platina.uz

Камбағалликдан қачон бутунлай халос бўламиз? Экспертлар билан суҳбат

2022 йилда Ўзбекистонда камбағаллик 17 фоиздан 14 фоизга тушгани маълум қилинди. Бу рақамлар реал ҳаётга қанчалик мувофиқ келади?

Иқтисод
24 август 2023 йил

Камбағалликни қисқартириш ҳақида гап кетганда, 2022 йилда Ўзбекистонда камбағаллик 17 фоиздан 14 фоизга тушгани маълум қилинди. Бу рақамлар реал ҳаётга қанчалик мувофиқ келади? Шуни реал рақам деб айтиш мумкинми?

Бугун Барқарор ривожланиш маркази (БРМ) мутахассислари билан ана шу мавзуда суҳбатлашамиз. Суҳбатдошларимиз эса марказ бўлим бошлиғи Нодир САФАРОВ ва бош мутахассис Гулҳаё БАРНОЕВА.

— Маълумки, Ўзбекистонда камбағаллик мавзуси “ёпиқ“ бўлиб келган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки кам таъминланган оила деб таърифланарди. Уч йил аввал эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳеч бир қоғозга ўрамасдан камбағаллик деган тушунчани аниқ-тиниқ қайд этди ва республикамизда бу даража тан олинди. 2020 йилда очиқланган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда камбағал аҳоли 12-15 фоизни, яъни 4-5 млн.ни ташкил этганди. Ўшанда бу тоифа аҳолининг кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ҳам ошмаслиги маълум қилинган. Жорий йил бошида эса 2022 йилнинг ўзидагина Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. Ўзи камбағаллик қайси мезонларга асосланади? Бу рақамлар қанчалик ҳаётдаги ҳолатга мутаносиб?

Гулҳаё Барноева: – Агар инсон ойлик даромадининг ярмидан кўпини истеъмол товарларига ишлатса, демак, у камбағал тоифасига киради. Борди-ю, мазкур кўрсаткичнинг фоиздаги пропорцияси ўзгарса, масалан, киши даромадининг 10 фоизини озиқ-овқатга сарфлаб, қолганини бошқа эҳтиёжларига йўналтирса, шу жумладан, банк депозити ёки бошқа кўринишдаги сармоя сифатида сақласа, бу вазият ўзгараётганидан дарак беради.

Ўзбекистон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2020 йилга қадар камбағаллик йўқдек ҳисобланарди. Кам таъминланган, деган атама билан номланарди. 2020 йилдан бошлаб, бу борада фаол ижтимоий сиёсат олиб борилди. Камбағалликни қисқартириш, айниқса, коронавирус пандемиясидан кейин долзарб бўлиб қолди.

Статитистикага мурожаат қиладиган бўлсак, 2023 йил ҳолатида давлат бюджетидан ижтимоий хизматлар учун 105 триллион сўм ажратилади. Бу давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг 42 фоизини ташкил этади. 2022 йилга келиб камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14,1 фоизга қисқарди.

Камбағаллик даражаси истеъмол савати билан белгиланади. Истеъмол савати ҳали Ўзбекистонда аниқ ишлаб чиқилмаган. Неча турдаги маҳсулотларни ўз ичига олиши кўрсатилмаган. 2021 йилда 10 мингта, 2022 йилда 14 мингта хонадон ўрганилганда сўровномалар натижасида истеъмол саватига 150 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва 200 дан зиёд ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар киритилган. Бу сават камбағаллик даражасини аниқловчи статистик маълумотларни шакллантиришга хазмат қилади.

— Ўзбекистонда истеъмол савати белгиланмаган бўлса, камбағаллик даражаси қандай аниқланяпти?

Нодир САФАРОВ: – Кўпчиликка маълумки, Жаҳон банки 2011 йилдан бери камбғалликни кунига 1 доллар 90 центга ёки ундан паст бўлган даромадга яшайдиган аҳолини камбағал, деб ҳисоблар эди. Лекин 2022 йилда бу кўрсаткичлар қайта кўриб чиқилди ва ҳозирги дунё мамлакатларидаги нархлардан келиб чиққан ҳолда бу кўрсаткич 2 доллар 15 центга кўтарилди. Яъни Ўзбекистон сўмида бир ойда 748 минг сўмдан кам даромад топса, расман камбағал деб ҳисоблаши мумкин. Жаҳон банки камбағалликни ўлчашда ҳар бир давлатдаги шароитларданн келиб чиқади. Яъни 2 доллар 15 цент умумий глобал кўрсаткич бўлиб, ҳар хил давлатларда турли нархлар бўлгани учун бу рақам ўзгариши мумкин.

— Статистика агентлиги бир маълумотни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни ташкил этди, бу камбағаллик чегараси саналади. Шу ўринда биринчи савол: аслида камбағаллик чегараси нималарга асосланади? Бу рақам қанчалик бугун ўзбекистонликларнинг иқтисодий ҳолатига, тўғрироғи, даромадию харажатларига мутаносиб, сизнингча?

Н. С. – Ижтимоий тармоқларда бу янгилик эълон қилинганидан кейин аҳоли муҳокамасига сабаб бўлди. Чунки камбағал деганда биз қандай одамни тасаввур қиламиз? Бу оддий пенсионер бўлиши мумкин. Бу вояга етмаган фарзандлари кўп оила ёки бева-бечоралар бўлиши мумкин. Бу одамлар тўлақонли бахтли ҳаёт кечириши учун 568 минг сўм кўпчиликнинг фикрича, жуда кам сумма ҳисобланади. Ўзбекистон ижтимоий давлат деб Конституцияда белгиланди, демакки, бу суммани келажакда юқорига кўтариш керак. Халқимиз ва экспертларнинг фикрича, 568 минг сўм етарли миқдор деб ҳисобланмайди.

Оксфорд камбағаллик ўлчовига мурожаат қилсак, улар ЯИМнинг жон бошига улуши 1000 доллардан кам давлатларни камбағал давлат деб ҳисоблашади. Инсон ойига 568 минг сўм даромад кўрса, биз буни 12 ойга кўпайтирсак ҳам, натижа 1000 доллардан паст бўляпти. Демак, хорижий тажрибадан келиб чиқсак, бу яна камбағал давлат аҳолисига айланиб қоляпти. Биз халқаро рейтингдаги рақамлардан паст эмас, юқори суммани кўрсатишимиз керак. Лекин табиий бир эътироз туғилади: бунча маблағ қаердан олинади? Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп давлат. Табиийки, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳам кўп. Бунда биз бюджет харажатларини ёки давлат қарзи харажатларини ва бошқасини оптималлаштириш, иқтисодий ўсишга ва самарадорликка эришиш ҳисобига ушбу маблағга эришишимиз мумкин. Ўйлайманки, 2030 йилгача қўйилган мақсад, яъни, Ўзбекистонни даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киришига эришилганда, камбағаллик чегараси даражасидаги рақам жаҳон индексларида кўрсатилган суммадан кам бўлмайди. Аксинча кўп бўлади. Яъни бу яқин келажакда – 5-6 йилдан ҳукуматимиз амалга оширадиган вазифа бўлиши керак.

Статистика бўйича дунёда афсуски 52 та давлат ҳозир қарздорлик ботқоғида қолишда давом этмоқда. Яхши янгилик шуки, Ўзбекистон бу давлат қаторида эмас. Яъни Ўзбекистон олдида турган харажатлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига йўналтирилади, десак бўлади. Ҳозирги даврда дунёнинг турли чеккаларида қуролли можаролар, ёки табиий офатлар юз бермаса, яъни ишлар режалаштирилганидек амалга оширилса, камбағалликни қисқартириш 2030 йилгача кўрсатилган Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мумкин бўлади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида кўрсатилган 2026 йил этиб белгиланган муддат ҳам БРМга муддатидан олдин эришишимизга имкон беради, деб ўйлайман. Яъни яқин 3-4 йилда бу масалага эришиш мумкин.

Ўзбекистон бюджети 2023 йилда 300 трлн.сўмдан кўпроқ бўлса, унинг 42 фоизи ижтимоий масалаларни ҳал қилишга йўналтирилмоқда. Аммо айтиб ўтиш керакки, ривожланган далатларда, яъни ташқи қарзи камроқ давлатлар ижтимоий масалаларга янада кўпроқ улушни йўналтириши мумкин. Бу катта сармоялар инсон капиталига, соғлиқни сақлашга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига йўналтирилса, камбағаллик ўз ўзидан чекинади ва Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадларга эришиши осонроқ бўлади.

— Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзига андоза сифатида Хитой тажрибасини танлаган. Сабаби Хитой 2012 йилда 98,99 млн аҳолиси камбағал бўлган бўлса, 2016 йилда қарийб икки бараварга қисқариб, 43,35 млн. кишини ташкил этган. 2020 йилда эса камбағаллик даражаси 0 кўрсаткични қайд этиб, Хитой камбағалликка қарши курашиш бўйича инсоният тарихида мўъжиза кўрсатди, дейиш мумкин. Хитой бу натижага оддий тилда тушунтирадиган бўлсак, белгиланган чора-тадбирларнинг ижросига жиддий ва қатъий эътибор қаратиш билан эришган, шундай эмасми?

Қўшиб ёзишлар, ёлғон ҳисоботлар, таниш-билишчилик каби ёндашувларга йўл қўймасдан эришган, дейиш мумкин. Демак, 36 млн. аҳолиси билан Ўзбекистон ҳам бундай мўъжиза кўрсатиши мумкин, шундай эмасми? Айтинг-чи, бу борада Ўзбекистоннинг олдида ечимини кутаётган қандай тўсиқлар бор ва уларни қандай ҳал этиш мумкин?

Н.С: – 2000 йилларда Хитойда аҳолининг ярмидан кўпи камбағал бўлган. Яъни аҳолининг топган пули фақат озиқ-овқатига етган. Ортиқча сармояси бўлмаган. Қандай қилиб ўтган 20 йил ичида бундай мўъжиза юз берди? Олимларнинг ўрганиш натижаларига қараганда, Хитойда биринчи навбатда хусусий чекторга, яъни бизнесменларга устуворлик берилган. Яъни давлат компаниялари сони кескин камайтирилиб, хусусийлаштирилган. Натижада аҳолининг бандлиги ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш таъминланган. Иккинчисини айтсак, маълумки Хитойнинг ҳудуди катта, шарқий қисми денгиз ҳудуди бўлиб, марказий ва ғарбий қисмлари чўлдан иборат. Иқтисодий ўсиш шуни кўрсатдики, ривожланган ҳудудларда яшовчи аҳоли кўпроқ даромад кўраверган, чекка жойлардаги аҳоли камбағал бўлиб қолаверган. Хитой ҳукумати тўғри ижтмоий адолатли қарор қабул қилган: бойиб кетаётган ҳудудлардан олинган солиқлар давлат субсидияси воситасида камбағал ҳудудларга берилган. Бу жамиятдаги адолатсизлик, яъни тенгсизликни йўқотишга хизмат қилган. Тасаввур қилинг, Ўзбекистонда айрим вилоятлар бойиб кетаверса-да, айрим ҳудудлар аҳоли кўп бўлса ҳам камбағаллашиб кетаверса, бу албатта давлатнинг мақсадларига мос келмайди. Яъни давлат тенг ривожланиши керак.

Учинчи омил – узоқ ва чекка чекка қишлоқларда яшаётган аҳолига ҳам замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдалана олиши таъминланган. Тасаввур қилинг, Хитойдаги 63 ёшли фермер ўз томорқасида қулупнай ўстиради. Ва мавсуми келганда қишлоқларда яратилган пунктларда ўз маҳсулотини интернетга сотиш учун қўя олади. Яъни у бозорга бориб қийналмасдан, воситачиларга овора бўлмасдан ўз маҳсулотини тўғридан-тўғри сотиб даромад кўрган. Бу ривожланиб бораётган рақамли технологияларнинг фойдасини яққол кўрсатади. Ўз аҳолимизни ҳам рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларига ўргата олсак, камбағаллик устидан ғалаба қилиш осонроқ бўлади, деб ўйлайман. Бу катта ижобий самара бериши мумкин.

Хўш, аҳоли бандлигини Ўзбекистонда қандай қилиб 100 фоиз даражада таъминлаш мумкин? Аввало, ҳозирги маълумотларга қараганда Ўзбекистон да ҳар йили олий ўқув юртлари ҳамда коллежлардан ярим миллиондан зиёд битирувчилар тўғридан-тўғри меҳнат бозорига кириб келади. Яъни ўз келажагини Ўзбекистонда қуриш учун уларга иш ўрни керак. Лекин ҳозирги амалиёт шуни кўрсатяптики, уларнинг ҳаммаси ҳам ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмаяпти. Уларга зарур иш ўрнини яратиб, камбағалликни қисқартириш мумкин.

Муаммо нимада? Аввало ҳозир қайси касбларга талаб катта, шуни аниқлаб олиш зарур. Афсуски бизда ҳалиям ўтган асрда талаб катта бўлган касбларга оммавий ўқитиш ва ўргатиш давом этмоқда. XXI асрни оладиган бўлсак, IТ, рақамли технологиялар ва АКТ соҳасини айтайлик, ёки сунъий интеллект соҳасини, дунёда талаб катта билим ва кўникмаларни ўз юртимизда берсак, ва шу туфайли улар ўз юртимизда ўз иш ўрнини топа олса, улар юқори даромадга эга бўлиб, камбағаллик даражасини қисқартиришда катта роль ўйнашади, дея олиш мумкин. Хулоса чиқарадиган бўлсак, биз тайёрлаётган кадрларни биз керакли касбга ўқитишимиз керак. Шунда улар меҳнат бозорида ўзини йўқотиб қўймасдан, кераксиз касб ўқибман, деган хулосага келмасдан, ўзларига тўғри келадиган касб-ҳунарни ўрганиши мумкин.

Н.С.: – Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, афсуски ҳозир ёш авлодда барқарор ривожланиш мақсади ҳисобланган камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш, сифатли таълим бериш ва ҳоказолар ҳақида тушунча ва билимлар жудаям кам. Биз мактабгача таълим масканлари, мактаблар, лицейлар ва олий ўқув юртларида БРМни биласизми, деган танловлар, викториналар ўтказишни режалаштирганмиз. Мақсад – инсонлар ўзи яшаётган шароитлар қандай даражада бўлишини билишлари керак. Яъни уларга қандай сифатдаги таълим керак, қанақа даражадаги ичимлик суви бўлиши керак каби масалаларда. Қандай турмуш шароитлари яратилган бўлиши кераклигини аҳолининг ўзи билса, ўшандан кейин шуни талаб қила бошлайди. Шундай шароитларга эришишига иштиёқи ошиб, ҳаракат қила бошлайди. Натижада, Ўзбекистон ўз олдига қўйган БРМга эришиш тезлашади ва 2030 йилгача мўлжалланган мақсад ва вазифалар амалга оширилади, деб ўйлайман.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, камбағалликни қисқартириш бу комплекс масала. камбағалликни қисқартириш учун нафақат иқтисодий, балки, ижтимоий масалаларни ва муаммоларни ечиш талаб этилади.

Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+