АҚШ Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатдан ҳамон хавотирда
Дипломатик идора ҳисоботда бир қанча устувор тавсияларни эълон қилган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ўзбекистонга оид одам савдоси бўйича ҳисоботни тақдим этди.
Унда айтилишича, "ҳукумат бу борада муҳим саъйи-ҳаракатларлари амалга оширмоқда, аммо муаммога барҳам бериш стандартларга ҳали жавоб бера олмайди.
Пахта бўйича мажбурий меҳнат тақиқланган бўлсада, айрим амалдорларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати бу соҳада муаммолар сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда".
Дипломатик идора ҳисоботда бир қанча устувор тавсияларни эълон қилган: жумладан одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам берувчи ННТлар сонини кўпайтириш, уларни очиш ва юритишни енгиллаштириш, муаммо бўйича тренингларни кўпайтириш, мустақил кузатувчиларга пахта териш жараёнини кузатиш имконини бериш, муаммо ҳақида ёзган фаоллар ва журналистларни таъқиб қилмаслик, пахта ва ипакчилик соҳасида меҳнат шартномаларини жиддий текшириш.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси бўйича 2021 йилда 172 та тергов ҳусусида маълумот берган. 2022 йилда 35та мансабдор меҳнат қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка тортилган, бу рақам 65тани ташкил қилган.
Элчихона шунингдек, хориждаги меҳнат муҳожирлари аҳволига ҳам эътибор қаратган.
"Ҳукумат меҳнат муҳожирлари, шу жумладан одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. 2021 йил уларга 1,38 миллион доллар ажратилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 3,46 миллион долларни ташкил этди.
2022 йилда Россияда 20, Туркия ва Қозоғистонда 4 тадан миграция марказлари очилди. Улар мигрантларни барча томонлама қўллаб-қувватлайди" дейилади ҳисоботда.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан бошлаб мажбурий меҳнат бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарори билан фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш тақиқланди.
Маъмурий тартибда меҳнатга жалб қилганлик учун жарима миқдори оширилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра, мазкур қоидабузарлик учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 дан 100 бараваригачани ташкил этади. 2019 йилда ушбу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 дан 3 бараваригачани ташкил этар эди.
Бундан ташқари, маъмурий тартибда меҳнатга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Янги Конституциянинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган бўлиб, мажбурий меҳнат, қонунда кўрсатилган ҳоллардан ташқари тақиқлангани мустаҳкамланган.