platina.uz

Фармацевтика собиқ раҳбари заҳарли дорилар бўйича йиғилишларда қатнашмаган

"Док-1 Макс" иши бўйича судда Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбарига сўз берилди. 

Жамият
24 август 2023 йил
Фармацевтика собиқ раҳбари заҳарли дорилар бўйича йиғилишларда қатнашмаган

Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабабчи деб тахмин қилинаётган “Док-1 Макс” сиропи бўйича суд жараёни давом этмоқда. 23 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида мазкур иш юзасидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда бошқа судланувчилар қаторида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари С.К. га ҳам сўз берилди.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, собиқ раҳбар С.К. сўзини жабрланганлардан узр сўраш билан бошлади. Ўзи ҳам ота эканини, фарзанд доғини чекаётган ота-оналар қайғуси унинг ҳам қайғуси эканини билдирди. Ҳозиргача бирорта давлат ташкилоти ва ёки масъул ушбу сиропдан ўлган болалар бўйича узр сўрамаган эди.

Судланувчи С.К.нинг маълум қилишича, у Қозоғистонда хизмат сафарида бўлганида Самарқандда ўткир буйрак ва нафас етишмовчиликлари аломатлари билан шифохонага келтирилган болалар вафот этгани ва уларнинг барчаси аввал “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилгани ҳақида хабар олган. Ўзининг бориш имконияти йўқлиги боис, А.А. исмли биринчи ўринбосарига ташкилотнинг Самарқанд шаҳридаги филиали ходимлари ёрдамида болалар ўлими кузатилаётгани айтилган шифохона атрофидаги барча дорихоналардан сиропларни йиғиштириб олиб, Тошкент шаҳридаги лабораторияга олиб келиб, таҳлилдан ўтказишни буюрган. Дастлабки лаборатория таҳлиллари натижасида бу сиропда муаммо йўқлиги айтилган. Шундай бўлсада, ҳар эҳтимолга қарши барча дорихоналардан “Док-1 Макс” сироплари қайтариб олинган. Аввал собиқ раҳбар бундан хотиржам бўлган. Эҳтимол бу дорини муддати ўтган ҳолда ёки бошқа мос келмайдиган дорилар билан бирга, шунингдек, дозаси ошириб юборилган ҳолда қабул қилишгани боис ўлимга олиб келган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Шундай бўлсада, бу дорини ҳайвонларда, жумладан, сичқонларда синаб кўришни бюрган. Дори берилган сиқонлар ўлиб қолгач, сиропда заҳар бор, деган хулосага келишган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган яна бир масъул ходим – С.К.нинг ўринбосари бўлиб ишлаган Н.М. ўзининг тергов жараёнида берган кўрсатмаларини тан олмаслигини айтди. Шунингдек, аввалги мажлисларда ошкор қилинмаган, бу можароларда судланувчи С.К.нинг айбини оғирлаштириш мумкин бўлган яна бир воқеа ҳақида кўрсатма берди. Н.М.нинг айтишича, у 2022 йилнинг июнь ёки июль ойида раҳбарнинг биринчи ўринбосари А.А.нинг хизмат хонасига иш билан кирган. А.А. ўша пайтдаги раҳбар С.К.дан бир қатор топшириқлар келиб тушганини, топшириқлар орасида иккита фирмани “инспекция текширувидан ечиш” бўйича топшириқ ҳам бўлганини айтган. Н.М. аввал С.К.дан бундай топшириқ келмагани боис ишонмаган, А.А. эса исбот сифатида раҳбардан келган топшириқни Telegram орқали олганини айтиб, раҳбар билан ёзишмаларини кўрсатган. Шундан сўнг А.А. экспертлар кенгаши котиби У.Т.ни чақириб, раҳбар топшириғини айтди.

Судланувчининг айтишича, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида У.Т. вазиятга аниқлик киритиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари қабулида бўлиб, иккита фирмага нисбатан тайинланган текширувни бекор қилиш ҳақида қатъий топшириқ берилганига ишонч ҳосил қилган.

Бироқ С.К. нинг адвокати ҳам сўз олиб, Н.М.дан тергов давомида бу ёзишмалар текширилдими, уларга ҳуқуқий баҳо берилдими, деб сўраганида, Н.М. бу ёзишмалар топилмагани ва исботланмаганини билдирди.

Судда сўз олган С.К. эса фирмаларга тайинланган инспекцион текширувни рад этганини билдириб, бу ҳақдаги ҳужжатга билмасдан имзо қўйиб юборган бўлиши мумкинлигини айтди.

Суд мажлисида шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда юз берган бу фожиадан анча аввалроқ дунённиг бошқа давлатларида ҳам шу каби йўталга қарши сироплардан боллар ўлими кузатилгани ҳақида хабар бергани ва бу борада текшириш олиб бориш зарурлиги ҳақида бонг ургани эслатиб ўтилди. Афсусланарлиси шуки, Ўзбекистондаги соҳа мутахассислари бу хаби янгилик ва хабарларга эътибор беришмаган ёки кўрмаганга олишган. Бошқа давлатларда бу сиропдан болалар ўлаётгани эътироф этилиб, тақиқланаётган бир пайтда, Ўзбекистонда ушбу заҳарли дориларни рўйхатдан ўтказиш, импорт қилиш ва сотиш давом этаверган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари С.К.дан шу ҳақда сўралганида, у Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармавцевтика учун маъсул идораларга ЖССТ ташкилотидан бу борада расмий хат келиб тушмагани билдирди. Бу шунчаки бюрократия хатосими ёки вазиятга панжа орасидан қарашми, бунга одил судлов баҳо беради.

С.К.нинг ўринибосари Н.М. ўз собиқ раҳбарига “раҳбар бўлиб тайинланганингиздан бери, неча марта идорада кўриниш бердингиз” дея савол берди. Маълум бўлишича С.К.га ҳам 2 та масъулиятли раҳбарлик лавозими юклатилган. Шу боис у ўринбосарларига суяниб қолган, улар олиб кирган ҳамма ҳужжатларга қарамасдан қўл қўйиб бераверган. Ҳаттоки бу заҳарли сироплар юзасидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш ва рўйхатга олиш бўйича кенгаш йиғилишларида қатнашмаган ҳолда, (чунки АҚШда хизмат сафарида бўлган) кенгаш мажлисидан бир неча кун ўтгач, унинг хулосаларини имзолагна. С.К.нинг айтишича унга кунига 20-30 талаб муҳим ҳужжатлар олиб киришган. Уларни битталаб ўрганиб, текшириб чиқиш имконияти йўқлиги боис, қўл қўйиб бераверган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+