platina.uz

Ўзбекистонда ташқи қарз инқирози кутиляптими? Хавотирлар ҳақиқатми?

Ташқаридан жалб қилинаётган узоқ муддатли кредитлар асосан мамлакатдаги ишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга – транспорт, энергетика тизимларини ислоҳ қилиш, йўллар, кўприклар қурилиши, ёки таълим муассасалари ва биноларни қуриб ишга тушириш каби лойиҳаларга йўналтирилади.

Сиёсат
6 сентябрь 2023 йил

Ҳозир иқтисодиётимизда ўсиб бораётган бир кўрсаткич борки, ҳаммани ташвишга соляпти. Бу ташқи қарзимизнинг ортиб бориш масаласи ҳисобланади. Ҳозир ташқи қарзимиз қанча миқдорда? Бу кўрсаткич ташвиш ва хавотирларга сабаб бўлиши мумкинми? Умуман, ташқи қарз учун бирор лимит, чегара қўйилганми? Қарз миқдори қанчадан ошса, тўлай олмаслик ҳолатига ўхшаш муаммоларга сабаб бўлиши мумкин?

Иқтисодиёт фанлари доктори Бобур Валиев билан ана шу мавзуда суҳбатлашдик.

Бобур Валиев: – Бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинадиган, кўпчиликни қизиқтирадиган долзарб масала ҳисобланади. Ўзбекистон ҳозир фаол иқтисодий ислоҳотлар даврига кирди. 2017-2021 йилдаги ҳаракатлар стратегиясида ёки бундан кейинги 2026 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясида ҳам Ўзбекистоннинг ташқи қарз масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бир нарсани адаштирмаслигимиз керак. Умумий ташқи қарз мавжуд бўлади, унинг таркибида давлатнинг ва хусусий секторнинг ташқи қарзи бўлади. Бу ерда давлатнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 60 фоизида ошмаслиги бўйича чегара этиб белгиланган. 2020 йилдан бошлаб, давлат бюджетини шакллантиришда, ундан ташқари Тараққиёт стратегиясида ҳам бу масала алоҳида пункт сифатида кирган. Ҳатто ташқи қарзни йилига 4,5 миллиард доллардан оширмаслик бўйича ҳам лимит ўрнатилган.

Умуман, халқаро даражада ҳам, Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳам бу мамлакатнинг келгусида ташқи қарзга боғланиб қолиш, иқтисодий хавфсизлик нуқтаи-назаридан муайян чегаравий мезонлар – тавсиялар берилади. Бу тавсияларда ҳам ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги бўйича ҳам тавсиялар бор. Бизда бу борада вазият қандай? Ўзбекистонда умумий ташқи қарзимиз ЯИМнинг 58-60 фоизига яқинлашяпти. Лекин давлатнинг ташқи қарзи ЯИМнинг ҳали 38-40 фоиз даражасида. Яъни 60 фоизлик “қизил” чегарага етишига яна 20 фоиз бор. Бу дегани ташқи қарзни янада ошириб бориш ёки камайтириб бориш керак, дегани эмас. Бундай қатъий бир қоида йўқ. Ҳар бир миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишлари бўлади. Ташқи қарз бевосита истеъмол қилиш учун олинмайди. Масалан, Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, ташқаридан жалб қилинаётган узоқ муддатли кредитлар асосан мамлакатдаги ишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга – транспорт, энергетика тизимларини ислоҳ қилиш, йўллар, кўприклар қурилиши, ёки таълим муассасалари ва биноларни қуриб ишга тушириш каби лойиҳаларга йўналтирилади. Бу эса келажакда катта фойда ва моддий даромад олиб келади. Яъни олинган узоқ муддатли кредит бизга имкониятлар ўлароқ қайтиб келади. Лекин энг муҳим масала шундаки, жалб қилинаётган кредитларни, хоҳ у халқаро молия ташкилотлари бўлсин, хоҳ хорижий мамлакатларнинг йирик банкларидан жалб қилинаётган маълумотлар бўлсин – уларни самарали ва ўз ўрнида, манзилли ишлатиш керак. Агар ундан самарали фойдаланилса, инфратузилма объектлари албатта келажакда ўз самарасини беради.

- Демак, ҳали бизга дефолт хавф солмаётган эканда?

- Халқаро валюта жамғармасининг ҳам ташқи қарз бўйича фикр-муносабатлари эълон қилинган. Унга кўра, Ўзбекистонда ташқи қарз инқирозининг келиб чиқиш эҳтимоли юқори эмас, яъни бундай хавф йўқлигини эътироф этган. Сабаби, боя айтиб ўтганимдек, ташқи қарзимиз ўрнатилган лимит доирасида турибди. Тўғри, ҳозирги фаол ислоҳотлар даврида бизга давлат бюджетининг маблағлари етарли эмас. Айниқса коронавуирус пандемияси натижасида, қолаверса, катта иқтисодий ислоҳотлар, инфратузилма учун, фаол иқтисодий жараёнларга қўшимча пул маблағлари керак. Давлат бюджетининг дефицити 2022 йилда 4 фоиз бўлди. Бу дегани – давлат харажатлари давлатнинг даромадларидан ҳам ортиқ бўлди. Давлат фаол иқтисодий тараққиётга шу даражада эътиборни оширдики, натижада 4 фоиз камомад пайдо бўлди. Бундай ҳолатда албатта халқаро молия ташкилотларининг узоқ муддатли арзон кредитларини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг қон томири бўлмиш инфратузилмани ривожлантириш зарур бўлади. Инфратузилма нима? Бу йўллар – алоқа, турли хил энергетика каналлари, газ ва электр тармоқларидир. Булар мавжуд бўлсагина иқтисодиёт ўзида ривожланиш учун имконият ва куч топади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда дефолт, яъни ташқи қарзни тўлай олмаслик деган тахминлар реалликдан узоқ ҳисобланади.

- Миллий иқтисодиётни ривожлантириш учун нафақат ташқи қарз, балки инвестициялар ҳам асосий рол ўйнайди. Ўзбекистоннинг ташқи қарзи нисбатан кўпайиб бораётгани Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир қилиши мумкинми? Ёки бунга алоқаси йўқми?

- Бунинг учун аввало инвестиция муҳити нималарга боғлиқ деган саволга жавоб бериш керак. Масалан, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, нималарга эътибор берасиз? Биринчи навбатда коммуникация қай даражада? У ерга сув қувурлари келганми? Электр тармоқлари келганми? Энергия манбаларига уланганми? Агар маҳсулотни ишлаб чиқарган бўлсак, транспорт тизими, транспорт коридорлари қандай? каби саволларга жавоб излайсиз.

Яъни инвестиция муҳитининг жозибасини таъминлаб берадиган асосий омиллар мавжуд. Масалан, инвесторлар нимага эътибор қаратади? У газ, электр таъминоти, канализация, транспорт тизимлари аҳволига эътибор қаратади, албатта. Чунки у маҳсулотини темир йўл ёки автомобил йўллари орқали етказиб бериши керак. Бундан ташқари мамлакатда яратилган очиқлик, давлат идоралари фаолиятидаги очиқлик, коррупциянинг йўқлиги ёки бюрократиянинг чекланганлиги, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, хусусан, солиқ имтиёзларига эътибор қаратилади. Бизнес эгалари учун ишчи кучи ҳам муҳим. Демак, мамлакатимиздаги меҳнат ресурслари, кадрларимизнинг салоҳияти ҳам инвесторларнинг тегишли қарор чиқаришига катта таъсир кўрсатади. Бундан ташқари арзон хом-ашёнинг мавжудлиги ҳам муҳим. Ўзбекистон табиий бойликларга, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бойлиги ҳам муҳим. Шунингдек, бизда қуёшли кунлар сонининг кўплиги ҳам аҳамиятга эга. Демак, арзон хом-ашё, арзон ишчи кучи, шаффоф ва очиқ муҳит бўлса, инфратузилма талабга жавоб берса, шундай жойга инвестор киради. Энди яна бир муҳим масала – ташқаридан олинаётган кредитларнинг асосий қисми нималарга сарфланади? Улар инфратузилма объектларига сарфланади. Аниқлик киритиш учун учун баъзи рақамларни келтиришим мумкин. Масалан, инфратузилмавий лойиҳаларда автомобил йўллари 269 км, 243 км. ичимлик сувлари, 83 км.дан ошиқ суғориш сув ўтказиш иншоотлари, 817 гидротехник иншоотлар айнан шу ташқи қарз ва узоқ муддатли кредитлар ҳисобига амалга оширилган.

Яна бир муҳим жиҳатини айтиб ўтмоқчиман. Ташқи қарзларнинг бир қисми бюджетдаги дефицитни қоплашга сарфланади. Боя айтганимдек, давлат харажатлари ошиб кетяпти. 25 фоизи эса энергетика соҳасини ривожлантириш, бу соҳада инфратузилма объектларини барпо этишга йўналтирилади. 11 фоиз транспорт тизимига, 10 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига, 9 фоизи эса турар жой секторига йўналтириляпти. Кўряпмизки, узоқ муддатли арзон кредитлар иқтисодий самара берадиган соҳаларга йўналтирилмоқда.

Лекин бу кредитлар манзилли ишлатилмаса, у келгусида кутилаётган самарани бермаслиги мумкин. Ташқи қарзнинг ортиб бориши ҳам мамлакат учун риск бўлади. Инвестор буни ҳам инобатга олинади. Бироқ асосан у тепада зикр этилган омилларга асосий эътибор қаратади. Демак ташқи қарздан унумли фойдалансак, ташқи қарз самарадорлигини оширади. Президент томонидан юритилаётган асосий иқтисодий сиёсатнинг муҳим жиҳати ҳам мана шунда деб биламан.

- Ўзбекистон ташқи қарзининг асосий қисми Хитой ҳиссасига тўғри келмайдими? Агар шундай бўлса, бу мамлакатимиз сиёсий ва иқтисодий мустақиллигига хавф солмайдими?

- Иқтисодий жараёнларни чуқур ўрганмасдан, рақамларни таҳлил қилмасдан ёндошилса, бироз нотўғрироқ хулосалар чиқариш мумкин. Сиз айтаётган хавотир ноўрин. Буни баъзи рақамлар билан асослаб бермоқчиман. Ўзбекистонга жалб этилаётган ташқи қарзнинг деярли ярми – 48,7 фоизи халқаро молия институтлари ҳисобига тўғри келади. Хусусан, Осиё тараққиёт банкидан 5,4 млрд. доллар, Жаҳон банкидан, 4,5 млрд. доллар, халқаро инвесторлардан 2,6 млрд.га яқин. Тўғри, Хитой ҳам ташқи қарзда асосий ҳамкориимиз ҳисобланади. Лекин ташқи қарзимизнинг энг асосий қисми Хитой билан боғлиқ, деб айта олмаймиз. Масалан, Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқа манбалардан 2,1 млрд. доллар, Хитой Эксимбанкидан 1,9 млрд. доллар. Демак, умумий ҳисобда атиги 4 млрд. доллар Хитойга тегишли. Умумий ташқи қарзимиз 40 млрд. долларга етган бир шароитда 4 млрд. доллар катта роль ўйнамайди. Шу боис ташқи қарз туфайли Хитой иқтисодиётига боғланиб қоляпмиз, деган хавотирларга ўрин йўқ. Умуман Ўзбекистоннинг ташқи қарз сиёсатида ҳам диверсификация сиёсати бор. Яъни фақат бир манбага, бир давлатга боғланиб қолишдан қочилади. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинганидек, асоссиз хавотирларга ўрин йўқ.

Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+