BYD машиналари янада арзонлашиши мумкин
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва BYD компанияси президенти Ван Чуанфу бошчилигидаги делегация билан учрашувда маълум бўлган.
Ўзбекистонда Хитойнинг BYD машиналари нархи янада арзонлашиши мумкин. Чунки маҳсулот таннархини камайтириш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, автомобилларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш режалаштирилган.
Бу ҳақда бугун ўтган Шавкат Мирзиёев ҳамда BYD компанияси президенти ва асосчиси Ван Чуанфу бошчилигидаги делегация билан учрашувда маълум бўлган.
Учрашувда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш, Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни тезлаштириш ва қувватини 300 минг донага етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Шунингдек, BYD электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш режалаштирилган.
Маълумот учун, BYD компанияси замонавий электромобиллар ва янги авлод аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш соҳасида глобал етакчи ҳисобланади. Бир йилда 2 миллион дона машина ишлаб чиқарувчи ушбу концерн дунё автомобиль саноати ривожланишининг асосий тенденцияларини белгилаб бермоқда.