Тадбиркорлар йўлидаги бир қатор чекловлар олиб ташланмоқда
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди.
Солиқ кодексида солиқ тўловчилар сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларигаўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди.
Амалдаги тартибга кўра, сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарор устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилингандан (шикоят кўриб чиқилганидан) кейин судга мурожаат қилиш мумкин.
Мазкур қонун билан амалдаги 4 та қонунга, жумладан, Солиқ кодекси, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларга тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини чекловчи нормаларни бекор қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Эндиликда тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини тўғридан-тўғри суд орқали ҳимоя қилиши ёки маъқул деб ҳисобласа, юқори турувчи солиқ органига шикоят қилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ҳамда “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш киритилиб, тадбиркорлик субъектларининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш мажбуриятларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.