Энг қадрсиз пул бирликлари — ТОП-10
Улар қаторида Ўзбекистон миллий валютаси сўм ҳам бор.
The nation online нашри дунёдаги энг қадрсиз валюталар рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон миллий валютаси сўм ҳам бор.
Маълумки, кучли валюта деганда барқарор иқтисодиёт, паст инфляция ва кичик фоиз ставкалари кўз олдимизга келади. Заиф валюта асосан иқтисодий беқарорлик, юқори инфляция ва баланд фоиз ставкалари билан боғлиқ.
Мазкур валюталарнинг заифлиги улар амалда бўлган мамлакатлар учун бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу уларда товар ва хизматлар импортини қийинлаштириши, пировардида, товар танқислиги ва нархларнинг ошишига олиб келиши эҳтимолга яқин. Шунингдек, бу хорижий инвестицияларни жалб этишни қийинлаштириши, иқтисодий ўсишни секинлаштириши мумкин.
Қуйида ана шундай заиф валютага эга давлатлар ўнталиги келтирилган. Унда кўрсатилган қийматлар мақола эълон қилинган вақт учун долзарб ва ўзгариб туриши мумкин.
- Фахрсиз ўнталикнинг энг биринчи қаторида Эрон риёли (ISO (Халқаро стандартлаштириш ташкилоти) коди: IRR) турибди.
Эрон риёли дунёда энг заиф валютага айланишининг асосий сабабларидан бири – АҚШ билан сиёсий зиддият ва Эрон-Ироқ урушига бориб тақалади. 1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг мамлакатдан катта миқдорда капитал чиқиб кетиши натижасида Эрон риёлининг қадри тез тушди. Айрим маълумотларга кўра, инқилоб пайтида мамлакатдан 30-40 миллиард долларга яқин пул чиқиб кетган.
2022 йилда полиция бўлимида юрак хуружига учраб, шифохонада вафот этган 22 ёшли эронлик аёл Маҳса Aминийнинг ўлимидан сўнг Эрон полициясининг шафқатсизлиги халқаро норозиликка сабаб бўлди ва риёл қиймати тез суръатда яна 29 фоизга тушиб кетди.
Ҳозирда 1 АҚШ доллари 42 250 риёлга тенг.
- Топ ўнталикдаги иккинчи ўринда Вьетнам донги (VND) турибди.
1976 йил июл ойида Вьетнам қайта бирлашди ва 1978 йил май ойида ягона валюта амалга киритилди. Нотўғри иқтисодий сиёсат туфайли 1986 йилда Вьетнамда инфляция 774% га чиқди. Шундан кейин Вьетнам донгининг қадри бирмунча барқарорлашди. Аммо иқтисодий зарба оқибатлари ҳамон ўз таъсирини йўқотгани йўқ.
Мақола эълон қилинган пайтда 1 АҚШ доллари 23 945 донгга тенг бўлган.
- Кейинги энг заиф валюта — Индонезия рупиясидир (IDR).
Рупия — Индонезиянинг расмий пул бирлиги. Бу ном санскритча кумуш- "рупякам" сўзидан олинган. 1946 йилнинг октябридан 1950 йил мартигача халқаро миқёсда тан олинмаган рупия ўз “ҳаёти”нинг катта қисмида юқори инфляцияга дучор бўлган, унинг қадрини сақлаб қолиш учун турли уринишлар қилинган бўлса-да, охир-оқибат барчаси бесамар кетди.
1997 йилдаги ҳамда 2007-2008 йиллардаги Осиё молиявий инқирози, Буюк турғунлик ва Covid-19 пандемияси мазкур валютага қаттиқ зарба берди ва Индонезия иқтисодиёти нисбатан барқарор бўлиб қолган эса-да, рупия қадри пасайиб кетди.
1 АҚШ доллари 15311,30 рупияга тенг.
- Тўртинчи ўриндаги энг заиф валюта Лаос кипи(LAK) ҳисобланади.
Лаос жануби-шарқий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлиб, кип 1955 йилдан бери унинг миллий пул бирлиги ҳисобланади. У Франциянинг Ҳинди-хитой пиастри ўрнига муомалага киритилган эди.
1 АҚШ доллари эвазига 19260 кип олиш мумкин.
- Рўйхатнинг бешинчи қаторидан Сьерра-Леоне давлатининг миллий валютаси – леоне (SLL) жой олган.
1964 йилда муомалага киритилган ушбу валюта жуда қисқа муддатга – 1980 йиллардаги кучли қадрсизланишидан олдин 1 AҚШ долларидан қимматроқ эди.
Сьерра-Леонедаги фуқаролар уруши даврида инфляция авжига чиқди ва ҳукуматнинг миллий валютани барқарорлаштириш учун кўп марта уринишларига қарамасдан, инфляция ҳамон ўсиб бормоқда ва ҳозир йилига 37,8% ни ташкил этади. 2022 йил июл ойида янги леоне жорий этилди, шунингдек, эски номиналдаги леоне ҳам муомалада қолмоқда.
Айни кунларда 1 АҚШ доллари 17 750 леонега тенг.
- Энг заиф валюталарнинг олтинчиси — Парагвай гуарани пул бирлиги (PYG) десак бўлади.
1943 йилда яратилган гуарани Жанубий Aмерикадаги энг заиф валюталардан бири бўлиб қолмоқда. 2011 йилда валютани девалвалция этиш режаси эълон қилинди, аммо у амалга оширилмади.
7266,78 Парагвай гуарани 1 АҚШ долларига тенг.
- Еттинчи, “чиройли” ўринда Ўзбекистон сўми (UZS) турибди.
“Сўм” сўзи, мақола муаллифининг билдиришича, “соф” деган маънони англатади. Аслида эса, манбаларда «сўм» сўзининг этимологияси бўйича турлича фикрлар тарқалиб кетган, кимдир уни туркий тилдан олинган бўлиб, дастлаб пул солинадиган қопчага нисбатан ишлатилган деса, бошқаси эса уни тоза, соф сўзлари билан боғлайди. Лекин ушбу фикрлардан ҳақиқатга энг яқини «сўм» - араб тилидан келиб чиққани бўлиб, «нарх» маъносини ифодалайди.
Ўзбекистонда “дунёдаги энг қадрсиз танга” – 1 тийинлик мавжуд бўлиб, унинг қиймати АҚШ долларнинг юздан бири – центнинг 1⁄9400 қисмига тенг. Сўм валютасининг энг катта номинал қиймати 100 000 сўмни ташкил этади. Гарчи сўм дунёдаги энг заиф валюталардан бири ҳисобланса-да, мамлакат ўз иқтисодиётига ёрдам бериш учун бир нечта муҳим иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди.
Ҳозирда 1 АҚШ доллари 12 075 сўмга тенг баҳоланмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, миллий валютанинг бошқа бир “қаттиқ” валюта – айтайлик, АҚШ долларига нисбатан қиймати мамлакат иқтисодиётининг қанчалик ривожланганини белгилай олмайди. Итқисодий тараққиёт ялпи ички маҳсулот, инсон фаровонлиги ва ривожланиш индекси каби кўрсаткичлар билан белгиланади. Валюта қийматидаги ортиқча ноллар кўпайиши инфляциянинг кучли эканидан дарак беради холос. Бошқа жиҳатдан эса кучли иқтисодиёт ҳукмрон мамлакатда инфляция даражаси ҳам паст бўлади.
Ўзбек иқтисодчи олимларидан бири – иқтисодиёт фанлар доктори Бобур Алиевнинг маълум қилишича, бу маълумотга иқтисодиётга катта, энг ёмон салбий ҳолат сифатида баҳо беришдан тийилишимиз керак. Сабаби бу сўмнинг – миллий валюта бирлигимизнинг хорижий қаттиқ валютага, масалан, долларга нисбатан курси ҳисобланяпти.Бу дегани, йиллар, узоқ йиллар давомида шу миллий валюта бирлигининг девалвацияси орқали жаҳондаги қаттиқ валюта, евро ёки АҚШ долларига нисбатан курснинг ифодаланишидир. Бу муайян маънода тўғри, инфляцияни ифодалайди, лекин иқтисодиётга бу орқали баҳо бериб бўлмайди. Чунки, масалан, ҳозир биз миллий пул бирлигимиздаги, дейлик деноминация орқали 100 сўм, 1000 сўмдан 3 та ёки 4 та нолни олиб ташладик. Бу билан Ўзбекистон иқтисодиёти идеал ҳолатга яқинлашиб қолди, дея оламизми? Йўқ! Бу номинал акс-садо холос. Бошқача қилиб айтганда, валютада деноминация ўтказиб, яъни ундан “ортиқча” нолларни олиб ташлаш мумкин. Ўшанда 1 Ўзбекистон сўми 1 АҚШ долларига тенг бўлиб қолиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётнинг бирпасда кучайиб кетгани ёки инфляциянинг пасайиб қолганини англатмайди.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда инфляция даражаси 2022 йилда 12,3 фоизни ташкил этган.
- Саккизинчи заиф валюта деганда Бурунди франкини назарда тутиш мумкин (BIF).
Франк 1916 йилда Бурунди валютасига айланган. 1960 йилда Бурунди Белгия Конго валютасидан фойдаланар эди, лекин 1964 йилда ўз франкларини чиқара бошлади. Бурунди франки заиф валюта бўлиб қолмоқда, чунки мамлакат озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича кучли бўлишига қарамасдан, четдан инсонпарварлик ёрдамига қарам бўлиб қолган мамлакат ҳисобланади.
1 АҚШ доллари 2,833 Бурунди франкига тенг.
- Энг заиф валюталарнинг тўққизинчи ўрнини эса Конго франки (CDF) банд қилган.
Конго франки — Конго Демократик Республикасининг пул бирлигидир. 1980-йиллардан бери КДР иқтисодиёти пасайиб кетди ва бу Конго франки қийматининг тез тушишига олиб келди. Мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини тўхтатган ҳодисалар — биринчи ва иккинчи Конго урушлари ҳамда қуролли тўқнашувлар, шунингдек, иқтисодий ривожланишдаги турғунлик ҳисобланади.
1 АҚШ долларига 2 468,50 Конго франкини алиштириб олиш мумкин.
- Муаллиф талқинидаги энг заиф валюталар рейтингининг охирги – ўнинчи ўрнида Венесуэла боливари (VEF).
Боливар 1879 йилдан бери Венесуеланинг расмий пул бирлиги бўлиб, Лотин Aмерикаси мустақиллик қаҳрамони Симон Боливар шарафига шундай номланган. Бир пайтлар Боливар 1964 йилда ҳукумат эркин айирбошлаш курсини қабул қилгунга қадар энг барқарор ва қимматли валюталардан бири эди, бу эса мамлакат валютасининг тез қадрсизланишига олиб келди.
Валюта қадрини сақлаб қолишга бўлган кўпгина уринишларга қарамасдан, 2012 йилда бу валюта гиперинфляцияга учради, 2018 йилда инфляция 65 374% гача кўтарилди, аммо иқтисодиёт ҳали ҳам гиперинфляция ҳолатида бўлса ҳам, 2023 йилда 400% га тушди.
1 АҚШ доллари эвазига 3 164 299,91 боливар олиш мумкин.