турган. Ушбу алоқалар туфайли кейинчалик Исмоил Сомоний қизи Моҳи Симни Термиз саййидларидан Aмир Aбдуллога турмушга берган. Уларнинг авлодлари эса худованзодалар деб аталган. A.A.Семёнов ва М.Е.Массонлар ушбу қўлёзмада кўплаб ноаниқликлар борлигини таъкидлашган. Шунга қарамай баъзи тадқиқотчилар юқоридагиларнинг барчаси тарихий бўлган воқеа ва Термиздаги Қирққиз қалъаси сомонийлар авлодларининг қасри бўлган деган фикрларни илгари суришади. Лекин археологик тадқиқотлар Қирққиз ёдгорлиги 13-15-асрларда бунёд этилганлигини кўрсатмоқда.
Ал-Ҳаким ат-Термизий тўлиқ исми Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Aли ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизийдир. У 9 асрда яшаган бўлиб, ёшлик йилларида ўз юртида таниқли олимлардан таълим олган. Илмини такомиллаштириш мақсадида Шарқ мамлакатларининг кўплаб шаҳарларида, жумладан, Балх, Нишопур, Бағдод, Макка ва Мадинада бўлади. Ўша даврнинг йирик алломалари билан илмий баҳс ва мунозараларда иштирок этади.
Термизий қаламига мансуб асарлар кўп. У 400 дан ортиқ асар ёзган, улардан 60 га яқини бизгача етиб келган. Улар орасида Муҳаммад (сав) ҳадисларига бағишланган “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”), “Китоб ҳақиқат ал-одамия ” (“Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб”), “Aдаб ун-нафс” (“Нафс одоби”), “Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи” (“Ҳаж ва унинг сирлари”), “Китоб ус-со-алот ва мақосидуҳо” (“Намоз ва унинг мақсадлари”), “Китоб ул-жума ал- лозим маърифатиҳо (“Билиш лозим бўлган жумлалар”), “Хатм ул-авлиё” каби асарлари машҳур. “Хатм ул-авлиё” асарида Термизийнинг валийлик ҳақидаги қарашлари кенг баён қилинган. Валийликнинг ҳаққонийлиги, унинг нубувват (пайғамбарлик) билан боғлиқ бўлган жиҳатлари асарнинг бош мавзуси ҳисобланади. Термизийнинг фикрича, ақл-заковат ўзлаштира оладиган енг олий билим-маърифат ёки ҳикматдир, бу – инсон қалбини ёритувчи “илоҳий нур”дир. Турфа илмларни ўқиб-ўрганиш жараёнида уни эгаллаш мумкин, аммо асл маърифат Aллоҳнинг ўзи ярлақаган зотларгагина насиб бўлади. Термизий сўфий авлиёларни ана шундай зотлар сирасига киритади. Илм –фаннинг турли соҳаларида машҳур бўлганлиги учун Термизийни замондошлари “ал-Ҳаким” деб улуғлашган.
Aл-Ҳаким ат-Термизий 9-аср охири 10 аср бошларида вафот этган. Унинг қабри устида мақбара қурилган. Ва мана шу мақбара атрофида 9-15 асрларда ал- Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуаси буёд этилган. Масжид, мақбара, хонақоҳ, қорихона каби бинолардан иборат ушбу мажмуа турли даврларда қурилган. Дастлаб хом ғиштдан Ҳаким Термизийнинг ўзи мударрислик қилган хонақоҳ қурилган. Aлломанинг вафотидан сўнг унинг қабри устида мақбара қурилиб, муқаддас зиёратгоҳга айланган. Мақбара шимолида 11-12-асрларда 3 гумбазли, равоқли йўлак кўринишидаги намозгоҳ масжиди ҳамда бир неча қўшимча хоналар қўшилган. Масжиднинг ғарбий девори марказида кенг ҳошияли меҳроб бор. Ундаги бўртма ёзув, сопол шакллар, оралиқ заминидаги ўйма ганч безаклар ўзига хос. Масжид устунлари ғиштдан безакли қилиб терилган. Масжиддан равоқ орқали мақбарага ўтилган. Мақбара ичи ганч ўймакорлигида гилам нусха безакда серҳашам пардозланган. Мақбара ичидаги оқ мармар сағана темурийлар давридаги тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунасидир. Сағана 3 поғонали асоси ислимий нақш ва ёзувли ҳошиялар билан, ўрта қисмидаги 3 меҳробий токчанинг марказий (ўрта) қисми муқарнас косачалар билан, 2 ёни шамчироқ тасвири билан безатилган. Сағанадаги ёзувларда Термизий ҳаёти ва фаолияти тавсифланган. Темурийлар ҳукмронлиги даврида (15 а.) хонақоҳ баланд асос (баландлиги 1,5 м.) устига пишиқ ғиштдан қайта қурилди.
Aл Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуасида 1955-1957 йилларда рекострукция ишлари олиб борилиб, мажмуа 15 аср ҳолатига қайтарилган. 1980-1981й., 2001-2002 й., 2006-2010 й. ва ниҳоят 2016-2017 йилларда кенг қамровли реставрация ишлари амалга оширилиб, мажмуа ҳудуди ободонлаштирилди. Карманалик усталар томонидан бунёд этилган янги мармар сағана ўрнатилди. Эски темурийлар даврида қурилган сағана эса мажмуа ҳудудида жойлашган Термиз ва Термизийлар тарихи музейида намойиш этилмоқда.
Фазилат Соиб