platina.uz

Абитуриентлар ва ота-оналар қандай аҳволда?

Ўзбекистонда 1 август санасидан бошлаб 2023-2024-ўқув йилларига кириш имтиҳонлари учун тест жараёнлари бошланди.

Жамият
6 август 2023 йил

Катта ҳаётдаги энг қувончли ютуқлардан бири бу — олийгоҳ талабаси бўлиш. Аммо бу бахтга кимдир ўз вақтида, кимдир аввал, кимдир эса кейин эришади. Муҳими, бунга хоҳиш ва ироданинг етиши.

Ўзбекистонда 1 август санасидан бошлаб 2023-2024-ўқув йилларига кириш имтиҳонлари учун тест жараёнлари бошланди. Республика бўйлаб 72 та манзилда жараёнлар бўлиб ўтмоқда. Platina.uz пойтахтда белгиланган ана шундай 3 манзилдан энг асосийси бўлган “Ўзэкспомарказ”да бўлиб, тест синовлари жараёнидан махсус репортаж тайёрлади.

Тест синовлари бўладиган ҳудудларга кириб борар экансиз, мингдан ортиқ турнақатор бўлиб турган ота-оналар, бобо-бувиларни кўрасиз. Оёқлари ерга, кўзлари эса бўлажак студенти имтиҳонга кириб кетган тарафга қадалган. Бир буви набирасининг роса тайёрланганини, худо хоҳласа бир эмас, бешта йўналишгаям бюджетга киришини айтса, яна бир бобо ҳам таваккал топшираётган набирасидан умид қилиб ўтирганини билдирди. Улар орасида турмуш ўртоғи билан бирга келган эрлар борлиги ҳам қувонарли.

Жамшидбек ОДИЛОВ, билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси:

“Ўзэкспомарказ”даги 7 та бинода тест синовлари ўтказилмоқда. Жараёнлар 2 та сменада амалга оширилмоқда. Бир сменада жами 4890 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиши керак бўлса, 4 август ҳолатидаги 2-сменани кўрадиган бўлсак, 4890 та абитуриентдан 306 нафари тест синовларига келмаган. Шу сменанинг ўзида ҳозирга қадар 1 нафар талабаликка талабгор абитуриентимиз “шпаргалка” олиб кирганлиги аниқланиб, далолатнома асосида имтиҳондан четлатилди. Марказдаги 7 та бинода жами 500 тага яқин гуруҳ назоратчилари жараёнда тест синовларининг шаффоф ўтиши учун хизмат қилмоқда

“Шпаргалка”га ким кўпроқ эҳтиёж сезади: таваккалчиларми ёки тайёрланганлар? Таваккалчилар десак, улар шундоқ ҳам таваккал қилиш учун келишган бўлса, бунга қандай эҳтиёж бўлиши мумкин? Тайёрланганлар десак, улар шундоқ ҳам тайёрланишган, уларнинг мақсади ўрганган билимларини синовдан ўтказиш бўлиши керак, “шпаргалка” билан қўлга тушиб, имтиҳондан четлатилиб, яна бир йил умрини зое ўтказиш эмас.

Абитуриентлар билан имтиҳонга киришларидан аввал ва кейин суҳбатлашиш чоғида гувоҳи бўлдикки, уларда таваккалчилар кўпроқ экан, ҳатто ҳозиргина имтиҳондан чиқиб қайси фанлардан тест топширганини билмаганлар ҳам бор. Улар “ўйчи ўйини битиргунча, таваккалчи ишини битирибди” қабилида иш кўришяпти, назаримизда. Нима бўлгандаям улар ҳам синовдан ўтказишяпти: омадларини.

Одинахон Деҳқонова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+