platina.uz

Гепатит “С” билан касалланган болалар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади

2023 йил 1 октябрдан оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби жорий этилади. 

Жамият
12 сентябрь 2023 йил
Гепатит “С” билан касалланган болалар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади


Ўзбекистонда гепатит “С” билан касалланган болалар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан даволанади. Бу ҳақда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда уни 2023 йилда ўзи вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Президент қарорида айтилади.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:

- онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилади;

- вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

2023 йил 1 октябрдан оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 январдан:

- Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади;

- ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари “ваучер” тизими асосида ташкил этилади;

- оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

Қарор билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси тасдиқланди.

Унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

- мактабларда 1-синфдан компьютер саводхонлиги дарсларини жорий этиш;

- 5 минг нафаргача профессор-ўқитувчиларни тажриба алмашиш учун, 200 нафаргача ёш олимларни илмий даража олиш учун танлов асосида хорижий илмий ташкилотларга юбориш;

- Бухоро шаҳрида Жадидлар музейини ташкил қилиш.

Аввалроқ 2024 йил 1 январдан давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилиши айтилганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+