platina.uz

Европадан "қувилган" Путин "қора қитъа"га юзланмоқда

Кремл берган маълумотга кўра, саммитга Африканинг барча давлатлари таклиф этилган, 17 давлат раҳбари эса бевосита қатнашган.

Жаҳон
29 июль 2023 йил
Европадан "қувилган" Путин "қора қитъа"га юзланмоқда

Шу йилнинг 27-28 июл кунлари Санкт-Петербург шаҳрида Россия-Африка саммити бўлиб ўтди. Унда иқтисодий муносабатлар, жаҳондаги вазият муҳокама қилинди.

Украина урушига таъсир қила оладиган бирон бир кескин баёнот берилмади.

Кремл берган маълумотга кўра, саммитга Африканинг барча давлатлари таклиф этилган, 17 давлат раҳбари эса бевосита қатнашган. Қолган давлатлардан эса вакиллар ташриф буюрди. Аввалги саммитда эса нақ 45 давлат раҳбари Россияга келганди. Кремл томони мазкур статистикада Ғарбнинг Африка давлатларига босимини сабаб қилиб кўрсатди.

Саммитда кўрилган масалалардан бири Украина донини Қора денгиз портларидан дунёга чиқариш имконини берадиган битим мазуси бўлди. Россия ушбу битимдан 17 июл куни чиқиб кетганди. Маълумотларга кўра, Африка раҳбарлари, жумладан Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Россия президенти Владимир Путиндан дон шартномасига қайтишни сўраган.

Худди шундай таклиф билан ЖАР президенти Сирил Рамафоса ҳам чиқди. У шунингдек, Украинада тезроқ тинчлик ўрнатилишини қўллашини, дон келишуви эса қашшоқ Африка давлатларига кўмак бўлишини таъкидлаб ўтган.

Африка давлатлари нега Россия билан яқинлашишга интилади? Экспертларга кўра, бунинг қатор сабаблари бор. Жумладан, ўтмишда СССР ва Африка давлатларининг алоқалари ижобий бўлган. Бундан ташқари Африкага инвестиция миқдори кам, Ғарб минтақага катта эътибор бермаяпти. Лекин ўз навбатида Россия билан ҳам муносабатлар гуллаб кетаётгани йўқ: сўнгги йилларда ўзаро савдо алоқалари 15-20 млрд. доллар чегарасида қолмоқда. Россия 2019 йилги саммитда бу рақамларни икки баробарга оширишни мақсад қилганди, аммо бу содир бўлмади.

Шунингдек, саммитда Украина масаласи кўтарилмаган, аммо кескин баёнотлар берилмади. Владимир Путинга кўра, "Россия музокаралардан бош тортаётгани йўқ".

Путин бундан ташқари, Африка давлатларига текин буғдой ҳам ваъда қилди. Унга кўра, Россия сўнгги 3-4 ой ичида Африка давлатларига 25-30 минг тоннадан дон бера олиши мумкин.

Саммитнинг кўзга кўринган воқеаларидан бири бу исёнчи Евгений Пригожиннинг кўриниш бериши бўлди. У Марказий Африка Республикаси президенти Фостен-Арканж Туадера билан учрашган. 24 июндаги қўзғолондан кейин Пригожин Беларусга кўчгани айтилган ва у Россия ҳудудида пайдо бўлмаганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+