platina.uz

Мустақиллик учун кураш юз йил аввал бошланганди

Ҳозир ҳам миллионлаб нуфусга эга халқлар борки, ўз давлатини қура олмайди, бошқа бир титул халқлар давлатида иккинчи даражали, ҳатто майда миллат дея ҳисобланиб яшайди.

Жамият
1 сентябрь 2023 йил
Мустақиллик учун кураш юз йил аввал бошланганди

Бундан роппа роса 32 йил аввал – 1991 йил 31 августда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг (ОК) навбатдан ташқари 7-сессиясида Олий Кенгашнинг республиканинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги баёноти қабул қилинди ва тегишли қарор билан 1 сентябрь “Мустақиллик куни” сифатида тасдиқланди. Шу куни “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Сув қадрини ташна одам яхшироқ билади. Мустақиллик қадрини бегона бир халқ қўлида мутеъ бўлиб яшаган одамлардан сўраган яхшироқ. Ҳозир ҳам миллионлаб нуфусга эга халқлар борки, ўз давлатини қура олмайди, бошқа бир титул халқлар давлатида иккинчи даражали, ҳатто майда миллат дея ҳисобланиб яшайди. Спорт мусобақаларида ўз байроғи остида майдонга чиқа олмайди. Халқаро муносабатларда бошқа давлатлар билан бевосита мулоқот қила олмайди. Энг ачинарлиси, ўз еридаги ер ости ва ер усти бойликларига ўзи эгалик қила олмайди. Бирор жиддий қадам қўйиш учун ҳам катта оға қош-қовоғига қарайди, рухсат бўлмаса жойидан ҳам жила олмайди. Ўз она тилида гапира олмайди. Катта халқ тилини ўрганишга, шу халқ маданиятини улуғлашга мажбур бўлади. Ўз тарихини унутишга, ёки катта оға айтган йўсинда тасвирлашга мажбур бўлади. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик бу озодлик ва эркинлик деганидир.

Ўзбекистон ҳам 19-асрда мустақиллигини бой берганидан кейин, аввал Россия Империясига, 20 аср бошидан эса Совет Иттифоқига қарам бўлиб яшади. Дунёдаги кўпгина қарам ва истило қилинган давлатлар 40-60 йиллардаёқ мустақилликка эришиб, ўз ривожланиш йўлини бошлади. Турли инқилоб ва норозиликлар дунёнинг буюк давлатларини ўз мустамлакаларидан воз кечишга, уларга эркинлик беришга мажбур қилди.

Совет Иттифоқи ичидан чириб, тўкилиб тушганидан кейингина Марказий Осиё, Кавказ ва Болтиқбўйи халқларининг бағрига ҳам шамол тегди. Афғонистонга қилинган 10 йиллик агрессорлик уруши ва унинг оқибатида қўйилган халқаро санкциялар, ундан ҳам кўра мамлакат ичидаги коррупция, порахўрлик, кўзбўямачилик, адолатсизлик, зулм ва ноқобил сиёсий ҳамда иқтисодий сиёсат Совет Иттифоқини ниҳоят ағдарди.

Аслида Ўзбекистоннинг мустақиллик йўлидаги қадамлари Мустақиллик кунидан анча барвақтроқ бошланган. 80-йиллар охирида Совет давлатининг қудрати заифлаши бошлади. СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв эса ошкоралик ва қайта қуриш сиёсатини эълон қилгач, ҳурфикрлилик учун ўлдириш ёки қамоққа ташлаш қийинлашиб қолди. СССР таркибидаги халқларнинг ўзликни англаш йўлидаги ҳаракатлари иш бера бошлади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам мустақил бўлиш ва ўзбек тили ва миллий маданиятини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.

Жумладан, 1989 йил октябрда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилди. 1989-1990 йиллардаги иқтисодиётдаги инқироз мавжуд тузумдан норозиликнинг ортиши ва миллий мустақиллик орзусининг янада кучайишига олиб келди.

1990 йил март ойида эса Ўзбекистон ССР Олий Совети республика президенти лавозимини таъсис этди ва Ислом Каримов Олий Советнинг биринчи президенти этиб сайланди.

Шунга қарамай, 1991 йил март ойида бўлиб ўтган референдумда аксарият аҳоли СССРни сақлаб қолиш учун овоз берди. 1991 йил 19 августда уюштирилган ГКЧП - Москвадаги бир ҳовуч коммунистик партия элитаси ва генералларнинг СССРни сақлаб қолиш мақсадида ҳарбий тўнтаришга уриниши муваффақиятсиз якунлангач, 1991 йил 31 августда 10 та собиқ совет республикалардан кейин Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши ҳам Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ва суверенитетини эълон қилди.

1991 йил 18 ноябрда эса Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилди.

1991 йил 21 декабрда эса Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган президентлар йиғилишида Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлди. 26 декабрда СССР Конституциясида назарда тутилмаган СССР Олий Кенгаши Республикалар Кенгашининг сессиясида (шу жумладан Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашган) СССРнинг мавжудлигини тугатиш тўғрисида декларация қабул қилишди.

1991 йил 29 декабрда эса Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида референдум бўлиб ўтди. Унда “Сиз Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини маъқуллайсизми?” деган савол қўйилган. Қатнашчиларнинг 98,2 фоизи Республика давлат мустақиллигини маъқуллаб, 1,7 фоизи эса қарши овоз берди. Шу куни Ўзбекистон Республикасида умумхалқ Президенти сайлови бўлиб ўтди. Овоз беришда сайловчиларнинг 94,2 фоизи иштирок этди. Сайловчиларнинг 86 фоизи Ислом Каримовга овоз берди. Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. У 1992 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида қасамёд қилди.

1992 йил 4 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши СССР мавжудлигини тугатиш ва МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги Беловеж шартномасини, шунингдек, унга қўшимча Олмаота протоколини ратификация қилди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти даврида мамлакат ўз байроғига (1991), гербга (1992), конституцияга (1992) эга бўлди. Совет тузуми ўрнига ҳокимлар ва маҳаллалар институти билан янги бошқарув тизими яратилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 1992 йил 2 мартда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси БМТ аъзолигига қабул қилинди.

Шу тариқа Ўзбекистон суверен ва мустақил давлат сифатида қадимий тарих китобининг янги зарҳал саҳифасини очди.

Бугун шу воқеаларга ҳам 30 йилдан ошди. Янги бир авлод, янги жамият майдонга келди. Мустақиллик учун ўтган эҳтиросли курашларга бевосита гувоҳ бўлмаган одамлар учун бу воқеалар бироз бегонадек туюлиши ҳам мумкин. Яна айримлар эса бу мустақиллик осмондан тушган, СССР парчалангани учун Ўзбекистон ҳам бошқа республикалар қатори эркинликка чиқиб қолган, дейишади. Бошқа халқлар қон тўкиб мустақилликка эришган, шу боис улар учун мустақиллик қадрли, дейишади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, бу кунларни кўриш орзусидаги аждодларимиз, фаол ва зиёли боболаримиз халқимизни бироз бўлса-да, мустақилликка яқинлаштириш учун ўз жонларини ҳам аямаганлар. Чор Россияси давридаги турли қўзғолонлар, “босмачилик”, аслида миллий озодлик ҳаракатлари ва қолаверса, совет даврида репрессияга учраган, қамалган ва отилган аждодларимиз руҳи олдида бу шарафли байрам учун тоабад қарздормиз. Зеро, Мустақилилк байрамидан 1 кун аввал – 31 август Қатағон қурбонлари хотираси куни нишонланиб, шу аждодларимизнинг руҳи поклари хотирланиши ҳам тимсолий маънога эга. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+