Ўзбекистонда гуруч қимматлашиб кетадими? Расмий жавоб берилди
2022 йилда Республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган.

Тармоқда Ҳиндистон Ўзбекистонга гуруч экспортини тўхтатгани ва ушбу маҳсулот қимматлашиб кетиши бўйича хабарлар тарқалди.
Қишлоҳ хўжалиги вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат эълон қилди.
Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонларда шоли экиб, етиштирилади. Республика шароитида йилига аҳоли жон бошига ўртача 9,8 кг.дан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни Ўзбекистон аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади, дейилади вазирлик хабарида.
Республика ҳудудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилди. Бу кўрсаткич гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни, аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).
Таҳлилларга кўра 2022 йилда Республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.
Жумладан, Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7 фоиз), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3 фоиз), Таиланддан 599 тонна (1,1 фоиз), Туркиядан 265 тонна (0,5 фоиз) ва Хиндистондан 126 тонна (0,2 фоиз) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02 фоиз) гуруч импоти амалга оширилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда хулоса қилсак сўнгги 5 йилда Ҳиндистондан жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос.
Жорий йилда Ҳиндистондан бошқа мамлакатларга гуруч экспортининг тўхтатилиши Ўзбекистон Республикасига ўз таъсирини кўрсатмайди.
Маълумот ўрнида, Ҳиндистон гуруч экспорти дунёда 1-ўринда бўлиб, умумий жаҳон экспортининг 36,8 фоизини ташкил қилади, асосий экспорт Aфрика давлатлари (7,1 млн тн), Хитой (2118 минг тн), Эрон (1245 минг тн), Саудия Aрабистони (1012 минг тн) ва бошқа давлатлар ҳисобланади.
