platina.uz

3 ой ичида 145 та маҳаллага илк бор тоза сув кириб бориши керак

Президент ичимлик суви таъминотига бағишланган танқидий йиғилишда “Ўзсувтаъминот”га шу топшириқни берди.

Сиёсат
23 сентябрь 2023 йил
3 ой ичида 145 та маҳаллага илк бор тоза сув кириб бориши керак

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига жорий йил якунигача 12 минг километр тармоқ ҳамда 1300 та сув иншоотини қуриш ва таъмирлаш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига 145 та маҳалладаги 1 миллион 100 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлади, 2 мингта маҳалладаги таъминот яхшиланади.

Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалалари бўйича танқидий йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари вилоят ҳокимларига халқ депутатлари билан бирга келгуси йил учун дастур ишлаб чиқиб, ҳукумат қарорига киритишни топширди. Бунда сув таъминоти даражаси паст 30 та туманга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қўшработ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида оқова сув, Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш каби лойиҳаларнинг бажарилишини ҳам кўриб чиқди.

"Бухородаги ишлар харажати мақбуллаштирилгани бу борада намуна. Хусусан, Бухоро шаҳрида тозалаш ва оқова сув тизимини реконструкция қилиш бўйича 281 миллион долларлик лойиҳанинг 75 миллион доллари иқтисод қилинган. Бу маблағ эвазига яна 1150 километр сув ва 117 километр оқова тармоқларини қуриш мумкин", деди президент.

Сўнгги олти йилда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14 триллион 500 миллиард сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилган. 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган, 1200 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш бўлган. Бу ишлар натижасида мингта маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борган.

Лекин ҳали 30 та туман ва 1400 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш талаб этилади. Айрим насослар, соҳа корхоналарига тегишли махсус техникалар эскирган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+