platina.uz

Ўзбекистонда авж олаётган “хавфли хўжайин”

"10 млн. сўм ютқазганимда онам йиғлаб туриб, “шу мақсадда фарзанд ўстирганмидим?” – деган эди. Ушбу гап ҳали-ҳамон қулоғимда жаранглайди”, – дейди исмини ошкор этишимизни хоҳламаган иштирокчи. 

Мақола
21 июль 2023 йил
Ўзбекистонда авж олаётган “хавфли хўжайин”

Бугунги кунда одамларни тез жалб қиладиган нарса бу – пул. “Хавфли хўжайин” айнан шу тузоқ билан ўзбекистонликларни домига тортмоқда.

Норвегиялик сиёсатчи, Нобел тинчлик мукофоти лауреати Кристиан Лоус Лангенинг эътирофича, “Технология – фойдали хизматкор, аммо хавфли хўжайиндир”. Бу иқтибосни мавзу бошида бежиз келтирмадик.

Сўнгги икки ойда нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам авж олган онлайн ўйин ҳақида қандай маълумотларга эгасиз? Интернет ўйинларидан оз бўлса-да, хабардор бўлган инсон “Метаго” каби онлайн ўйинларга ихсослашган сайтлар молиявий пирамида усулида фаолият олиб боришини билиши керак. Аммо хабардорлиги бўлмаган ва таниш-билиши, дўстлари орқали эшитганлар бу тузоққа тушгач, оқибатда ҳатто ўз жонига қасд қилишгача бораётганига ҳам гувоҳ бўлдик.

Онлайн ўйинлар: найрангларни очиқлаймиз

Онлайн ўйинга ихтисослашган сайтлар тўлайдиган фоизига қараб: 1 ойдан 5 ойгача фаолият олиб бориши мумкин. У режалаштирган маблағни қўлга киритгандан сўнг, сайт бутунлай ёпилади. Ушбу жараён молиявий пирамида деб аталади. Қанча кам фоиз тўласа, сайт фаолияти шунча кўпроқ давом этади, чунки қўлга киритмоқчи бўлган суммаси фоизига қараб кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин.

Онлайн ўйинларга қизиқадиган инсонлар бир ишни бошлашдан аввал у платформа ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши керак эмасми?

Дейлик, айни шундай онлайн ўйинларга ихтисослашган “Метаго” сайти ҳақидаги маълумотларда 2017 йилдан бери фаолият олиб бориши ҳақида ёзилган. Лицензияда Колорадо штатида Этан Жон Аллан номи билан 2017 йил 17 майда рўйхатдан ўтилгани кўрсатилган. Лекин лицензиянинг ҳақиқийлигини текширмоқчи бўлсангиз, “тизимда хатолик” деган ёзувга дуч келасиз. Ростдан ҳам 2017 йилда очилганми-йўқми? Бу савол жавобини астойдил билишга уринсангиз, 2022 йил август ойида фаолиятини бошлаганини билиб олишингиз мумкин. Илова эса 2022 йил декабр ойида плеймаркетга жойланган. Лекин одамлар бошқа бир дўстларини таклиф қилаётганларида 1 йил, ҳатто 2-3 йилдан бери ушбу онлайн ўйинни ўйнаб келаётганини айтади. Бу гапларга сўзсиз ишонадиган содда одамлар тузоққа тушади. Март ойида иловани 10 минг киши ўрнатган эди. 1 ойдан сўнг эса бу кўрсаткич 100 мингни ташкил этган. Шунча фойдаланувчидан бирортаси илованинг қачон жойланганини ҳам текшириб кўрмагани ачинарли ҳолат, албатта.

Энг нозик тузоқ – бу пул!

Бугунги кунда одамларни тез жалб қиладиган нарса бу – пул. Бу сайт ҳам айни шу қизиқишларни ўзига “қопқон” қилиб олган дейиш мумкин. Аммо таклиф қилаётган фоизи ҳақиқатдан йироқ. Чунки оддий бизнесларда ҳам йиллик даромад 30-35% ни ташкил қилади. Ушбу платформа эса йилига 50-60% даромад беришни ваъда қилган. Мантиқан ўйлаб қараганда, нега банк ходимлари, катта бизнесменлар бу каби ўйинларга инвестиция киритмайди? Ҳеч қандай меҳнат қилмасдан фойда кўриш кимга ёқмайди дейсиз?!

Айбдор бўлишингиз ҳеч гапмас!

Ўзбекистонда криптовалюта активларини сақлаш, уларнинг айланмаси билан шуғулланиш тақиқланади. Ушбу сайт электрон криптовалютада савдо қилиш, яъни тўловларни онлайн амалга оширишни йўлга қўйган. Бу интернет орқали тўланган маблағларни кузатиш имкониятига эга эмассиз, дегани. Чунки сайт блокланиб кетганда ҳам сиз бирор идорага бориб шикоят қилолмайсиз. Агар мурожаат қилган тақдирингизда ҳам ноқонуний фаолият билан шуғулланганликда айбланасиз.

Жиноят кодексининг 177-моддасида криптавалюта активларини ёки биткоинни қонунга хилоф равишда сотиб олиш ва ўтказиш, 190-моддасида эса лицензиясиз, яъни рухсат берувчи ҳужжатисиз ёки билдиришнома юбормасдан фаолият олиб борганлар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида ёзилган.

Трейдер фош этган ҳақиқатлар

“Трейдерларга маблағ ўтказаётганда жуда ҳам ҳушёр бўлиши керак. Инсонларда медиасаводхонлик, фактчекинг даражаси анча паст. Трейдерларга энг кўпи билан 40 000$ пул ўтказганлар кейинроқ мутахассисларга юзланишади. Улар сохта аккаунт, лохотрон, мощенник” (таҳр изоҳи: фирибгар)ларга катта маблағ ўтказган бўлишади. Сохта аккаунт эканини тушунтиришга ҳаракат қилсангиз, нима у “лохотрон” дейди. Одамлар пешона териси билан йиллаб йиғган пулини нимага сарфлаб қўяётганини билмаяпти. Платформалар ҳақида, трейдерлар ҳақида маълумотга эга бўлмай туриб пул ўтказишади” – дейди трейдер Исмоилов.

Оддий халқнинг нозик томонидан фойдаланиб...

Онлайн ўйинлар, турли платформаларнинг найрангини қандай аниқлаш мумкин?

Биринчидан, бирор вазифа бажартириш орқали пул тўлаши. Бунга мисол қилиб Степн кроссовкаларини келтириш мумкин. Кунига қанчадир километр пиёда юрса, югурса, дўстларини таклиф қилса, маблағ тўлашни ваъда қилган ўйинларга ишониб бўлмайди. Улар нега бундай осон йўллардан фойдаланишади? Чунки бу каби оддий шартларни барча қила олиши мумкин. Оддий халқ бунга сўзсиз ишонади. Бу потенциал аудиториянинг кўпайишини таъминлайди. Аудитория қанча кўп бўлса, молиявий пирамида, яъни режалаштирилган маблағ шунча тез йиғилади.

Иккинчидан, фойдаланувчиларга даража қўйиш. “Метаго”да масалан, $50дан бошланган энг оддийдан “вип” тарифигача белгилаб қўйгани бу лохотрон эканининг яна бир исботидир.

Учинчидан, ҳар бир таклиф қилган дўстингизга пул қўшиб бериши. Фойдаланувчиларнинг сонини ошириш, кўпроқ инсонларни жалб қилиш онлайн платформаларнинг асосий мақсади. Биринчи ўйнашни бошлаган одамларга пулини вақтида фоизи билан қайтаради. Бу бор-йўғи 1 ой давом этади, холос. Ушбу вақтда ўйнаб омади келиб қолганлар ўйинни ижтимоий тармоқларда ҳар хил видеолар, контентлар орқали ёрита бошлайди. Одамлар ушбу видеони кўргандан сўнг ишонади, текшириб кўрмайди, ҳатто қандай текшириш кераклигини ҳам билмайди. Сайтлар аввалига, молиявий пирамида шаклида йиғилаётган маблағлардан бирини дўпписини бошқасига кийдириш билан шуғулланиб келади. Режадаги сумма тўплангандан кейин ҳамма маблағни бирданига ечиб олади. Айнан шу вақтда кичик дўппи ҳеч кимнинг бошига сиғмай қолади. Яъни ҳеч ким ўтказган пулини қайтариб ололмайди. Сайт блоклангандан сўнг у илова ҳам, у ҳақидаги маълумотлар ҳам узоғи уч кун ичида бутунлай ўчириб ташланади. Метаго ва шу каби онлайн ўйинларга ишониб, бир йиллик даромадини, ҳатто баъзилар фарзандининг операцияси учун йиғаётган пулини тикиб алданиб қоляпти. Катта маблағ йўқотган қанчадан-қанча юртдошларимиз ўз жонига қасд қилгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас.

Ҳар гал пул инсондан афзалми? Шунинг учун ҳам ўзини ўлдирадими, деймиз-у, нега одамлар бу даражада ишоняпти? Нега текшириб кўрмайди? Нега у ҳақида маълумотга эга бўлмай туриб катта инвестиция киритиб қўяди? Мана шундай алдовларга, турли найрангларга учмаслик, инсонларда медиасаводхонлик даражасини ошириш, фактчекинг ўтказиш кўникмасини ҳосил қилиш вақти келмадимикан? Қачонгача одамлар қаллоблик ва фирибгарлик пойдеворига қурилган онлайн ўйинларга қайта ва қайта ишонаверади? Бунинг натижасида суициднинг сўнгги йилларда юқори даражага чиқиб қолгани инсонларни хавотирга солмаяптими?

Онлайн ўйиндан “оғзи куйган”лар нима дейди?

Онлайн ўйинга қизиқиб, яъни кўпроқ даромад олишига ишониб ўйнаган инсонлар билан суҳбатлашганимизда, платформа ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги, бири дўстидан, бошқаси эса қариндошидан эшитиб, пул ўтказгани аниқланди. Катта маблағ йўқотган юртдошларимизнинг баъзилари ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани, аксарият оилаларда катта жанжал бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Ҳаттоки, Метаго онлайн ўйини блокланган кун хавфсизлик тизими ходимлари бозор ва дўконлардан арқонларни йиғиштириб, олиб қўйган вазиятлар ҳам бўлгани айтилмоқда. Бу ҳам етмагандек банкдан кредит олиб, ўйинга ютқазиб юборган ҳамюртларимиз у қарзини неча йиллаб узади? Бу каби саволларнинг жавоби ҳали-ҳамон очиқлигича қолмоқда…

1хбет 2-3-йиллар аввал юртимизда энг оммалашган ўйинлардан бири бўлган. Ушбу ўйин туфайли кўплаб инсонлар жонига қасд қилган ва юзлаб гўдаклар тирик етимга айланган.

Биз ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказиб инсонлар фикрини ўрганганимизда, бир марта ютқазгандан сўнг нега яна қайта ушбу онлайн ўйинни ўйнагани сабабини билишга уриндик.

“Мен 1хбетни талабалик вақтимда илк бор ўйнагандим. Аввалига 100-200 минг сўм ютганман, кейин эса бирин-кетин мағлуб бўла бошладим. Ўйинга тиккан пулларимни қайтариб олиш мақсадида яна ўйнайвердим. Натижада, 10 млн. сўмдан ортиқ маблағни қўлдан бой бердим. Кўз олдимда ота-онам мўлтираб турган ҳолатда гавдаланаверди, шунда ўйин ўйнашдан воз кечдим. Инсон зоти нафсининг қули бўлади. Меҳнат қилиб пул топишдан кўра, 2-3 соатда ётиб пул ишлашни афзал кўради. Бир дўстим 1хбет ўйинига жуда ҳам ўрганиб қолди. Бошида арзимаган пул ютиб борган сари каттароқ сумма ютқазаверди. Ота-онаси контрактини тўлаш учун берган бор пулнинг ҳаммасини ўйинга тикиб юборди. 23 млн. сўм қарзга ботди. Шунга қарамай, унда ўйнашга иштиёқ яна ҳам кучайди. Худди барча пулларини қайтариб оладигандек, ўйнайверди. Танишларидан, курсдошларидан “тишимни даволатишим учун пул керак эди, ҳозир қийналиб турибман” – дея кўпчиликдан қарз олди. Натижа эса ҳамон ўша-ўша. Ҳозир эсласам, юрагим орқага тортади. Ҳаёти изидан чиқиб кетай, деди. Уни ҳар гал кўрганимда вақтида ўйнашни тўхтатганимга шукур қилардим. Жонига қасд қилиш даражасига етиб келганди, яхши ҳамки, ота-онаси вақтида хабар топди ва яна бир хатодан қайтариб қолишди. Бу воқеадан сўнг қандай онлайн ўйинлар чиқса, ҳамма ўйнаб кўр, деб қизиқтирмоқчи бўлса ҳам, анча узоқ турадиган бўлганман. Чунки 10 млн. сўм ютқазганимда онам йиғлаб туриб, “шу мақсадда фарзанд ўстирганмидим?” – деган эди. Ушбу гап ҳали-ҳамон қулоғимда жаранглайди”, – дейди исмини ошкор этишимизни хоҳламаган ўйин иштирокчиси.

Ўзбекистонда бунга қарши қандай ечим бор?

Миллионерлар ҳам режалаштириб, фойда-зараригача тахминий ҳисоб-китоб қилиб, кейин бир ишни бошлайди. Бу мақолани ёзишдан мақсад юртимиз аҳолисини, яъни онлайн ўйинларга алданиб қолаётган юртдошларимизни реал ҳақиқатдан хабардор қилиш.

Бизнингча, инсонларнинг медиасаводхонлик ва фактчекингга оид билимларини ошириш ҳамда юртимизда онлайн ўйинларни ҳатто “впн” билан кира олмайдиган қилиб блоклаш – масаланинг ечими бўла олади. Аммо Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик марказига бу масалада мурожаат қилганимизда, аниқ бир нарса деёлмасликларини билдиришди. Улар ҳеч нарса деёлмаса, оддий аҳоли нима дея олади?..

Гулшаной Алижонова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+