Президент “Қўштепа” канали қурилиши бўйича фикр билдирди
“Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 15 сентябр куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев кенгаш мажлисидаги нутқида Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати томонидан қурилаётган “Қўштепа” канали ҳақида ҳам фикр билдирди.
“Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди”, дейилади Президент нутқида.
"Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз. Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. “Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз”.
Аввал хабар қилганимиздек, "Толибон" ҳукумати 2022 йил мартида Амударёда сув оладиган Қўштепа канали қурилишини эълон қилган эди. Қурилиши 684 миллион долларга тушадиган бу каналнинг лойиҳа бўйича узунлиги 285 километр, кенглиги – 100 метр, чуқурлиги – 8,5 метр бўлади. Канал Амударё оқим йўналишининг чап томонидан, Балх вилоятининг Калдар туманида уланади ва Афғонистоннинг учта вилояти — Балх, Жузжон ва Фарёбдаги 550 минг гектар ерни сув билан таъминлаши мўлжалланмоқда.
Канал қурилиши Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида сув танқислигини кучайтиради. Маълумотларга кўра, ушбу канал дарёнинг учдан бир қисмигача сувини "тортиб кетиши" мумкин. Натижада Ўзбекистон ва Туркманистон катта сув муаммосига дуч келади. Буни эса Марказий Осиёда яқин келажакда кутилаётган катта сув танқислигининг дебочаси дейиш мумкин. Сув камайиши фақат деҳқончиликда қийинчилик туғдирар экан, деб ўйлаш хато бўлади. Бу муаммо бевосита минтақа гидрологияси ва атроф-муҳит ландшафтларига катта салбий таъсир кўрсатади. Яъни яшил майдонлар камаяди. Ер ости сувлари пастга тушиб кетади. Демакки ер ости қудуқларидан сув олишда ҳам муаммолар вужудга келади. Ерлар қуриб, “чанқаб” кетиши натижасида аввал 10 куб сув билан қониққан далалар энди 15 куб билан зўрға тўяди.
Жорий йилнинг Июн ойида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири билан ўтказилган матбуот анжуманида вазир Шавкат Ҳамроев толибонлар ҳам ушбу дарёдан фойдаланишга ҳақли эканини, бу бўйича ўзаро келишувлар режалаштирилганини айтган эди. Вазирнинг айтишича, сув танқислиги кеча пайдо бўлиб қолган муаммо эмас. Марказий Осиё минтақасида сув доимо танқис бўлган. Аҳоли сони эса ошиб бормоқда. Экинлар ва озиқ-овқатларга, сувга талаб ортиб бормоқда. Сув эса кўпайиш ўрнига камайиб боряпти.