Чет элга қай мақсадда “суриш” керак: ўқишми, ишми ёки саёҳат?

Сўнгги вақтларда эса “суриш” керак ибораси ҳам оммалашгани сир эмас. Ўқишми, ишлашми ёки саёҳат фарқи йўқ, муҳими “суриш” кераклигини таъкидлайдиганлар ҳам кам эмас.

Жамият
27 июль 2023 йил
Чет элга қай мақсадда “суриш” керак: ўқишми, ишми ёки саёҳат?

8 йил мобайнида Туркияда яшаб, олий таълимнинг бакалавр ва магистр босқичларини тамомлаб, Ўзбекистонга қайтган юртдошимиз ҳаёт тажрибалари билан бўлишди.

Умрида чет элга боришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Биримиз ўқиш, биримиз ишлаш, яна бошқа биримиз саёҳат қилиш учун хаёлимизда қайсидир битта, ҳатто бир нечта чет давлатни режалаштириб қўйганимиз аниқ. Ҳатто орамизда Америка орзусида “Грин кард” ўйнаб кўрганлар ҳам бўлса ажаб эмас. Бундан ташқари, шу кунларда турк тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатни қўлга киритиб, Туркияга кетаётган ёшлар ҳам кўпаймоқда.

Сўнгги вақтларда эса “суриш” керак ибораси ҳам оммалашгани сир эмас. Ўқишми, ишлашми ёки саёҳат фарқи йўқ, муҳими “суриш” кераклигини таъкидлайдиганлар ҳам кам эмас.

Хўп, “суриш” керак дедик ҳам, лекин қаерга? Ёшлар орасида кимдир ўқишнинг магистратура босқичини бошқа давлатда ўқишини, яна биров ишлаш учун кетишини, айримлар саёҳат учун бир бор бўлса-да, чет давлатга чиқишини айтади.  Ҳатто, орамизда бакалаврни ҳам қайтадан чет давлатда ўқишни ва юқорида айтганимиздек, “суриб” қайтиб келмасликни ўйлаганлар ҳам бор. Бироқ, “барибир “ўз уйинг ўлан тўшагинг”, бундан ташқари, “Тошкентнинг донини еган чумчуқ, Маккадан ҳам қайтиб келади” деган нақллар бор”лигини шиор қилиб олганлар ҳам талайгина. Шундай экан, “ўзи бошқа давлатга нима мақсадда бориш керак: ўқиш, ишлаш ёки саёҳат учунми? Бошқа давлатга боришнинг қандай афзалликлари бор? Биз шу мавзу доирасида 8 йил мобайнида Туркияда яшаб, олий таълимнинг бакалавр ва магистр босқичларини тамомлаб, Ўзбекистонга қайтган юртдошимиз Зебо Фазлиддинова билан суҳбатлашдик.

– Нима деб ўйлайсиз,  ўзи ҳаётимизда чет давлатга чиқиш қанчалик муҳим? Четга чиқиш керакми ўзи?

Албатта, керак. Мисол учун, сиз чет эл ҳақида кино кўришингиз, китоб ўқишингиз, ҳамма фикрга эга бўлишингиз мумкин. Лекин бориб кўрмагансиз. Бу нима дегани, мен сизга сариқ рангни бу сариқ, ҳар тарафлама сариқ дейишим, сиз сариқлигини ўқиган бўлишингиз мумкин. Лекин ўз кўзингиз билан кўрмагансиз. Айтмоқчи бўлганим, имкониятингиз бўладиган бўлса, қайси давлат бўлишидан қатъий назар, чет давлатга чиқинг. Сиз ўша ерга бориб қайтиб келганингиздан кейин ҳозирги ўзингиз бўлмайсиз. Дунёқарашингиз, фикрлашингиз ўзгаради. Ҳаётнинг чегаралардан иборат эмаслигини, асли жуда кенглигини кўрасиз. Давлатларни алмаштириб туриш, инсонга барибир фойдали бўлади, деб ўйлайман. Масалан, мен Туркияда ўқишга қарор қилиб, 2014 йил октябр ойида кетган бўлсам, ўша пайтда 17 ёки 18 ёшда эдим. Шу ёшгача ҳеч қаерга чиқмаган қиз бошқа бир давлатга бир ўзим кетганман. Туркияга борганимда, самолётдан тушишим билан денгиз ҳавоси билан юзлашганман. Истанбул ҳавоси жудаям тоза эди. Шуни ўзидаёқ тушунганман, саёҳатларнинг қанчалик фойдалилигини.

Сизнингча, чет давлатга нима учун борган маъқул: ўқиш учунми, ишлаш ёки саёҳат учун?

– Чет элга ўқиш, ишлаш, саёҳат қилиш – ҳаммаси учун бориш керак. Лекин, агар сизнинг ёшингиз ўқиш учун етарли, яъни талаба ёшида бўлсангиз, биринчи ўринда таҳсил олиш учун борган маъқул. Масалан, Туркиянинг барча вилоятларида чет эллик бўлсангиз ҳам талабаларга имкониятлар қилиб берилади. Турк ватандошларига қандай имкониятлар берилса, чет элликларга ҳам шундай афзалликлар яратиб берилади. Ҳар хил ёрдамлар беришади, грандлар ажратишади. Энди ишлаш учун бориш керакми, деган саволингизга келсак, ҳа, ишлаш учун ҳам кетиш керак, албатта, ишлашга лаёқатли бўлсангиз. Мисол учун, Туркияда тикувчилик фабрикалари, тиббиётда иш жуда кўп. Чунки бу соҳалар ривожланган дейишимиз мумкин. Бундан ташқари, чет давлатга ишлаш учун бориш, тажриба алмашиши учун ҳам жуда қўл келади. Масалан, мен Туркияда қанчадир муддат ҳам ўқиб, ҳам ишлаганман. Ҳозир Ўзбекистонда олий таълим муассасида ўқитувчилик қилар эканман, Туркиядаги таълим тизимини қўллашга ҳаракат қиламан. Яъни талабаларимга бирор сабаб бўлиб дарсга келмагани учун имтиҳон натижаларига “3” қўйиб, “4” қўйиб ўтказиб юбора олмайман. Неча баҳо олишса шуни қўйиб бераман. Менинг бу ҳаракатларим миллатимиз учун бир қадам бўлади, деб ўйлайман.

Саёҳат қилиш учун… Сиз бирор чет давлатга чиқмоқчисиз ва қаерга боришни ўйлаб бошингиз қотаётган бўлса, аввал танловингизни маданияти, тили, дини яқинлигига эътибор қилинг. Кейин қонун-қоидалари билан ҳам танишиб олиш фойдадан холи эмас. Чунки умуман нотаниш давлат сизни ҳайратга солиши мумкин, аммо қийинчиликлар туғдириши ҳам шубҳасиз. Кейинги сафар эса саёҳатингизни айнан қизиқишларингизга ва ўзингиз маълум бир маълумотлардан бохабар бўлган давлатларга йўналтирсангиз, фойдадан холи бўлмайди. Чунки сиз боришни мақсад қилган давлат ҳақидаги тушунчаларингиз кўзингиз билан кўрган ҳақиқатларни тўлақонли идрок қилишингизга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда, чет давлатга чиқиш учун у ёки бу турдаги имконият бўлса, чекинманг. Ахир бежизга юрган дарё, ўтирган бўйра, дейишмайди.

Одинахон ДЕҲҚОНОВА

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+