Иқтисодиётимиздаги “саратон”дан қачон қутуламиз?
Ўзбекистон сўми дунёдаги энг қадрсизланган валюталар топ 10 лигидан жой олишига, нархлар ошиши билан боғлиқ хавотирларга, долларнинг курси “ўйнаши”га нима сабаб?
Ўзбекистон сўми дунёдаги энг қадрсизланган валюталар топ 10 лигидан жой олишига, нархлар ошиши билан боғлиқ хавотирларга, долларнинг курси “ўйнаши”га нима сабаб?
Иқтисодиёт фанлари доктори Бобур Валиев билан бугун Ўзбекистон иқтисодиётидаги асосий муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон сўми дунёдаги валюталар ичида энг қадрсизланган валюталар топ 10 лигидан жой олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу бўйича фикрингиз қандай? Бунга сабаблар нима? Инфляциями ёки иқтисодиётимиздаги баъзи бир нотўғри иқтисодий сиёсат самарасими бу?
— Бу халқаро даражада эълон қилинган валюта таҳлили. Бундан жуда катта бир қайғули, иқтисодиётга катта, энг ёмон салбий ҳолат сифатида баҳо беришдан тийилишимиз керак. Сабаби бу сўмнинг – миллий валюта бирлигимизнинг хорижий қаттиқ валютага, масалан, долларга нисбатан курси ҳисобланяпти.
Бу дегани, йиллар, узоқ йиллар давомида шу миллий валюта бирлигини девалвацияси орқали жаҳондаги қаттиқ валюта, у евро, доллар бўлиши мумкин, унга нисбатан курснинг ифодаланишидир. Бу муайян маънода тўғри, инфляцияни ифодалайди, лекин иқтисодиётга бу орқали баҳо бериб бўлмайди. Чунки, масалан, ҳозир биз миллий пул бирлигимиздаги, дейлик деноминация орқали 100 сўм, 1000 сўмдан 3 та ёки 4 та нолни олиб ташладик. Бу билан Ўзбекистон иқтисодиёти идеал ҳолатга яқинлашиб қолди, дея оламизми? Йўқ! Бу номинал акс садо фақатгина. Яъни нолларни олиб ташлаганимиз билан биз иқтисодиётимиздаги инфляцияни йўқ қилдик, дегани эмас. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларими, юртдошларимиз бўладими, бу ўзбек сўмининг долларга нисбатан курси тўлиқ иқтисодий жараёнлар ҳақида баҳо бериш учун етарли эмаслигини тушунишлари керак. Лекин муайян даражада бу жараён ҳам юқорида қайд этилганидек, инфляцияни ифодалайди. Масалан, жаҳон ҳамжамиятига, эътибор берадиган бўлсак, мана Туркия иқтисодиёти жуда йирик иқтисодиёт ҳисобланади. Кўп сонли туристларни ўзига жалб этаётган, ҳозирда ҳаттоки жаҳон геоиқтисодий манзарасида ҳам ўзига хос позицияга эга бўлган давлат. Лекин турк лирасини бояги долларга нисбатан курсини оладиган бўлсак, уларда ҳам мана шундай муаммо бор. Бу дегани, бутун Туркия иқтисодиёти умуман барбод бўлди, Туркия иқтисодиётининг салоҳияти йўқ, деган маъно келиб чиқмайди. Шу нуқтаи назардан, эълон қилинаётган, миллий валюта курсларининг долларга нисбатан курслари орқали бутун иқтисодиётга баҳо беришда эҳтиёт бўлиш керак.
– Ҳозир ўзи Ўзбекистонда инфляция даражаси қанчалик ташвишли?
— Ўзбекистонда инфляция даражаси 2022 йилда 12,3 фоизни ташкил этди. Бу яхшими, ёмонми? Охирги 6 йиллик даврни таҳлил қиладиган бўлсак, 2017-2022 йилларда ўртача базавий инфляция даражаси Ўзбекистонда 12,9 фоизни ташкил этди. 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган. Демак, бироз пасайиш тенденцияси бўляпти. Қайсидир маънода Ўзбекистонда инфляцияни жиловлаш бўйича озгина бўлса ҳам ижобий тенденция кузатиляпти. Лекин буни жаҳон мамлакатларига нисбатан, глобал миқёсдаги ўртача инфляция даражасига нисбатан оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бу жараёнда қиладиган ишлари бор. Масалан, жаҳонда жорий йилда, 2023 йилда инфляция даражаси 6,6 фоизи кутилмоқда. Бизда ҳозирги 12,3 фоиз жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 2 баравар ортиқ. Шу нуқтаи назардан, менимча ҳукуматимиз томонидан, айниқса Марказий банк бу ерда муҳим рол ўйнайди, инфляцияни таргетлаш сиёсатига босқичма босқич ўтяпмиз. Бундан буён Марказий банк ўзининг самарали пул-кредит сиёсати орқали келгусида инфляцияни 4-5 фоизга тушириш бўйича тегишли ўзгаришларни амалга оширмоқда.
Организмни иқтисодиётга ўхшатсак бўлади. Баъзи инсоннинг вазни, оғирлиги, унинг саломатлиги ва ҳолатидан келиб чиқиб, унинг қон босими ҳам ҳар хил юради. Масалан, сизда ишчи қон босими 120 га 80 бўлса, кимдадир 100 га 70 бўлиши мумкин. Бу ўша организм учун нормал ҳисобланади. Шунга ўхшаб ҳар бир иқтисодиётнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари, ҳолатидан келиб чиқиб ўзининг мақбул инфляция даражаси бор. Масалан ривожланган мамлакатлар – Германия, Италия, АҚШ ва Японияни олиб қарасак, улар ривожланган мамлакатлар ҳисобланади. Бу мамлакатларда инфляция даражаси 3-5 фоиз. Лекин Ўзбекистонга ўхшаб юқори суръатларда ривожланиб бораётган мамлакатлар учун 3-4 фоизлик инфляция даражасига эришишга иқтисодиёт қонунлари айни пайтда йўл қўймайди. Сабаби, юқори иқтисодий ўсишга интилаётган мамлакатларда инфляция даражаси ҳам юқори бўлади.
– Ўзбекистонда иқтисодиётнинг “қон босими” қандай кўрсаткичда соғлом бўлади? Яъни инфляциянинг даражаси қандай бўлса хотиржам бўлишимиз мумкин?
— Ўзбекистон шаротини оладиган бўлсак, ҳозирги янги Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотлар шароитида инфляциянинг бироз юқори бўлиши табиий ҳолат. Лекин бу табиий ҳолат экан, шундай қолдириши керак, дегани эмас. Инфляцияни камайтириб бориш, жиловлашга иқтисодиётнинг тубини мустаҳкамлаш орқали эришасиз. Ҳозир бизда 12,3-13 фоиз атрофида инфляция бўляпти. Бу 2 хонали сон. Буни 1 хонали сонга тушириб олишимиз керак. Бир хонали сон 9 дан бошланади. Кейинги йиллардан эса 8-7 фоизни кутяпмиз. Жаҳонда ўртача инфляция даражаси 6,5-7 фоизни ташкил қилади. Бу йил 6,6 фоиз кутиляпти. Ҳеч бўлмаса, жаҳондаги ўртача даражага чиқиб олишимиз керак. Бекорга биз узоқ муддатли тараққиёт стратегиясида ҳам келгусида инфляцияни таргетлаш бўйича 4-5 фоизлик мақсад қўйганимиз йўқ. Инфляцияни жиловлашни, ифляцияга барҳам беришнинг энг мақбул усули – бу реал ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат. Иқтисодиётдаги реал драйвеер соҳаларни ривожлантириш, фаол инвестиция оқимларини жалб қилиш, тадбиркорларга эркинликлар бериш орқали, янги ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш, иқтисодиётда турли хил монополия шаклларига барҳам бериш орқали соф рақобатни таъминлаш ва ташқи иқтисодий сиёсатда фаол роль ўйнаш орқали Ўзбекистон халқаро рақобат бозорида ҳам ўзини позициясига эга бўлсагина, экспорт бозорида бизнинг маҳсулотларимиз ўзининг ўрнини топади.
– Албатта инфляция деганда, гўёки иқтисодчиларга тегишли атамадек туюлади, лекин бу инфляциянинг оқибатларини халқ ўз танасида ҳис қилади. Нарх-навонинг ўсиши, албатта бу бирдан билинади, халқ фаровонлиги ёки кайфиятига, ёки миллий валютамизнинг бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланиб бориши... Шу жиҳатдан олиб қараганда, мана шу феноменларнинг сабаби нима? Бу экспорт ҳажмининг камайганиданми, ёки ҳар бир сўмнинг орқасида товар туради, товар ишлаб чиқариш камайгани туфайлими? Балки Марказий банк етарлича валюта интервенциясини қилмаётгандир?
– Тўғри айтдингиз, ҳозир мана 12,3 фоиз бўлган бўлса, бу инфляция, энди, маҳсулотлар ва товарлар турлари бўйича оладиган бўлсак, инфляциянинг энг юқори даражаси озиқ-овқат соҳасида кузатилди. Масалан, аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, озиқ-овқат бўйича 15,6 фоизлик инфляция бўлган.
Албатта озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб бориши кундалик истеъмолчилар учун биринчи бўлиб сезиладиган соҳа.
Энг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, инфляция бу иқтисодиётда ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар ва товарларнинг реал физик ҳажмига нисбатан, иқтисодиётга айланаётган пул массасининг балансида номутаносибликдан келиб чиқади. Яъни реал ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан иқтисодиётдаги пул массасининг бироз ортиб кетиши бир бирлик товар нархининг ошишига олиб келади.
Инфляциямиз, 12-13 фоиз атрофида экан, Марказий банк ўзининг қаттиқ пул-кредит сиёсати орқали инфляцияни пасайтиришининг имконияти йўқми, дейишингиз мумкин. Бунинг имкони бўлиши мумкин. Масалан, Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳозир 14 фоизни ташкил этади. Бу ставкани кескин оширадиган бўлса, тадбиркорлар бизнес қилиш, қандайдир янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, хизмат кўрсатиш корхоналарини очиш ўрнига, ўзининг ортиқча пул маблағларини банк тизимига қўйишни бошлайди. Ёки бўлмасам, ўзида пул маблағи йўқ, лекин бизнес ғояси ва бизнес режаси тайёр, лекин банкдан пул олиб бизнес қиламан, деганлар учун имкониятлар чекланади. Натижада муомаладаги пул массаси йиғиштириб олинади. Тўғри, пул массаси камайгани ҳисобига инфляция чекланади. Лекин бунинг акс таъсири ҳам бор. Иқтисодий ўсиш камайиб кетади. Шу нуқтаи назардан, кўрпани агар тепага бошимизга тортиб елкамиз ёпиқ бўлсин десак, оёғимиз очилиб қолиши мумкин. Оёқни ёпамиз, десак, елка очилиб қолиши мумкин. Шу нуқтаи назардан ҳозир биз Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эркинлаштириш, экспорт-импорт сиёсатини эркинлаштириш, жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашув йўлидамиз. Шу нуқтаи назардан инфляциянинг бироз юқори даражаси кузатилиши табиий. Энди инфляцияни жиловлайман, деб бутун иқтисодий ўсишни биз тўхтатиб қўя олмаймиз. Ана шу жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
– Асосий ставка тенденцияси Ўзбекистонда қандай? Бу ипотека кредитлари фоизининг кўтарилиши, ёки умуман уй-жойлар нархи ошишига қандай таъсир кўрсатади?
– Марказий банк (МБ)ҳар йили йил давомида асосий ставкани эълон қилиб боради. Асосий ставка нима учун керак? Чунки бутун Ўзбекистондаги тижорат банклари МБ эълон қилган асосий ставкалар орқали ўзининг фоиз ставкаларини белгилайди. Масалан, МБ томонидан жорий йилнинг 14 март кунидан бошлаб Ўзбекистонда асосий ставка 14 фоиз даражасида белгиланди. 2022 йилда босқичма-босқич 16, 15 фоиз қилиб, мана ҳозир 14 фоизгача камайтирилди. Фоиз ставкаси мамлакат иқтисодиётидаги капиталнинг нархи ҳисобланади, аслида. Фоиз ставкаси қанчалик кам бўлса, капитал шунчалик арзон дегани. Демак, инвестиция қилишга шунчалик имконият кенг, тадбиркорлар тижорат банкларидан ёки бошқа ломбард молия ташкилотларидан кредит олиш имконияти ошади, дегани. Чунки арзон кредит, арзон капитал, бу орқали иқисодиёт рағбатлантирилади. Иқтисодиётда ишлаб чиқариш кенгаяди. Лекин МБ чексиз равишда асосий ставкани камайтириб бора олмайди. Чунки боя айтганимиздек, чунки инфляция бу. 12-13 фоизли инфляция бўлгани ҳолда, МБ асосий ставкани 12 фоиздан камайтира олмайди. Чунки асосий ставка фоизи инфляция фоизидан юқори юради. Бу иқтисодий қонуният.
Аммо имконият кўтарса, инфляция жараёнлари бу йил балки 8, 9 фоиз даражасида бўлса, МБ асосий ставкани 13-12 фоизга камайтириш имкониятига эга бўлади. Бу иқтисодиётда капиталнинг нархи камаяди, дегани. Инвестиция қилиш имконияти ошади, ишлаб чиқариш учун тадбиркорларда қўшимча пул маблағлари вужудга келади, дегани. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини яна оширишга имконият яратади.
— Асосий ставка ипотека кредитлари фоизига қанчалик таъсир қилади?
– Имтиёзли кредитлар МБнинг асосий ставка орқали бозор иқтисодиётига таъсир доирасидан ташқари ҳудуд ҳисобланади.
– Ўзбекистон президенти охирги чиқишларидан бирида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажмини икки бараварга ошириш топшириғини берди. Ҳозирги шароитда 80 миллиардлик кўрсаткични 160 млрд. долларга кўтариш учун Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатда нималарга эътибор бериш керак? Қайси жиҳатларга асосий эътибор қаратиш керак?
— Ҳақиқатан ҳам бир неча йил олдинги 40-50 млрд. доллардан ҳозир биз 80 млрд. долларга чиқдик. Энди жаҳондаги тенденциялардан ортда қолишга ҳаққимиз йўқ. Президент бекорга бу талабни қўймади. Ҳозир Ўзбекистонда ЯИМ жон бошига 2200 доллар атрофида. Ва президентимиз бу ерда ҳам аниқ вазифа қўйдилар. Яъни ўрта муддатда, 2030 йилгача ЯИМ ни икки бараварга ошириш, жон бошига улушини 4000 долларга етказиш режалаштирилмоқда. Ва Ўзбекистонинг ўртача даромадли мамлакатлар қаторига чиқариш вазифаси қўйилган. Бу Ўзбекистон иқтисодиёти учун талабчан вазифа. Бу вазифани амалга ошириш учун нима қилишимиз керак? Узоқ муддатли, келгусидаги 5 йил, 7 йилга ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган бизнинг асосий иқтисодий мақсадимиз ҳисобланади. Бунинг учун эса аввало миллий иқтисодиётдаги бир қатор камчиликларимизни бартараф этишимиз керак. Аввало, яширин иқтисодиёт, норасмий иқтисодиётнинг улушини кескин камайтириб боришимиз керак. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 50 фоизгача Ўзбекистон иқтисодиётида норасмий иқтисодиёт мавжуд. Ҳозир биз 80 млрд. ҳақида гапиряпмиз, бу расмий статистика. Агарда бояги норасмий қисмни эътиборга оладиган бўлсак, 80 млрд.ни ярми 35 млрд. бўлсин, 40 млрд. Бўлсин, жами 100 млрд.дан ошади. Бу реал ҳолат.
Президентимиз бюрократияни, коррупцини йўқ қилиш, коррупцияга барҳам бериш, тадбиркорга хиёнат қилган инсон – бу халққа, президентга хиёнат қилган одам даражасига тенглаштирди. Сабаби, хусусий секторга, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериляпти.
Иқтисодчилар тилида иқтисодиёт саратони деб аталадиган бир ёмон иллат бор. Бу монополия ҳисобланади. Рак-саратон касаллигини ҳаммамиз биламиз. Инсон организмини секин-секин эгаллаб бориб, охири нобуд қилади. Монополия ҳам худди шундай нарса. Монополия нима? Бу – ишлаб чиқаришда, бозорда бир ишлаб чиқариш, битта тадбиркор ва битта кучнинг ҳукмронлигидир. У хоҳлаган нархини қўяди. Сифат пасайиб боради. Бозор иқтисодиётининг энг асосий хусусияти нима? Бу рақобат бўлиши керак. Очиқ рақобат бўлса, тадбиркорлик секторлари, хусусий сектор вакиллари ишлаб чиқаришда ва савдода эркин қатнашадиган бўлса, нарх пасайиб боради, сифат ошиб боради, ихтисослашув кучайиб боради. Шунингдек, ички рақобат, рақобатбардошлик ошгандан кейин жаҳон бозоридаги ўрнимиз ошиб боради. Ана ундан кейин экспортимизни кўрасиз – жуда тез ошиб боради. Импорт қилинаётган маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарила бошлайди. Президентимиз сайловолди дастурида муҳим бир таклифларни бердилар. Бу автомобил бозори, автомобил бозорига 4 та йирик компаниянинг жалб қилиниши, бундан ташқари молия банк тизимига хорижий фирма корхоналарини жалб этилиши. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарини хусусий секторга бериш ҳақида гап боряпти. Бу демак, хусусийлаштириш жараёни албатта рақобатни таъминлайди. Рақобат эса сифатни оширади. Мана шу орқали биз боя айтилган 80 млрд. доллардан ўрта муддатли истиқболда ЯИМни 160 млрд. долларга чиқариш имкониятлари бор. Фақат белгиланган вазифаларни тизимли йилма-йил, мантиқий тўғри кетма-кетликда, оқилона иқтисодий сиёсат орқали олиб бориш керак. Бу бир кишига боғлиқ эмас. Масалан, фақатгина иқтисодиёт вазирининг сиёсати орқали ҳал бўладиган сиёсат эмас. Бу комплекс масала. Бутун аҳоли, ишлаб яиқариш қувватлари, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, давлат институтлари ва хусусий сектор ҳамкорликда берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиб боришимиз мумкин.
– Бобур ака, монополия ҳақида гапирдингиз, шу ўринда бир савол туғилади. Монополия ўзига ниқоб қилиб оладиган 2 та жиҳат бор. Яъники импортни камайтирамиз, дейди хориждан импорт қилинаётган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқарайлик,маҳаллийлаштирайлик, дейдида, шу баҳона остида битта завод очиб олади. Бошқа турдош ва рақобатчи товарларни киритилиши учун божларини кўтартириб қўйиб, ўз товарини хоҳлаган нархда сотаверади. Мана GМ заводи шундай сиёсат юритади. Шу вазиятларда олтин мувозанат чегараси борми?
— Биласизми, ҳар қандай иқтисодиёт ҳам жаҳон иқтисодиётига тўлиқ очилиб, дарров рақобатбардош бўлиб кета олмайди. Аввало ички миллий иқтисодиётда энг асосий тармоқларни фундаменти – асоси яратилиши керак. Ўзбекистон ўзининг илк иқтисодий тараққиёт тарихида мана шу жиҳатларга эътибор берди. Бунда қандай сиёсат юргизилади? Иқтисодчилар тилида протекционизм сиёсати деб юритилади. Протект сўзи бу биламиз, ҳимоя деган маънони англатади. Демак тараққиётда ислоҳотларнинг илк босқичида протекционизм сиёсати орқали давлат божхона ставкаларини ошириш орқали ташқаридан келаётган импорт товарларини чеклайди. Сабаби – аввал ички иқтисодиёт ривожланади. Оёққа туриши керак. Изига тушиши керак. Корхоналар барпо этилиши, конвейерлар ишга солиниши, янги хизмат кўсартиш нуқталари, янги иш ўринлари яратилиши керак. Бу тармоқлар оёққа туриб олганидан кейин протекционизм сиёсати енгиллаштириб борилиши лозим. Янги Ўзбекситон сиёсати мана шу йўлдан кетяпти. Бекорга импортимиз 30 млрд.дан ошиб кетгани йўқ. Импортга қўйилган турли чекловлар олиб ташланяпти. Бу табиий ҳолат. Авваллари локализация дастурлари, маҳаллийлаштириш дастурлари куннинг асосий мавзуси бўларди. Лекин энди ундай қилинмаяпти. Чунки локализация дастурларини мажбуран давлат босими билан қилиб бўлмайди. Иқтисодиёт қонун қоидалари асосда ривожланиши керак. Агар давлат аралашса, натижа бўлмайди. Демак, рақобат ҳақиқий тадбиркорлар ўз ишини топса, тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратилса, Ўзбекистонда нисбий афзалликлари бор. Биз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун жуда қулай заминдамиз. Олтин, уран захиралари энергетика маҳсулотлари заҳираларига эгамиз. Бу маҳсулотларни қайта ишлаш, туризмни ривожлантириш каби соҳаларда кенг имкониятлар бериб монополияни батараф этиш орқали иқтисодиётда ҳақиқий рақобат пайдо бўлади-ю, ундан кейин биз халқаро рақобатга чиқа бошалймиз. Мана, бу соғлом иқтисодий йўл ҳисобланади.
Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.