“Катта қирғин”, “махсус учлик” ва декоммунизация йўлидаги улкан таклиф
Зиёлиларимизни қатағон қилишда қатнашган "кучли учлик", яна бошқа соҳа қурбонлари ва йирик декоммунизация ҳақида махсус интервью.
Қатағон даврини илмий жиҳатдан ўрганаётган олимлардан бири, “Дўстлик” ордени соҳиби, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаев билан тарихнинг аянчли ҳақиқатлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Ўзбекистонда қатағон қурбони бўлганлар орасида эса ўзбек халқининг жонкуяр фарзандлари Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Қаюм Рамазон, Мажид Қодирий, Зиё Саидов кабилар ҳам бўлгани маълум. Ушбу шафқатсиз кампания сабаб турли бўҳтон ва туҳматлар билан ҳибсга олиниб, отиб ташланганлар рўйхатида яна қандай соҳа вакиллари бўлган?
– Агар қатағон қирғини қурбонларининг умумий кўламини 100 000 лаб кишилар деб оладиган бўлсак, 1917 йилги Октябр инқилоби билан бирга “туғилган” ушбу сиёсат оқибатида 1937 йилгача, яъни 20 йил ичида миллионлаб одамлар йўқ қилинган. Баъзилари очиқчасига, айримлари яширин йўллар билан. Биз, масалан, суд иши сақлаб қолганлари ҳақида фикр билдирамиз. Лекин қудуқларни, овқатларни заҳарлаш, кўчада кетаётганда уриб ўлдириб тиқиб ташлаш, боши кесилиб кетганлар каби яширин ҳаракатлар оқибатида йўқ қилинганлар ҳақида ҳеч нарса билмаймиз ёки ҳали эълон қилганимиз йўқ. Бу навбатдаги босқич ҳисобланади. Демоқчи бўлганим: совет мамлакати ўз душманининг қиёфасини Москвадан туриб белгилаб берди. Аввалига буржуа миллатчиси, аксилинқилобчи деб жазолади. Бундай жазоланганлар орасида энг каттаси “Мунавварқори иши” бўлиб, унинг доирасида 84 нафар энг илғор, тараққийпарвар боболаримиз Мунавварқори раҳбарлигида 1929 йил кеч кузида ҳибсга олиниб, узоқ давом этган қийноқлардан сўнг маҳв қилинди. Ундан ҳам олдинроқ “18 лар иши” деб бир гуруҳ, шу йилнинг ўзида “Қосимовчилик” иши, “Наркомпрос” иши номлари билан эса яна бир гуруҳи қатағон қилинган. Мана шу тизгинсиз, мунтазам қатағонларнинг охирги нуқтаси 1937-1938 йилларда “Катта қирғин” номини олган. Бу жараён эса совет мамлакатининг ўзи бир зулмнинг устига қурилганини далолатлайди. Абдурауф Фитрат ўзининг “Абулфайзхон” драмасида таърифини эсга олсак, унда “Давлат қон билан суғориладиган оғочдир” деган. Аслида бунда Фитрат Абулфайзхон ҳақида гапирмаган, ўзи бошидан кечираётган шўро мамлакатининг портретига эди бу таъриф. Бу мамлакат қон тўхтаган заҳоти ўлишини у биларди. Шунинг учун бу шўро давлати 80-йилларгача, яъни қатағоннинг “туғилиши”дан якун бўлгунича зулм, қонунсизлик, ҳақсизлик устига қурилган эди. Бу қатағон машинаси бир неча давлат раҳбарлари, миллат пешволари, зиёлиларни ўз домига тортган.
– Маълумки, ер юзининг олтидан бир қисмида оммавий қатлиомлар ҳар бир ҳудудда махсус “учлик” томонидан амалга оширилган. Ўзбек халқининг энг зиёли қатламини йўқ қилишда иштирок этган ЎзССР «махсус учлиги» аъзолари кимлар эди?
– Совет республикаларида қатағон қилинувчи инсонлар рўйхатини Ички ишлар халқ комиссарлиги «махсус учлиги» деб аталувчи учликлар шакллантира бошлади. Бундай «учлик»лар таркибига назарий жиҳатдан республика ички ишлар халқ комиссари, прокурори ва коммунистик партия Марказий қўмитасининг биринчи котиби кирган. Аслида эса тўлиқ Марказ розилиги билан НКВД томонидан шакллантирилган бўлиб, маҳаллий раҳбарлар яқинига ҳам йўлатилган эмас. Кўпинча юқоридаги гапдан келиб чиқиб Акмал Икромов, Усмон Юсуповларни совет қатағон сиёсатининг ижрочилари сафига қўшмоқчи бўладилар. Қанчадан-қанча ишларни кўрдим, аммо бирортасида уларнинг имзоларини учратмадим. Марказнинг бу топшириғини бажарган кимсаларнинг аксари ҳам айнан шундай “учлик”лар томонидан айбдор деб топилган ва отиб ташланган.
– Айтинг-чи, бундайлар яна қанча? Яна қанча зиёлиларимизу миллатпарвар фидойи қаҳрамонларимизнинг махфий ҳужжатлари адолат тантанасини кутиб турибди?
– 2021 йıл 25 августда биринчи марта ўзимиз авваллари "босмачи" деб номланган 115 нафар қаҳрамон боболаримизни оқлаган эдик. Куни кеча эса бешинчи маротаба яна 240 нафар шундай ноҳақ айбловлар билан қарийб юз йилга яқин замонлардан буён ишлари махфий ётган инсонларнинг номларини оқлаб олдик. Фақат бу гал қўшни Қозоғистоннинг Каспийбўйи ҳудудларидан бизга қочиб келиб қатағонга учраган 60 дан ортиқ қардошларимиз ҳам шу рўйхатдан ўрин олган. Яна оқланадиган аждодларимиз қанчалигини эса айтиш мушкул. Сабаби улар имкон қадар ўзининг жиноятини яширишга ҳаракат қилган. Архивларда борлари ҳам умумий хулосани айтишимизга имкон бермайди. Лекин бир неча юз минглар ҳақидаги гапларнинг ҳаммаси тўғри ва ишончли. Бизда, масалан, оммавий қабрлар қанча эканининг ҳали ҳисобини билмаймиз. У ерда оппоқ оҳакка ўхшаб ётган нарсалар оҳак эмас, одамларнинг суяклари. Бундай жойларни Самарқандда ҳам, Хивада ҳам учратиш мумкин. Бундан ташқари, чўлга олиб чиқиб кўмиш ёки эски қудуқларни тўлдириш каби ҳолатлар жуда кўпки, уни аниқлайдиган бирор йўли йўқ. Лекин умумий бир хулоса сифатида айтиш мумкинки, айни пайтда қатағон қурбонлари рўйхатини чиқариш ҳаракати олиб бориляпти. Шу вақтгача чиқарилган китобларда қатағон қурбонлари номма-ном 20 минг атрофида бўлган бўлса, кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг сони 60 мингга яқинлашмоқда.
– Олий судда куни кеча оқланганлар орасида бир қисми Қозоғистоннинг Каспийбўйи ҳудудларидан бизга қочиб келиб қатағонга учраган қардошларимиз экан. Яна бир савол: умумий оқлов тўғрисида қонун ишлаб чиқса бўлмайдими?
– Албатта, қондош қардошларимиз билан ўтмишимиз бир, қисматимиз муштарак. Энди она Туркистонимизнинг ҳаққоний ва умумий холис тарихимизни ёзишимиз керак. Бунинг учун юзта асос бор. Сиёсатшунос дўстимиз Ҳамид Содиқ мазкур жараённи юқори баҳолаб, албатта, умумий оқлов тўғрисида қонун қабул қилиш вақти келганини айтиб ўтди. Шу масалада устоз профессор Ҳазрат Али Турсун ҳам шу йили кузда Қозоғистон президенти фармони орқали биттада 100 мингдан ортиқ қатл этилган ва 650 мингдан ортиқ қамоққа олинганларни оқлов юзасидан иш олиб борилаётганининг хабарини берди. Шу ўринда биз ҳам шундай қонун устида иш бошлашимиз жоиз, деб ўйлайман. Бу эса юртимизда декоммунизация йўлидаги улкан қадам бўлар эди.
Одина Деҳқонова суҳбатлашди.