“Ўзкимёсаноат” тизимида 14,8 млрд.сўм талон-торож қилингани маълум бўлди
Мазкур ҳолатлар бўйича 23 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган.

2023 йилнинг 1-ярим йиллигида “Ўзкимёсаноат” AЖ ва тармоқ корхоналарида аниқланган коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-тарож қилиниши оқибатида тизимга жами 14,8 млрд.сўмлик зарар етказилганлиги қайд этилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати эълон қилган ҳисоботда айтилади.
Шунингдек, ўтган ҳисобот даврида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида етказилган жами зарарнинг 9,6 млрд.сўмдан кўпроғи ундирилиши таъминланди.
Ҳисобот даврида жамият ва тармоқ корхоналаридаги коррупцион жиноятлар, ноқонуний ўзлаштириш, растрата, ўғирлик, камомад, қўшиб ёзиш ва бошқа қонунбузилишлар бўйича жами 54 та ҳолат аниқланди ва улар бўйича тегишли тартибда хизмат текширувлари ўтказилди.
Юқоридаги қоидабузарликлар бўйича 23 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди, 57 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 120 нафар масъул ходимларга турли интизомий жазолар қўлланилди, дейилади хабарда.
Жамият ва тармоқ корхоналарида соҳага оид қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупсиявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 8734 нафар ходимлар манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларацияларни тўлдиришган.
Ушбу декларациялар таҳлил қилинганда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 85 та масъул ходимларда реал манфаатлар тўқнашуви ҳолати, 122 та ҳолатда эса эҳтимолий (потенциал) манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги аниқланган.
