platina.uz

Президент АҚШда таниқли сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказди (фото)

Ўзбекистон раҳбари Жанубий Корея президентини мамлакатга таклиф қилди. 

Сиёсат
20 сентябрь 2023 йил
Президент АҚШда таниқли сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида бир қатор учрашувлар ўтказди.

Жумладан, президент Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари мамлакат ўз олдига ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш бўйича қўйган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ташкилотга қўшилиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш, шунингдек, жараёнда иштирок этаётган мутахассислар салоҳиятини кучайтириш ва малакасини ошириш масалаларига тўхталди.

ЖСТ бош директори Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолади.

Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТ Котибияти Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда мамлакатимиз яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирди, дейилади хабарда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш масалаларига тўхталди.

Кейинги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайди. Мамлакатимизда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланди.

Учрашувда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон раҳбари Корея Президенти Юн Сок Ёлни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумий мунозаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболлари, энг аввало, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага чиққани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳосилини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг бир қатор нуфузли тузилмаларига сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этмоқда. Биргаликда глобал кун тартибига оид, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликка ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда.

Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бош Ассамблея 78-сессиясидаги нутқини юксак баҳолаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини, давлатимиз раҳбари долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш борасида илгари сурган ташаббус ва таклифлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Бош котиб янги «Ўзбекистон – 2030» ислоҳотлар стратегиясига киритилган мақсад ва вазифларнинг кўламдорлигини, улар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳанглигини алоҳида қайд этди. БМТ ва унинг барча институтлари ушбу дастурий ҳужжатни амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кенг кўламли шерикликни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+