platina.uz

Жамиятнинг қанча қисми кўпхотинликка қарши?

Сўнгги йилда жамиятимизда куртак ота бошлаган иллат, меъёр ва чегарадан чиқаётган тарғибот ва алмашиб қолаётган тушунчалар ҳақида.

Жамият
27 июль 2023 йил
Жамиятнинг қанча қисми кўпхотинликка қарши?

Сўнгги йилда жамиятимизда куртак ота бошлаган иллат – кўпхотинлик тарғиботи. Ижтимоий тармоқларда бот-бот айланаётган ҳар хил видеолар, машиналарга “1-хотинимга”, “2-хотинимга” дея ёзилаётган ёзувлар тарғибот вазифасини бажармаяптими? Тўғри, ҳозир ҳазил деб исталган ҳолатини видеога олиб чиқиш “мода” бўлган. Лекин ҳамма нарсада ҳам меъёр, чегара деган нарсалар борлигини унутмаслик керак! Негаки, мана шундай “ажойиб тарғиботлар” туфайли қанчадан қанча оилалар бузилиб кетяпти. Оиладаги тортишувлар сабабли нима қилишини билмай юрганларга бу “ечим” вазифасини бажармаяптими? Аслида чорасиздек кўринган оилавий муаммоларнинг ечими пайпоқдек хотин алмаштиришда ёки хотинни 2 та қилишда бўлиб қолмаяптими? Ватанимизни ривожлантириш учун янги ғоялар, ташаббуслар, ихтиролар ҳақида сўз юритишни ўрнига “қизларни ўқитмаслик, қадамини назорат қилиш ҳамда хотинни кўпайтириш ҳақидаги маърузаларга тўла ижтимоий тармоқларни кузатяпмиз.

Мана шундай маъруза, ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил вайнлар туфайли баҳсли мулоҳазалар инсонни хавотирга солаяпти. Илмий мавзудаги хабарлар бунчалар кўп бахс-музокараларга сабаб бўлмайди. Ҳаётимиз фақат шулардан иборат бўлиб қолаяпти.

Инсонлар жуда саёз фикрлаб, ҳаётнинг асл моҳиятини унутиб қўяётгандек гўё.

Ижтимоий тармоқларда видео орқали аёлларга нисбатан зўравонликка тарғиб қилиш ҳақиқий эпидемияга айланиб улгурганди. Зўравонликка оид хабарлар аввалгидек этларимизни жунжиктирмай қўйди. Бора-бора айнан кўпхотинлик тарғиботига ҳам кўзлар ўрганиб, қулоқларимиз қўшниникида тўй, деган хабар эшитаётгандек ҳазм қиладиган аҳволга келиб қолмасак бўлгани.

“Тушунчалар ўрни алмашиб кетди”

Таниқли ўзбек блогери, колумнист Шаҳноза Соатова ҳам бу масалада фикрларини билдириб, тушунчалар ўрни алмашиб кетганига ишора қилади.

“Илгари қўшхотин ҳақида баралла айтишга ҳар ҳолда уялишарди, энди буни ёмон деганларни уялтиришяпти. Оила қуриш — бир одам билан тақдир боғлаш ва бутун умр, то ўлгунича унинг ҳаётига масъулиятли бўлиш, деб ўйлайдиганлар қанча қолди? Уйланишни эҳтиёжни қондириш билан бир қаторда таққослаш аянчли.

Аёлларга маслаҳатим: ўқинг, ишланг, ўзингиз ҳам шунақа машиналарни ололасиз. Нимаики, моддий бойлик бўлса, бирга эришиш мумкин, меҳнат қилиб ҳеч ким ўлмаган. Бахтли бўлмоқчи бўлган инсон ҳаракат қилиши керак. Қайси эр-хотин жанжаллашмапти, дейсиз. Ҳаёт аччиқ-чучуги билан ширин. Хотин-қизлардан сабрли бўлишни, вақтларини унумли ўтказишларини, фойдали нарсалар билан шуғулланишларини таъкидлайман. “Аёл тилини, эркак кўзини тийган хонадонда 50 йиллаб жанжал бўлмайди” – деган гап бежизга эмас. Бу каби машинага ёзилган ёзувлар, ижтимоий тармоқларда ҳар хил вайнлар тарқатиб, инсонлар онгини заҳарламасликлари керак. Ёш авлодга қандай таъсир ўтказаётгани ҳақида бирор ким ўйлаб кўряптими? Тўғри, ҳар ким ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Лекин инсонларда ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш лозим. Шундагина оғриқли нуқталаримизни эпидемияга айлантиришдан узоқроқ бўламиз. Одам тана билан бошланса-да, тана билан тугамайди” дейди у.

Кўп хотинли бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади”

Севара Ўринбоева, Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи:

  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ кўп хотинли бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шунингдек, бундай хабарларнинг тарқалиши қонун ҳужжатларига нисбатан ҳурматсизлик бўлиши билан бирга аҳоли ўртасида худди шундай ҳурматсизлик кайфиятининг уйғонишига, бу орқали фуқароларнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончининг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин.

Бизнинг сўровнома

Ижтимоий тармоқлар бугун биз учун ҳар эшикни очадиган калит вазифасини бажармоқда. Бу калитдан қандай эшик очишимизга қараб, савиямиз белгиланади. Биз ҳам ана шу асосий қуролимиздан фойдаланган ҳолда сўровнома ўтказдик. Сўровномамизда иштирок этганларнинг 60%и кўпхотинликка қарши. Қолган 40% эса динда хотин кўпайтириш “суннат” эканлигини биладиганлардир.

Айни шу мавзуда айрим дин вакилларининг маърузаларида ҳам сўнгги йилларда маслаҳат сўраб келадиганларнинг саволи ҳам қўшхотинликни сўрашдан иборат бўлиб қолгани ҳақида маълумотлар берилади. Аммо ушбу ҳолатларнинг янада оғриқлиси айнан кўпхотинлик борасида танланаётган номзодларнинг 4 фарзанди билан ёлғиз қолган бева аёлларга эмас, ёш қизларни 2-хотинликка танлаётганидир.

Динимиз ҳақидаги маълумотларда Пайғамбаримиз бева, тул, моддий тарафлама муҳтож ааёлларни никоҳига олганлиги ҳақида келтирилган. Хулоса ўзингиздан.

Гулшаной АЛИЖОНОВА

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+