Ўзбекистонда жаҳон чемпионатини ўтказиш ғоясига қозоқлар изоҳ берди
Футбол эксперти Алишер Никимбаев ҳам мазкур масала юзасидан фикр билдирган.
Қозоғистон футбол федерацияси (КФФ) президенти Aдлет Барменқулов футбол бўйича жаҳон чемпионатини мамлакатда ўтказиш ташаббусига изоҳ берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Барменқулов 2034 йилги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон билан биргаликда ўтказиш учун ариза топшириш ғояси ҳақида маълум қилганди.
“Мана бир неча кундан буён ОAВда бизнинг жаҳон чемпионатини ўтказиш истагимиз ҳақидаги масала муҳокама қилинмоқда, мен бу масала бўйича аниқлик киритмоқчиман.
Иссиқкўлда бўлиб ўтган Марказий Осиё туркийзабон давлатлари футбол ассоциациялари раҳбарларининг йиғилишида мен Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон футбол ассосиасиялари томонидан ҳамкорликда ёшлар (U-17, U-19), ёшлар (U-20, U -21) халқаро турнирлари, шунингдек, жаҳон чемпионати учун ишчи гуруҳ тузиш ташаббуси билан чиқдим.
Ишчи гуруҳ ФИФAда ушбу даражадаги тадбирларни бошлаш имконияти ва мақсадга мувофиқлигини биргаликда кўриб чиқишимиз мумкин бўлган воситадир. Ушбу халқаро институтга мурожаат қилиш учун биз келажакда мамлакатларнинг инфратузилмавий ва молиявий имкониятларини баҳолаб, кенг кўламли ишларни амалга оширамиз.
Биз тушунамизки, бундай масалалар уч мамлакат ҳукуматлари даражасида кўриб чиқилади. Мурожаатларни топшириш бўйича якуний қарор тегишли давлат тузилмалари томонидан барча омилларни тўлиқ баҳолагандан кейингина қабул қилинади.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ҳамкорликда халқаро турнирлар ўтказиши мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Марказий Осиёда футбол ривожига қаратади.
Бундай глобал тадбирлар доирасида халқларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги биргаликда барқарор ижтимоий-маданий ва иқтисодий тараққиёт учун асос бўлиб хизмат қиладиган ноёб имконият яратади.
Қозоғистон тез орада жаҳон миқёсидаги тадбирларни ўтказа оладиган даражага етишини хоҳлайман ва ишонаман.
Жаҳон чемпионатларининг иқтисодий таркибий қисмига келсак (маълумот учун):
2014, 2018 ва 2022 йилларда футбол бўйича сўнгги учта жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган мамлакатлар бўйича харажатлар 11,6 (Бразилия), 14,2 (Россия) ва 220 (Қатар) миллиард долларни ташкил қилди. Шу билан бирга, спорт иншоотлари қурилиши харажатларининг улуши Бразилияда 30% фоиз (3,5), Россияда 25 фоиз (3,5), Қатарда атиги 4 фоиз (9) ни ташкил этди.
Харажатларнинг асосий қисмини инфратузилмага (аэропортлар, метро, портлар, йўллар ва бошқалар) сармоя киритади. Масалан, Қатарда жами бюджетнинг чорак қисми (тахминан 50 миллиард) янги шаҳар қурилишига сарфланган.
Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси ҳисоботига кўра, жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг олти йиллик даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотига таъсири 14 миллиард AҚШ долларидан ошди (биринчи навбатда, қурилиш ва туризм соҳалари ҳисобига), сайёҳлар оқими ялпи ички маҳсулотга 3 миллиард AҚШ доллари миқдорида ҳисса қўшди.
Бразилиядаги жаҳон чемпионатига 1,35 миллион, Россияда – 3 миллионга яқин, Қатарда – 1,4 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
Норасмий маълумотларга кўра, жаҳон чемпионати доирасида Бразилияда 380 минг, Россияда 315 минг, Қатарда 1,5 миллион иш ўрни яратилган.
ФИФA маълумотларига кўра, Қатардаги жаҳон чемпионати томошабинлари (телевидение ва интернет) 5 миллиардга яқин кишини ташкил қилган. Барча ахборот платформаларида жами аудитория қамрови 262 миллиардни ташкил этди, бу ҳам Чемпионатнинг асосий иқтисодий таркибий қисмларидан биридир.
Футбол бўйича 25-жаҳон чемпионатининг финал қисми 2034 йил ёзида ФИФAга аъзо 48 та давлат терма жамоалари иштирокида бўлиб ўтади.
Чемпионат ўтказиладиган жой 2026 ёки 2027 йилда аниқланади”, — деди КФФ раҳбари Facebook саҳифасида.
Футбол эксперти Алишер Никимбаев эса Ўзбекистон ва Қозоғистонда ЖЧ ўтказиш ғоясига пессимистик руҳда қарамоқда.
"Менимча бу реал эмас. ЖЧни қабул қилиб олиш учун 15-16 та жаҳон даражасидаги стадионлар керак. Бизда бунақа стадионлар деярли йўқ. Уларни қуриш учун бизга миллардлар керак бўлади. Қатар ўн йилда еттита стадион қурди. Беш миллиард деб камтарона айтмоқдаман, ҳали меҳмонхона, аэропорт ва бошқалар ҳақида гапирмадим", дейди Никимбаев.