Амир Олимхоннинг чекиниши, қатағон қурбонлари куни
Platina.uz 31 август санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.
31 август санаси билан боғлиқ хабарлар.
Ўзбекистон Мустақил деб эълон қилинган ва Қатағон қурбонларини хотирлаш куни.
Қирғизистон, Малайзия, Тринидад ва Тобагода ҳам Мустақиллик куни нишонланади.
Воқеалар.
870 йил – ислом оламининг йирик мутафаккири, буюк муҳаддис, муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий Самарқанднинг Хартанг қишлоғида вафот этди. Буюк муҳаддис ҳижрий 256 йил Ийд ал-фитр кечаси (милодий 870 йил 31 августда) ҳижрий ҳисобда 13 куни кам 62 ёшда оламдан ўтдилар.
1302 йил – Франция ва Сицилия ўзаро диний урушни тугатишга келишиб олдилар.
1398 йил – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темурга Кобул яқинида суиқасд қилинди. Бу воқеани тарихчи олим Хондамир қуйидагича қайд этган: “Эртасига мазкур ойнинг ўн еттинчиси жума куни собитқадам Соҳибқирон Тахтиравон деб аталувчи қўнғир отини миниб, қалъа (Кобул яқинидаги Эрёб қалъаси) гирдини айланаётган пайтда рўпарадаги дарвозага етиб келди. Дарвоза устидаги болохона тешигидан ул ҳазрат жонига қасд қилиб ўқ отдилар ва ўқнинг ўтиб кетаётган овозидан от ҳуркиб кетди ва у газанда ўқ ул саодатманд Хусравга тегмади”.
1492 йил – Москва князлиги ва Усмонли империяси ўртасида биринчи тинчлик шартномаси тузилди.
1873 йил – Канадада биринчи қироллик полицияси тузилди.
1920 йил – қизил армия томонидан амирлик пойтахти Эски Бухоронинг шафқатсизлик билан ўққа тутиб бомбардимон қилиниши, шаҳар обидалари ва минглаб бегуноҳ аҳолининг нобуд бўлиши Амир Олимхонни шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур этди. Тарихчи У.Рашидовнинг қайд этишича, Амир Олимхон 1920 йил 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси шаҳарнинг Самарқанд дарвозасидан чиқиб, Ситораи Моҳи Хосса (амирнинг ёзги саройи), Вобкент, Ғиждувон ва туғилган она шаҳри Кармана орқали Шарқий Бухорога чекинди.
1974 йил – Греция НАТОдан чиқиш қарорини эълон қилди.
1975 йил – Халқаро валюта жамғармаси халқаро валюта ҳисоб-китобларида олтин ҳисоб-китоблардан бутунлай воз кечишга қарор қилди.
1976 йил – Тринидад ва Тобаго конституцияси қабул қилинди.
- Мексика песоси девалвацияси қайд этилди.
1991 йил – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” Конституциявий Қонун қабул қилинди. Шундай қилиб, халқимизнинг мустақилликка эришишдек асрий орзуси рўёбга чиқди.
1992 йил – Тожикистон мухолифати Душанбедаги президент саройига бостириб кирди.
1993 йил – Тошкентда Амир Темур ҳайкали очилди. Ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темурга кейинчалик Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг марказий майдонларида ҳам ҳайкаллар ўрнатилди.
1995 йил – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳаво флоти кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга биноан, август ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво флоти куни” этиб белгиланди.
1997 йил – Парижда малика Диана автоҳалокат сабаб вафот этди. Шунингдек, Франциянинг Париж шаҳридаги автомобил туннелидаги Олма кўпригида 1997 йил 31 августда содир бўлган автоҳалокат натижасида Доди Ал Фаед ва Мерcедес-Бенз С280 ҳайдовчиси Анри Пол ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган. Диана ва Ал Фаеднинг қўриқчиси Тревор Рис-Жонс омон қолган ягона одам. Оммавий ахборот воситалари папарациларни машина ортидан эргашганликда айблади, бироқ 18 ойлик Франция суд тергови ҳалокат Анри Полнинг айби билан содир бўлганини аниқлади. У маст ҳолда катта тезликда бошқарувни йўқотган. Пол “Риц” меҳмонхонасида хавфсизлик бўлими бошлиғининг ўринбосари бўлган. Эҳтимол, унинг мастлиги антидепрессантларнинг таъсири ва унинг тизимида топилган антипсикотик седативларнинг излари билан кучайган. Тергов, автоҳалокатга учраган пайтда фотосуратчилар унинг ёнида бўлмаган, деган хулосага келди.
1998 йил – Давлат Думаси Бош вазир лавозимига Борис Елцин томонидан таклиф қилинган Виктор Черномирдин номзодини рад этди.
2000 йил – Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Почта алоқаси тўғрисида”, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
2001 йил – Нидерландия суди Собиқ Югославия бўйича Халқаро трибуналнинг ноқонуний эканлиги ҳақидаги даъвони рад этди.
2002 йил – Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида биринчилардан бўлиб “Қатағон курбонлари хотираси” музейи очилди. Музей Россия империяси ва совет ҳокимияти даврида Ватан озодлиги йўлидаги фаолияти учун қатағон этилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Бу миннатдор авлодларнинг ўз аждодлари хотирасига эҳтиромидир.
2016 йил – Бразилия Сенати қарори билан президент Дилма Руссефф коррупция можаросига алоқадорлиги сабабли лавозимидан четлаштирилди.
2017 йил – Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлди. Мажмуага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди ва нутқ сўзлади.
2021 йил – Толибон Афғонистондаги 20 йиллик урушдан сўнг Ғарбий коалиция кучлари устидан Ғалаба кунини расман эълон қилди.
Таваллудлар.
1912 йил – геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабиб Абдуллаев таваллуд топди (вафоти 1962 йил). У 1956–1962 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти сифатида фаолият юритди. Ҳабиб Абдуллаев 130 дан ортиқ илмий асар, жумладан, 7 та монография ёзди. У Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геология бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Ҳабиб Абдуллаев 2002 йилда “Буюк Хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1949 йил – америкалик актёр, "Олтин глобус" мукофоти совриндори Ричард Гир;
1952 йил – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуд Тоир таваллуд топди. У – анъанавий услуб шоири. Шеърларида оддий инсоний туйғулар, юрт мадҳи ва муҳаббат мавзулари акс этган. Унинг кўплаб шеърлари таниқли хонандалар томонидан куйланади. У 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1954 йил – 1998-2008 йилларда Арманистон президенти Роберт Кочарян таваллуд топган.