Тошкентда “Сен кучлисан” лойиҳаси доирасида катта тадбир ўтказилди
Йилига 300 минг болага шу касаллик ташхиси қўйилса, 100 минг бола ҳаётдан кўз юмади.
Болалар руҳияти жуда нозик, қалби соф, бардоши эса кези келса, ёши катталарга ҳам ўрнак қиладиган даражада кучли бўлади. Бироқ баъзан шундай оғир касалликлар борки, улар мана шундай ҳаётга ташна, бардошли , мурғак қалб эгаларини ҳам четлаб ўтмай, бардошларини синовдан ўтказади. .Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, болалар саратони дунёда жароҳатлардан сўнг иккинчи ўринда туради. Йилига 300 минг болага шу касаллик ташхиси қўйилса, 100 минг бола ҳаётдан кўз юмади.
“Сен кучлисан” лойиҳаси онкологик ва гематологик касалликлар билан касалланган ана шундай болажонлар ва уларнинг яқинларига моддий ҳамда маънавий кўмак бериш, шунингдек, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш орқали ҳаётга бўлган интилишларини кучайтиришни мақсад қилган. Унинг яна бир моҳияти болажонларнинг мўйқаламига мансуб суратларни оммага тақдим қилиш ва сотишдан тушган пулларни болажонларга топшириб, хоҳишига кўра сарфланиши.
Бугун “Ёшлар ижод саройи” да ушбу лойиҳа доирасидаги иккинчи тадбир ўтказилди.
Лойиҳа асосчиси, Маржона Нурмуҳаммедова: “Бу лойиҳа бошланганига роппа-роса 3 ой бўляпти. 3 ой олдин мен илк китобимни нашрдан чиқардим. Сотилган китобларимдан қолган илк пулларни онкологик ва гематологик касалликлар билан чалинган болаларга эҳсон қилиш нияти пайдо бўлди ва бу ниятимни амалга оширдим ва ўзимдан қандайдир енгиллик, ҳаловатни ҳис қилдим. Шундан кейин китобдан тушган пулларни барчасини ушбу лойиҳага йўналтирдим. Эндиликда мен ёлғиз эмасман. Aтрофимда ўз соҳасини мутахассиси бўлган 20 дан ортиқ волонтиёрларимиз (кўнгиллилар) бор. Мен бу лойиҳани шунчалик оммалашиб кетганидан хурсандман. Чунки лойиҳа орқали болаларни руҳиятида ҳам, соғлигида ҳам ўзгаришлар пайдо бўлди. Ҳаттоки 80-90 фоизга тузалиб кетган болаларимиз ҳам бор. Бугунги кунда ана шу лойиҳа бошланишига сабаб бўлган биргина “Қизалоғим, Сафия” номли китобим асосида сериал ҳам суратга олиняпти. Октябр ойидан эфирга берилиши кутилмоқда.”
Шунингдек, тадбирда 150 нафардан ортиқ болалар 650 дан ортиқ санъат асарлари билан иштирок этишмоқда. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар эса ўзларига ёққан расмларни сотиб олишмоқда.
Оила ва болалар психологи, Шоира Исакова: “ Мен ўзи ҳиссиётларимни бировга кўрсатадиган одам эмасман. Лекин бу жараёнда кўз ёшларимни тўхтатиб тура олмадим. Ҳақиқатдан болажонлар мана шу оғир дардни ижод орқали расм чизиш, ранглар, кечинмалари орқали чизиб чиқаришган, албатта. Бу болалар яшашга ҳаққи бор болалар. Булар ўлимга ҳукм қилинганлар эмас, аслида. Уларнинг соғлигини тиклаш учун биз ҳаммамиз бирлашиб, ҳаракат қилишимиз керак. Шу боисдан мен ҳам мана шу мурғак қалб эгаларининг нозик қўллари билан чизилган расмларни сотиб олишга келдим. Расмларни кўриб ичидан “Юракнинг ичидан чиққан она билан фарзанд” нинг расмини танладим.
.
160 дан ортиқ санъат асарининг ичида ўндан ортиқ суратлар аукционга қўйилиб, битта сурат 500 мингдан то 6 миллион қийматгача баҳоланди.Шундай аукционга қўйилган санъат асарларидан биринчисини “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов 1 миллион сўмга сотиб олди.
Ҳусан Эрматов: “Ҳозир мана шу расмларни кўриб, ўйладим ҳаммамиз ҳам ёшликда расм чизганмиз. Қанақадир рассом бўлишни орзу қилганларимиз ҳам бўлиши мумкин Шу болаларнинг кўнглида яшашга бўлган жуда катта иштиёқни кўришимиз мумкин. Aгар мана шу битта расмни ушлаб кўриб, “отангга раҳмат” десак ҳам шу болаларга озгина бўлса ҳам мотивация берган бўламиз.Ўйлайманки, бу тадбир ҳар ойда, ҳар мавсумда ўтказилиши керак. Мана шу расм эгаси расмлари керак бўлса Лувр музейига қўйиладиган даражага етсин.”
Ташкилотчи, Aброр Зоҳидов: “Aйни пайтда “Сен кучлисан” лойиҳасини нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжат топширдик. Яқин кунларда ижобий хулосани олганимиздан кейин, ишимиз янаям шаффофлашади. Яъни бу ерда ҳозир тўғридан тўғри беморларнинг ота-оналарига пул ўтказилаётган бўлса, биз унда тизимли қилиб, ягона ҳисоб рақам ташкиллаштирамиз. Бугунги аукцион натижаларига келадиган бўлсак, хайрли ишга хайрхоҳ бўлган инсонлар борлигидан хурсанд бўлдик. Бундан ҳам кўпроқ, шифохоналардаги ота-оналар битта гапни айтишди бизга. Болаларимизнинг телефон ўйнашлари камайиб қолди. Улар доим эртаю кеч телефонда бўлишарди. Ҳеч ҳам қўлидан телефонни ололмасдик. Чунки беморлар инжиқ бўладида. Ушбу лойиҳа бошлангандан бери болаларни ҳаммаси сурат чизишяпти дейишди. Бугунги тадбиримиз ҳам уларни оз бўлса ҳам қўллаб қувватлаган бўлса бошимиз осмонга етади.
Одинахон Деҳқонова тайёрлади.