platina.uz

Европа ва Россия: иқтисодий таранглик ва унинг оқибатлари

Сўнгги вақтларда нафақат Россия сиёсий доиралари, балки оддий фуқаролари ҳам кескин чекловлар қуршовида қолди. 

Жаҳон
19 сентябрь 2023 йил
Европа ва Россия: иқтисодий таранглик ва унинг оқибатлари

Россия ташқи ишлар вазирлиги Европа Комиссиясининг Россияда ишлаб чиқарилган товарларни Европа Иттифоқига олиб киришга киритган чеклови юзасидан берган "тушунтиришлари" бўйича баёнот берди.

ТИВнинг билдиришича, бу Россияга қарши биринчи ҳаракат эмас. Тўғридан-тўғри авиапарвозларни тақиқлаш, виза беришни қийинлаштириш, энди эса санкциялар бўйича бу "тушунтиришлар” бемаъни эканлигидан ташқари, оддий Россия фуқароларига зарар етказишга қаратилган. Бу каби хатти- ҳаракатлардан асил мақсад Россия фуқароларининг Европа Иттифоқига киришини имконсиз қилишдир, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги нима деяпти?

Россия ТИВнинг изоҳлашича, Европа Иттифоқи раҳбарияти Европада янги “темир парда” ўрнатиб, одамлар ўртасидаги мулоқот имкониятларини чекламоқда. Департаментнинг таъкидлашича, Москва вазиятни кузатиб боради ва бу санкцияларга қўилган ҳар бир давлатга нисбатан тегишли жавоб чораларини кўради. Шунингдек, Россия фуқароларига дўстона бўлмаган мамлакатларга саёҳатни режалаштиришда хавфларни диққат билан кўриб чиқишни маслаҳат беради. ТИВнинг огоҳлантиришча, бошқа давлат билан чегарани кесиб ўтишда жисмоний шахс ихтиёрий равишда чет эл юрисдикциясига бўйсунади, бу эса унга ташриф буюрган мамлакатнинг қонунлари ва қоидаларига риоя қилиш мажбуриятини юклайди.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи комиссияси Россиянинг санкцияларни айланиб ўтишини чеклаш мақсадида янги иқтисодий чекловлар киритди. Москва оддий фуқаролардан фойдаланиб, Россияда ишлаб чиқарилган товарларни кичик партияларда Европа Иттифоқига экспорт қилмоқда, деган гумонлар ортидан, Европа Иттифоқига россияликларнинг бир қатор товарларни олиб кириши, шунингдек Россияда рўйхатдан ўтказилган машиналарда киришни ҳам тақиқлаб қўйди. Аввалига шахсий буюмларга татбиқ этилмаслиги айтилгани чекловлар кейинчалик буундай буюмларни ҳам олиб киришга рухсат бермаслиги борасида тушунтириш берилди.

Жумладан, смартфонлар, косметика воситалари, қимматбаҳо тошлар, ҳожатхона қоғози, шампун, тиш ювиш пастаси, юк ташиш учун мўлжалланган тиркама ва ярим тиркамалар, яхта ва фотокамералар ҳам ўрин олган.

Россия Давлат думаси бу чекловларни “кулгили”, уларни киритганларни эса “майдакаш” деб атади. Лекин Россия туризм операторлари ассоциацияси ортиқча хавотир олмасликка чақирди. Ассоциациянинг маълум қилишича, фақат қиймати 750 евродан зиёд бўлган шахсий буюмларгина тақиқ доирасига тушади.

Юристлар нима деяпти?

Халқаро ҳуқуқшунос Владимир Тихонковнинг таъкидлашича, европалик бюрократларнинг тушунтириши, айниқса, Европа Иттифоқига тез-тез саёҳат қиладиган Санкт-Петербург аҳолиси учун долзарбдир.

“Дарвозалар ёпиляпти? Менимча йўқ. Ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаб Россия бизнесининг Европа Иттифоқидаги иштирокига нисбатан радикал тақиқлар амалда бўлди. Aммо узоқ вақтдан бери тушунтириш беришларини кутгандик.”, - дейди у. - Чунки Финляндия божхоначиларининг шафқатсизлиги ва Болтиқбўйининг тарафкашлиги маълум. Улар чегаралари дахлсиз эканини кўрсатиб қўйишни исташади. Тасаввур қилинг, бечора ота талаба қизига 5-10 та стул ёки шкаф мебели олиб келяпти-ю, лекин чегарадан шармандаларча ортига қайтариляпти, чунки қайси юк тижорий, қайси юк шахсий буюм эканини ҳар бир амалдорнинг ўзи белгилайди”.

Тихонковнинг фикрича, Европа Иттифоқи ўтган йил учун божхона статистикасига асосланмоқда. Унда эса жисмоний шахсларнинг улуши катта. "Европа Иттифоқида яшаш учун рухсатномага эга бўлган қайси россиялик миллий товарларни ЕИга экспорт қилиб, қўшимча пул ишлаш учун чегарадан ўтиб қайтишни ёқтирмайди. Валюталаримиз курсининг ўзгариши туфайли европаликларга товар етказиб бериш катта фойда келтирмоқда. Европаликлар бозорларини руслардан ҳимоя қилишмоқчи. Ҳа, европаликлар ўзларининг тушунтиришларида айнан шундай ёзганлар. Европа Иттифоқи бу санкциялар давлатимизнинг ҳар қандай шаклда даромад олишига йўл қўймаслик учунлигини яширмаяпт. Россиядан келган шахслар шахсий буюмларни Европа божхона чегараси орқали олиб ўтишда бошқа мақсадларни кўзлайдилар. Уларнинг кундалик фаолияти давлат мақсадларини эмас, балки шахсий мақсадларни қондиришга қаратилган. Бу шуни англатадики, уларнинг шахсий ҳуқуқлари камситилмоқда", дейди Тихонков.

Юристнинг сўзларига кўра, бу худди шу тушунтиришларнинг олтинчи хатбошида муҳокама қилинади. Россиядан Европа Иттифоқига "импорт" тушунчаси шундай изоҳланади: "Европа Иттифоқи комиссиясининг 833/2014-сонли Низомида кўзда тутилган импорт чекловларининг мақсади Россияни даромаддан маҳрум қилишдир". “Санкт-петербургликлар чегарада шу жиҳатни ушлаб олишсин. Уялиш керак эмас, - дейди Тихонков. — Яна бир жиҳати, текшириш чоғида аниқланган нарса шахсий мақсадларда ишлатилишини чегарада кўрсатиш ва исботлаш керак. Умуман олганда, европаликлар ўз тушунтиришларида, жисмоний шахслар ҳам, бошқалар каби, рухсат этилган номенклатура бўйича Европа Иттифоқига товарларни импорт қила олмайдилар. Лекин қуйма темир ёки кўмир импортини тақиқлаш чет элликларни хафа қилади деб ўйламайман. Ҳар қандай нохуш вазиятда сиз кечаги расмий санкциялар талқинларининг олтинчи банди орқасида яширинишингиз керак. Шахсий бўлган ҳамма нарсани Россиядан олиб келинган, деб аташ мумкин эмас.

Aдвокат ва Европа Иттифоқи қонунчилиги бўйича эксперт Aлександр Сковородконинг фикрича, ҳуқуқ нуқтаи назаридан чегарада шахсий буюмларни тортиб олиш учун қонуний асослар йўқ. “Бу қоидалар Европа қонунчилигининг умумий сиёсатига зиддир. Бундай ҳолда, Европа Иттифоқи умумий тамойилларга амал қилиши керак, аммо улар бунга йўл қўймайди. Шунинг учун, агар бу содир бўлса, сизда ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун катта имконият бор", деб ҳисоблайди Aлександр Сковородко.

Россияликларни айниқса ўз шахсий автомобилида Европа Иттифоқига киришни тақиқлашгани норозилик уйғотмоқда. Улар Европа Иттифоқи комиссиясини шунчаки саёҳат воситаси билан импорт объекти ўртасидаги фарқни атайлаб эътиборга олмасликда айблашмоқда.

Сабабсиз оқибат бўлмайди. Путин амбицияларини амалга ошириш учун Украинага қарши бошланган босқинчилик уруши ўзининг аччиқ "мевалари"ни туҳфа этишда давом этмоқда. Тараққийпарвар ва ривожланган давлатлар киритаётган санкция устига санкциялар, тақиқ устига тақиқлар бироз бўлсада урушнинг шиддатли оловини ўчириш, Россиянинг тажовузкор ҳарбий қудрати жиловлашга қаратилган.

Халқаро жиноятларга, Қримни аннексия қилиш, Украина шарқидаги беқарорлик ва бу мамлакатга қарши бошланган босқинчилик урушига алоқадор Россия ҳукумати, унинг фуқаролари ва ташкилотларига нисбатан чеклов чоралари вақт сайин кучайиб бормоқда. Россия ҳукуматининг санкцияларни айланиб ўтишга уринишларини чеклаш мақсадида санкция механизмлари ва таъсир қилиш кўлами такомиллашиб қолмоқда.

Кўпгина бир бирини тасдиқловчи маълумотларга кўра, Россия ҳозиргача 200 мингдан зиёд ҳарбий хизматчисидан айрилган. Совет Иттифоқи 1979-1989 йилларда Афғонистонда олиб борган урушда қурбон бўлган аскарлар сони 15 мингга ҳам етмайди.

Уруш – энг қиммат “бизнес”. Уруш харажатларини нафақат бугунги аҳоли, балки унинг авлодлари ҳам тўлашга мажбур бўлади. Украинани босиб олишга йўналтирилган миллиардлаб доллар маблағни Россияни ривожлантиришга қаратишганда, эҳтимол у дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бирига айланган бўларди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+