platina.uz

Ўқув йили бошланмоқда: талабалар яна яшаш жой излаб сарсон бўлмайдими?

Йилдан йилга талабалар учун квоталар ошмоқда. Янги йўналишлар очилмоқда, яъни умуман олганда талабалар сони кўпаймоқда.

Жамият
25 август 2023 йил

Сентябр ойи яқинлашиши билан яна ўша эски муаммолар бошланади. Талабалар турар жойига ариза, ижара уйлар қидириш, яна талабалар сарсон. Йилдан йилга талабалар учун квоталар ошмоқда. Янги йўналишлар очилмоқда, яъни умуман олганда талабалар сони кўпаймоқда. Уларни турар жой билан таъминлаш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

Назокат Абдуқундузова,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари:

— ­Ҳозирда республикамиз бўйича талабалар турар жойлари (ТТЖ) қурилиши амалга оширилмоқда. Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йилда 18 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриб, битириб топшириш вазифаси юкланган. Йил бошидан бери 4700 ўринли 12 та ТТЖ янги қуриб топширилди. Сентябрда эса 11 та ТТЖ 6400 нафар талабалар учун топширилиши кутилмоқда. Йил охиригача 18 минг ўринли ТТЖлар фойдаланишга топширилади. Энг катта муаммоимиз Тошкент шаҳрида. Бу йил кундузги таълимда ўқийдиган талабаларнинг 30%ини ижара уйлари билан таъминлаш мақсади олдимизда турибди. Бунинг учун биз янги тизим ишлаб чиқдик. Унда барча олий таълим муассасаларида талабаларни турар жойларга ва ижара уйларга жойлаштириш марказлари ўз ишини бошлаган. Талабалар бу марказларга келиб таклиф этилаётган ижара уйларини кўриб, ўзларига ёққан шароитдаги уйларни танлаб олиш имконияти эга. 1-курс талабаларининг маълумотлари gov.uz сайтига киритилди. Улар энди талабалар турар жойлари учун gov.uz ва давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали онлайн навбатда туриб ёки ҳудудларидаги давлат хизматлари марказига оффлайн келиб ариза топширишлари мумкин. ТТЖларнинг 60% айнан 1-курс талабалари учун ажратиб қўйилган.

2-3-4-курс талабалари юқорида айтилган олийгоҳдаги марказларга ёки республика штабига мурожаат қилишлари мумкин.

Ижарада турувчи талабаларга давлат ҳисобидан базавий ҳисоблашнинг бир баробари тўлаб берилади. Бу миқдор ҳозирги кунга келиб 330 минг сўмни, вилоятларда эса ярим баробар, яъни 165 минг сўмни ташкил қилади.

Ва яна бир имконият шуки, талабалардан давлат ҳисобидан ана шу маблағни олиш учун 1-2 ойда шартнома талаб этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ижарага қўювчиларга ижарага қўйганликлари учун солиқ тўлашмайди.

Шу ўринда ТТЖларга имтиёз асосида кирувчилар ҳақида ҳам эслатиб ўтсак:

  • 1 ва 2 гуруҳ ногиронлиги бўлганлар;
  • ярим ва чин етимлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари,
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, яъни “темир дафтар”да турувчи оила фарзандлари,
  • “аёллар дафтари”да турувчилар ва уларнинг фарзандлари,
  • “ёшлар дафтари”да турувчилар,
  • оиласида 2 ёки ундан ортиқ контракт асосида ўқиётган талабалар бўлганлар.

Сентябр ойида топшириладиган 6 400 ўринли 11 та ТТЖ билан биргаликда йил бошидан бери 11 100 талаба жой билан таъминланади. Йил охиригача эса яна 6 900 нафар талабага жой ажратилади.

Бу рақамлар нимадан далолат? Бизнингча, бу кўрсаткичлар талабаларни ётоқхона муаммоси шу йилнинг ўзида бартараф этилишига етарли эмас. Яъни бу билан талабаларимизни тўлиқ ётоқхона билан таъминлолмаслигимиз аниқ. Шундай экан, нима бўлганда ҳам талабалар ўтган йилгидек кўрпа-тўшагини кўтариб яшаш жой излаб сарсон бўлишмаса бас. Биз воқеалар ривожини кузатамиз ва яна мавзуга қайтамиз.

Эслатиб ўтамиз: жорий йил бошида, яъни аномал совуқдан кейин барча ОТМларда 23 январдан ўқиш жараёни бошлангач, талабалар ётоқхоналарида иссиқлик тизими ва электр таъминоти билдан боғлиқ масалалар ўртага чиққан. Талабаларни “Ташкент Индекс” савдо мажмуасига жойлаштириш билан вазиятни юмшатишга уринилганди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, ушбу ташкил этилган ойлик тўлови 200 000 сўм бўлган вақтинчалик ётоқхонада яшаётган талабаларни яна мажбуран чиқарилиши ҳақидаги гап-сўзлар муҳокамаларга сабаб бўлган. Ана шу воқеалар фонида 18 минг ўринли ётоқхона қурилиши ваъда қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 сентбярдан барча ОТМларда ўқиш жараёни бошланади.

Фазилат Соиб

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+